Масжид ҳақида

 

 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Маннон Уйғур кўчаси 378 - уйда жойлашган

"Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди ҳақида

 МАЪЛУМОТ

 

"Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди Маннон Уйғур кўчаси 378-уйда жойлашган бўлиб, "Кўкча" маҳалласи ҳудудидадир.

 

"Шайх Зайниддин ота" қабристони ва масжид тахминан 700 йиллик тарихга эга. Профессор Омонулла Файзуллаевнинг Шайх Зайниддин бобонинг тарихини ўрганиш бўйича хулосасига қараганда, у зотнинг тўлиқ номи Шайх Зайниддин Кўйи Орифони Тошкандий ибн Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий бўлиб, 1164 йилда туғилган ва 1259 йилда 95 ёшида вафот этган.

 

Отаси Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Сухравардий Ироқ мамлакатининг Хоразмшоҳ давлатидаги элчиси бўлиб, 25 йил хизмат қилган.

 

Шайх Зайниддин бобо шу даврда Хоразмдан Тошкентга келиб қолган. Шайх Зайниддин бобо Тошкентга яқинлашганида, шаҳарнинг Кўкча дарвозасидан бир неча чақирим нарида туя тўхтаб чўкади. Шайх Зайниддин бобонинг масканига айланган ушбу жой, кейинчалик, Кўкча даҳасига айланади ва Орифон қишлоғи пайдо бўлади. Сўнгра бу ерда Ҳазрати Шайх Зайниддин бобо дафн этилиб, "Шайх Зайниддин бобо" қабристонига айланади. Қабристон Тошкентнинг ғарбий қисмида. Майдони 8 - 9 га. Бу қабристон 19 - асрда шаҳардаги энг йирик қабристонлардан бири бўлган.

 

Ўша даврда у ерда фақат чиллахона ва ҳужралар, кейинчалик масжид қурилган. У зотнинг ўлимидан 132 йил кейин Соҳибқирон Амир Темурнинг Шайх Зайниддин бобо қабри зиёрати натижасида ул зотга ихлос ва ҳурмат кўрсатиб мақбара қурдирган. Мақбара шу кунгача бир неча бор таъмирланган.

 

Мақбаранинг орқа томонида "Чиллахона" – саккиз томонли, юқориси гумбаз сифатли бино қад кўтариб турибди. Салоҳиддин ибн Алоиддин Тошкандийнинг "Темурнома" китобида шундай дейилади: "Амир Соҳибқирон Туркистон ичра қабри шарифларга марқад кўтариб, иморати олий қуриб, қанча ерларни вақф қилиб, андин кейин яна Ҳазрат Зайниддин Кўйи Орифонга Кайковус сувидан наҳри азим чиқариб, қул - чўри бирла назр этиб, қабрлари узра гумбаз кўтариб, андин кейин Занги отани муборак қабрларини бино қилдилар".

 

"Сирли олам" журналининг 1998 йил август сонида Қаҳрамон Назаров томонидан эълон қилинган "Шайх Зайниддин Кўйи Орифон ҳазратлари" ва "Тошкент оқшоми"газетасининг 1998 йил сентябрь сонида Профессор Омонулла Файзуллаев томонидан эълон қилинган "Шайх Зайниддин бобо Тошкандий ҳақида" мақолалари билан танишган киши Шайх Зайниддин бобонинг нафақат тариқат муршиди, балки фалакиёт илмининг билимдони ва ер ости йўли қурилишининг муҳандиси эканлиги ҳақида ҳам тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш мумкин.

 

Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасига қарашли "Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди "Шайх Зайниддин" мақбараси ёнида жойлашгани учун, масжид 1943 йилда очилгандан буён шу ном билан аталади. Халқ тилида "Кўкча", жомеъ "Шайх Зайниддин бува" номлари билан юритилади. Масжид ёнида 40 - ўрта мактаб, "Кўкча" қабристони, 8 - трамвай ва 53, 46 - автобусларнинг "Кўкча"бекати жойлашган. Масжиднинг қадимий биноси 19 - асрнинг охирида қурилгани, масжид ҳовлисидан ўтган анҳор сувининг таъсири ва Тошкент зилзиласининг оқибатида яроқсиз ҳолга келгани учун масжид жамоаси уни қайта қуриш учун 1994 йил Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдилар.

 

Тошкент шаҳар ҳокимининг 19.10.1995 й. 739 -  ф сонли фармойиши билан масжид қурилиши учун 0,45 г, автомашиналар учун 0,30 г. ер ажратилган. Масжид биноси 199 - 1997 йилларда Маккалик юртдошларимизнинг ҳадя маблағи ҳисобидан мустақиллик шарофати билан янги замонавий бино сифатида бутунлай қайта қурилган.

