Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Музораба ҳақида маълумот беринг! 25.08.2015

Савол:

Ассаламу алейкум ва рохматуллоҳи ва баракотуҳ Устоз! Сизни кўриб маърузаларингизни, тиловатларингизни соғинган мухлис Дониёрман. Олдингизга бориб вақтингизни олмаслик мақсадида э-маил орқали савол бермоқчиман. Мен бир яҳши танишим билан шерикчиликда иш бошламоқчи булиб турибман. Илмим етмагандан Ҳадис ва Ҳаёт 11-жузини олиб ўқидим. Аммо охиригача тушунмадим. Бизнинг шерикчилик у китобнинг 191-бетида Музораба ширкатига туғри келяпти. Сармоячи танишим бўлса, ишни юрғазиш ман томондан бўляпти. Музораба шартларида тушган фойда келишувга асосан бўлинади. Зарар эса мол эгасига булиб, ишни қилган меҳнатига зарар қилган булади деб ёзилган.
Туғилган савол шундан иборат:

1. Фойда қайси вақтдан бошлаб булинади. Тиккан сармояси тўлиқ қоплангачми?

2.Ман ишчи ёки шерик сифатида иш юритиш бошлангач тикилган сармоя қопланмагунча қандайдир хақ олишим керакми ёки келишилган фоиз миқдорича фақат дивидент оламанми?

3.Мани мақомим ишчи буладими ёки шерик? Биз шерикчилик деб атаётгандик.

4.Сармоядор танишим иш юритишга қанчалик аралашиши мумкин? Таклифларимга
бирга маслаҳатлашган холда қарор қабул қилиняпти.

5. Агар охирги қарорни сармоячи чиқарса шерикчилик музораба шаклидан бошқа
шаклга утмайдими?

6.Дуо қилинг: бошлаган ишимиз дунё ва охиратимиз учун оқибати ҳайрли бўлсин?!

Иккала дунёда Аллоҳ мартабангизни энг юксак мақомларга кўтарсин, Омин! Жавобингиз учун олдиндан рахмат!

Булим Муомалотлар
4759
Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ! Аллоҳ таоло бошлаган ишингизга барака бериб, дунёю охиратда кўп хайрларга васила бўлсин! Ҳа, дарҳақиқат музораба ширкати бир томон пул тикиб, иккинчи томон уни айлантириш асосида амалга ошириладиган битим ҳисобланади. Пул тиккан одам раббул-мол яъни сармоя эгаси дейилса, уни айлантириб иш юритувчи музориб (музорабачи) деб аталади. Мазкур битим сармоя эгаси билан музорабачи ўртасида омонатдорлик, ишонч ва шаффофликни тақозо қилади. Шу боис ҳам фиқҳий китобларимизда “музорабачининг қўли омонат қўлидир” дейилган. Яъни музорабачи ўзига топширилган молни худди ўз молидек асрабавайлаб, унга зарарча хиёнат қилмасдан ҳамда онгли равишда иш юритиши лозим. Агар шунда ҳам яъни музорабачидан бирор камчилик ёки бепарволик содир этилмаган ҳолатда сармояга зарар етса, юқорида ўзингиз ҳам айтганингиздек, сармоя эгаси пулига, иш юритувчи эса ишига куяди. Аммо, музорабачининг айби билан, унинг бепарволиги оқибатида зарарга кирилса, кўрилган зарарга музорабачи жавоб бериши керак.

     Музораба шартномаси келишилаётган вақтда ўртада фойда миқдори ҳам келишиб олиниши керак. Масалан, ўртада фойда ярим-ярим ёки мол эгаси фойданинг 75 фоизини олса, иш юритувчи 25 фоизини олади ва ҳоказо тартибда келишув бўлиши керак. Бордию бу масалаад ҳеч қандай келишувсиз, сармоя эгаси музорабачига пулни бериб юборса, ва музорабачи уни айлантирса, унда ҳамма бу фосид келишув бўлади ва ҳамма фойда сармоя эгасиники бўлиб ҳисобланади, бироқ, музорабачига ажри мисл беради. Ажри мисл бу худди шунга ўхшаш иш қилган одамга яъни масалан вакилга пул эгаси қанча миқдорда ойлик маош берса, ўшанча миқдорда маошга ҳақдор бўлади. Музорабада фойда миқдори келишилганда сўнг иш бошланса, ва сармоя бир марта айланиб чиқса, фойда келишув асосида тақсимланаверади. Сармоянинг тўлиқ қопланиши кутиб ўтирилмайди. Чунки, сармоя мисол учун бирор молга тикилган бўлса, мол ҳолатида бўлса ҳам мавжуд. Йўқолиб кетмаган. Агар бордию сармоя тўлиқ қопланса, у ҳолда мазкур сармоя фойда бўлиб ҳисобланади ва унда иш юритувчининг ҳиссаси мавжуд бўлади. Масалан, дейликки, мол эгаси бирор тижоратга музорабачи орқали ўн миллион сўм тикди. Фойдани ўртада ярим-ярим қиламиз деб келишди. Кейин фойдани мол эгаси ўзи олаверди ва ўн миллион сўм қопланди. Шунда ўз-ўзидан сармояда қолган ўн миллионнинг ярми музорабачининг ҳиссаси яъни ҳаққи бўлиб қолади ва иш музораба кўринишидан ширкат кўринишига ўтиб қолади. Шундай бўлмаслиги учун одатда музорабада доим сармоячининг пули айланади ва эришилган фойда келишилган миқдор асосида тақсимланади. Агар ҳали мол айланиб улгурмасдан музориб ёки мол эгаси ўртадаги пулдан олиб ишлатса, унинг миқдори қайд қилиб борилади ва охирида ҳисоб-китоб пайтида оладиган фойдасидан айириб юборилади. Лекин бу ҳам мол эгасининг рухсати билан амалга ошиши лозим.

