Одоб-ахлоқ, насл-насаб ва ҳақгўйлик ҳақида ҳикматлар
23.7.2017 34336

 

 

أَدَبُ الْمَرْءِ خَيْرٌ مِنْ ذَهَبِهِ

Киши одоби – унинг олтинидан яхшироқдир.

Ўзбек тилидаги муқобил шакллари:

Одоб – олтиндан қиммат

* * *

Одоб бозорда сотилмас

Инсон учун чиройли одоб, хулқ ва яхши тарбия олтиндан, ҳар қанча бойликдан ҳам қадрли, устун ва афзалдир. Чунки, бойлик билан ҳам топилмайдиган нарсалар хушхулқлик, чиройли муомала билан топилиши мумкин. Бойлик асосан инсоннинг ўзига фойда берса, чиройли одоб билан киши барчага манфаат етказади. Бойлик билан беркитиб бўлмайдиган баъзи айб-камчиликлар чиройли одоб, хулқ-атвор билан ёпилиши мумкин. Шу жиҳатдан одоб-ахлоқ бойликдан бир неча марта устун туради.  Бу ҳақда Алишер Навоий “Назмул Жавоҳир”да шундай ёзади:

Олтин-кумуш этма давлат кунидин,

Ким, тортар адаб улусни меҳнат кунидин.

Гар йўқтур адаб, не суд олтун унидин,

Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.

 

أَلأَدَبُ مَالٌ وَ اسْتِعْمَالُهُ كَمَالٌ

Одоб – бойлик , уни ҳаётда қўллашга – комилликдир.

Чиройли одоб, ҳусни хулқ инсонга берилган энг катта неъматлардан биридир. Чиройли одобга эга бўлган одам ўша хулқидан ишлата билиши, яъни одамлар билан яхши муомала қилиши, очиқ кўнгил, меҳрибон, ўз навбатида, ақлли, уддабурон бўлиши ва бошқа сифатларни кўрсата билиши комиллик, етуклик белгиси ҳисобланади. “Сизлар одамларни мол-дунёларингиз билан мамнун қила олмайсизлар, балки очиқ юз ва яхши хулқларингиз билан миннатдор қилишларингиз мумкин”, - дейилади ҳадисда ҳам.

 

حُسْنُ الأَدَبِ يَسْتُرُ قُبْحَ النَّسَبِ

Чиройли одоб насабдаги камчиликларни беркитади

Чиройли одоб кишининг кўрки, жамолидир. Хулқи чиройли инсон одамлар орасида ҳурмат-эътибор қозонади, шунингдек, унинг баъзи бир камчиликлари бўлиши табиий ҳол. Шунда унинг чиройли хулқи ўша айб-нуқсонларни ёпиб юборади. Масалан, бир одам қиёфа жиҳатидан хунукроқ ёки бирон ерида нуқсони бўлиб, аммо ўзи очиқ кўнгил, хушмуомала, меҳрибон бўлса, одамлар унинг ўша камчиликларига эътибор ҳам бермайдилар. Улар учун ўша нуқсон йўқдек бўлиб кўринади.

 

مَنْ سَاءَ أَدَبُهُ ضَاعَ نَسَبُهُ

Кимнинг одоби ёмонлашса, насаби бузилади

Одоб – кишининг ким эканлигини яққол намоён қиладиган белгидир. Одобсиз киши инсонийлик қиёфасини йўқотиши муқаррар. Минг насл-насаби улуғ бўлса ҳам, агар унинг одоб-ахлоқи ёмон бўлса, фойда бермайди. Чунки, олий насабнинг тагида ҳам одоб-ахлоқ ётади. Ҳеч қачон насаб бойлик билан ўлчанмайди.

 

أَلْكَلاَمُ الطَّيِّبُ يُنْخِى

Ширин сўз (қалбни) юмшатади.

Халқда “Инсон – ширин сўзнинг гадоси” деган нақл бор. Ҳақиқатан ширин сўз инсон қалбини юмшатади, уни ғазабдан мулойимликка, қаҳрдан меҳр сари торта бошлайди.          Ширин сўз билан қанчадан-қанча уришиб қолганлар бир-бирларини кечирадилар. Шу биргина ширин сўз туфайли йиллаб амалга ошмай юрган ишлар битади. Шу биргина ширин сўз туфайли икки миллат бир-бири билан ошно тутилади, душманлар ўзаро оға-инига айланадилар. Демак, ширин сўзнинг қуввати кучли, ширин муомаласи билан киши кўпгина нарсаларга эришар экан.

 

وَ قَالَ بَعْضُ الحُكَمَاءِ لابْنِهِ: يَا بُنَىَّ تَعَلَّمْ حُسْنَ الإِسْتِمَاعِ كَمَا تَتَعَلَّمُ حُسْنَ الْحَدِيثَ

Донишмандлардан бири ўз ўғлига шундай насиҳат қилди: “Эй ўғлим, чиройли сўзлашни ўрганганинг каби чиройли тинглашни ҳам ўрган!”.

Бу ерда донишманд ўғлига одамлар билан суҳбатлашиш одобини таълим бермоқда. Ана ўша одобларнинг энг аҳамиятлиси, бу – чиройли тинглаш, бошқаларга қулоқ солишни ўрганишдир. Инсон суҳбат чоғида нафақат гапириш, балки тинглашни ҳам билиши керак. Фақат гапириш, одамларни ўз оғзига қаратишни хоҳлаш ва ўзгаларни писанд қилмай уларга қулоқ солмаслик – мутакаббирлик белгисидир. Суҳбат чоғида кишилар навбат билан гапириб, бошқалар жим қулоқ солсалар, бундай мажлис манфаатли бўлади. Ушбу насиҳат, айниқса, илм толибилар учун аҳамиятлидир. Улар ўз устозларини чиройли тинглашни ўргансалар, илм манфаатли бўлади ва дарсни яхши ўзлаштирадилар. Албатта, чиройли тинглай билиш учун кишидан мутавозелик ва сабр-тоқат талаб этилади.