     Музорабачи ишчи эмас шерик мақомида бўлади. Баъзи олимлар музорабачини ҳам шерик, ҳам вакил, ҳам омонатдор мақомида дейдилар. Шериклиги фойдага шериклиги жиҳатидан. Вакиллиги эса пулни бемалол айлантириб, иш юритиши жиҳатидан, омонатдорлиги эса унга мол омонат қилиб топширилганлиги жиҳатидандир. Музораба мутлақ ва муқайяд турларга бўлинади. Мутлақ турида мол эгаси музорибга “мана бу пулни айлантирингда фойдаси мана бунчадан тақсимланади”, деб пулни топширади ва уни қайси ишда айлантириш, қайси шаҳарда айлантириш ва ҳоказоларни музорабачига ҳавола қилади. Музорабанинг муқайяд турида эса сармоячи қайси ишда айлантиришни, қайси жойда айлантиришни ва ҳоказоларни белгилаб беради. Ёки фақат фалончидан мол олиб, фалончига сотасан, каби шартларни қўяди. Мол эгаси музорабанинг мазкур турига кўра аралашиши мумкин. Аммо, бу бошида шартнома тузиш асносида келишиб олиниши керак. Токи, тушунмовчилик юзага келмаслиги учун. Валлоҳу аълам.
    Ҳар қандай шерикчилик ишида омонатдорлик бўлса, Аллоҳ у ишга барака беради. Агар нохолислик ва хиёнат аралашса, баракадан маҳрум бўлади ва ундай иш узоққа бормайди. Шу боис бошлаган ишингизга Аллоҳдан барака тилаш билан бир қаторда бирбирингизга нисбатан вафодорлик, очиқлик ва самимият насиб бўлишини сўраб қоламиз.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217154
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Музораба ҳақида маълумот беринг! 25.08.2015

Ассаламу алейкум ва рохматуллоҳи ва баракотуҳ Устоз! Сизни кўриб маърузаларингизни, тиловатларингизни соғинган мухлис Дониёрман. Олдингизга бориб вақтингизни олмаслик мақсадида э-маил орқали савол бермоқчиман. Мен бир яҳши танишим билан шерикчиликда иш бошламоқчи булиб турибман. Илмим етмагандан Ҳадис ва Ҳаёт 11-жузини олиб ўқидим. Аммо охиригача тушунмадим. Бизнинг шерикчилик у китобнинг 191-бетида Музораба ширкатига туғри келяпти. Сармоячи танишим бўлса, ишни юрғазиш ман томондан бўляпти. Музораба шартларида тушган фойда келишувга асосан бўлинади. Зарар эса мол эгасига булиб, ишни қилган меҳнатига зарар қилган булади деб ёзилган. Туғилган савол шундан иборат: 1. Фойда қайси вақтдан бошлаб булинади. Тиккан сармояси тўлиқ қоплангачми? 2.Ман ишчи ёки шерик сифатида иш юритиш бошлангач тикилган сармоя қопланмагунча қандайдир хақ олишим керакми ёки келишилган фоиз миқдорича фақат дивидент оламанми? 3.Мани мақомим ишчи буладими ёки шерик? Биз шерикчилик деб атаётгандик. 4.Сармоядор танишим иш юритишга қанчалик аралашиши мумкин? Таклифларимга бирга маслаҳатлашган холда қарор қабул қилиняпти. 5. Агар охирги қарорни сармоячи чиқарса шерикчилик музораба шаклидан бошқа шаклга утмайдими? 6.Дуо қилинг: бошлаган ишимиз дунё ва охиратимиз учун оқибати ҳайрли бўлсин?! Иккала дунёда Аллоҳ мартабангизни энг юксак мақомларга кўтарсин, Омин!Жавобингиз учун олдиндан рахмат!

4759