 

ضِحْكٌ مِنْ غَيْرِ سَبَبٍ قِلَّةُ أَدَبٍ

Сабабсиз кулги – одобсизлик.

Агар кулгига бирон сабаб бўлса, бундай кулги ўринли ҳисобланади. Бесабаб, ҳар нарсага кулавериш одобсизликдан бошқа нарса эмас. Ҳаётда ҳар нарса ўз ўрнида бўлгани маъқул, шунингдек, кулги ҳам. Агар киши сабабсиз кулаверадиган бўлса, аввало, кишилар ўртасида одобсиз, деб саналади, шунингдек, унинг субути бўлмайди, обрў-эътибори пасаяди. Хуллас, ўринсиз кўп кулиш яхши эмас.

 

لاَ تَكُنْ ضَاحِكًا مِنْ غَيْرِ عَجَبٍ وَ لاَ تَكُنْ مَاشِيًا مِنْ غَيْرِ أَدَبٍ

Сабабсиз кулгувчи, одобсиз юрувчи бўлма!

Бу ерда ҳам кишини  одобсизликдан қайтариб, яхши хулқ билан сифатланишга чақирилмоқда. Ўша одобсизликлар ичида: сабабсиз кулиш ва одобсиз юриш таъкидланмоқда. Бу дегани, кўча-кўйда, одамлар орасида ўзингни тутиб юр, бесабаб кулма, кўчада кетаётганингда ҳар кимга озор бериб, ёмон ишларни қилмагин, деганидир. Бу иккиси кўча ҳақларидан саналади.

 

وَعْدُ الْكَرِيمِ دَيْنٌ

Улуғ кишининг ваъдаси  қарз кабидир.

Ўзбек тилидаги муқобил шакли:

Улуғ киши ваъдасида ёлғон йўқ

Маълумки, қарз вақти-муддати етганда узилиши шарт бўлган омонатдир. Ваъданинг бажарилиш мажбурияти ҳам бундан кам эмас. Ваъдага ҳар ким турлича, эътиқод даражаси, шахсияти ва субутидан келиб чиққан ҳолда ёндашади. Аммо, чин инсон, ҳақиқий мўмин одам бировга берган ваъдасини бажаришликни ўзи учун лозимлик даражасида, ҳаттоки қарз сифатида қабул қилади. Бундай кишилар берган ваъдасини ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилади. Агар бирон сабаб бўлиб ваъдасини адо этолмай қолса, кейинроқ бўлса ҳам, ўшани ўз елкасидан соқит қилади. Албатта, бу хислат ҳам юксак одоб-ахлоқ белгисидир.

 

يَفْتَخِرُ النَّاسُ بِالْمَالِ وَ الْنَسَبِ وَ إِنَّمَا فَخْرُنَا بِالْعِلْمِ وَ الأَدَبِ

Одамлар бойлик ва насл-насаблари билан фахрланадилар,

аслида фахримиз илм ва одоб биландир.

Бирон нарса билан мақтаниш, фахр-ифтихор инсон табиатига хос нарса, лекин ҳамма нарса ҳам фахрланишга лойиқмикан?

Кўпчилик инсонлар мол-дунёлари, бойликлари кўплиги ёки насабларининг улуғлиги билан фахрланадилар. Бу нарсалар аслида инсон учун фахр бўла олмайди. Чунки буларнинг бари ўткинчи, бу нарса инсон қадрини белгилаб берадиган мезон бўла олмайди. Инсон, энг аввало, илм олиб, одобли бўлиб, одамларга яхшилик қилишга ҳаракат қилиши керак, шунда уни бошқалар хуш кўради ва мақтайди, гарчи ўзи фахрланмаса-да. Киши учун энг катта фахр, бу – илм ва одобдир. Бу иккисидан-да юксак фазилат бўлиши мумкин эмас.

 

نُصْرَةُ الحَقِّ شَرَفُ وَ نُصْرَةُ الْبَاطِلِ سَرَفُ

Ҳақиқат тарафдори бўлиш – шараф, ноҳақлик тарафдори

бўлиш эса – ҳаддан ошишлик.

Доимо адолатли бўлиш ва адолат тарафида туриш кишига манфаат олиб келади, чунки ҳақиқат йўли кишини муваффақият сари олиб бориши аниқ. Ҳақиқат тарафдори бўлиш орқали уобрў-эътибор, ҳурмат-эҳтиром орттиради ва дунёда ҳеч кимдан тили қисиқ бўлмайди. Адолатсизлик эса, бунинг акси. Киши ҳаддидан ошгани, ўзини ёқотиб қўйгани туфайлигина адолат мезонидан ўтиши мумкин. Адолат чизиғи киши учун зарар ва фойдани ажратиб турувчи бир чегара ҳисобланиб,бу чегарадан ўтиш киши бошига кўплаб мусибатларни олиб келади. Буни ҳис қилиш учун инсон ҳар ишни қилаётганида унинг натижасини ўйлаб қадам ташласа, кифоя.

 

Одилхон Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 137574
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

21440