 

Минора гумбазли, масжид биноси 6000 намозхонга мўлжалланган бўлиб, икки ёни икки қаватли хонақоҳ, ертўла, ромли айвон, таҳоратхона, талабалар учун ётоқхона, ошхона, мутавалли ва имомлар хонасидан иборат. Таҳоратхонада иссиқ, совуқ сув мавжуд, канализация уланган. Хонақоҳга ўрнатилган махсус ускуна воситаси билан ёзда салқин, қишда эса иссиқ бўлади.Масжид 04.08.1998 йил № 2 рақам билан қайта рўйхатдан ўтган.

 

Мустақиллигимизнинг 20 йиллик байрами арафасида масжид биносининг ички қисми капитал таъмирдан чиқарилди. Таъмир жараёнида масжид интерьери учун хос бўлган хаттотлик санъати, ганч ва ёғоч ўймакорлик ишлари кенг қўлланилди.

 

 

 

 

Абдукаримов Хусниддин Тожидинович

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди бош имом-хатиби

 

 

 

ИСТИҚЛОЛ ТУҲФАСИ

  

    Кўпни кўрган нуроний отахонлару дуоларда мўл бўлган ҳалимгина момоларнинг гувохлиги ҳақиқатки, “кеча ва бугун” орасидаги тарихимиз келажак авлодларга армуғон бўлcа ажаб эмас. Тарихни бугунги кун билан қиёслаб фикр юритиш Аллоҳга шукр қилишга ундайдиган хулосадир. Бу эса, бугуннинг ютуғи ҳақида кўплаб гапирса арзийди, деганидир. Собиқ иттифоқ даврида мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу қарилар эмин эркин ибодатларини адо этишлари қаёқда эди. Мустақилликка эришувимиз сабабли кўп соҳаларда ижобий ўзгаришлар бўлгани каби дин соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришилди.

     Диний таълим муассасалари фаолиятига катта эътибор берилди. Диний адабиётлар, журналлар нашри ва диний - маърифий кўрсатувларнинг мунтазам олиб борилиши, шунингдек таъмирга мухтож ёки ёроқсиз ҳолатга келган масжид биноларини таъмирлаш ёки қайтадан қуришга имтиёзлар берилди. Алломаларимиз, ўтмишда ўтган азиз авлиёлар мақбаралари бугунги кунда таъмирланиб, кўркам ҳолатга келтирилди. Жумладан “Шайх Зайниддин бува” мақбараси ва шу ном билан юритиладиган жомеъ масжиди ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

    Масжиднинг қадимий биноси XIX асрнинг охирида қурилган. Мустақилликкача бўлган давр мобайнида бир неча марта қайта таъмирланиб, фаолият юритиб келган. Кейинги йилларда хонақоҳ жуда аянчли аҳволга келиб қолгани, зилзила ва ёмғир сувлари таъсирида бино деворларида ёриқлар пайдо бўлган эди.

     1995-1997 йилларда “Шайх Зайниддин бува” масжиди биноси бутунлай қайта қурилди. Кўкка бўй чўзиб турадиган осмонўпар минора ва маҳобатли гумбазни бошида кўтариб турган кўркам хонақоҳ қуриб битказилди. Масжид биноси 6000 намозхонга мўлжалланган бўлиб, икки қаноти икки қаватли хонақоҳ, ромли айвон, таҳоратхона, ошхона, мутавалли ва имом-хатиб хонасидан иборат бир қанча қулайликлар яратилди.

      Кўкча дахасидан ўтган киши улуғвор қуббаю осмонўпар минорага бир нигоҳ ташлайди. Бу иккисининг ёнма - ён туришини кўрган киши улуғворлик ва поклик инсониятнинг қон томирида борлигини англайди ва улар сари интилади. Ҳақиқатан ҳам масжид - хонақох поклик рамзи бўлиб келган. Бундай рамзлар юртимизнинг кўплаб жойларида учрайди. Шаҳримизнинг Кўкча даҳасидаги бу иншоотнинг айнан “Шайх Зайниддин бува” номи билан аталиши бежиз эмаски, ёнгинасида жойлашган маҳобатли мақбаранинг тарих ҳақида сўйлаши, Шайх Зайниддин бува қабрини иҳота қилиб турганидан дарак беради. Унинг атрофидаги қабристон эса, бу валий зотга Аллоҳ берган нурдан бахра олмоққа шайдек гўё.

    Шайх Зайниддин буванинг отаси бағдодлик машҳур сўфий, суҳравардия тариқатининг раҳнамоларидан саналган шайх Шаҳобиддин Суҳравардий (1145 - 1235) бўлган. Тарихдан маълумки, шайх Шаҳобиддин 1215 йили Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига Бағдод халифаси Носирнинг (1180 - 1225) элчиси сифатида келган. Шайх Зайниддин отаси таълимотини Тошкентда кенг тарғиб этган. Уни шайх Зайниддин Куйи Орифоний деб улуғлашади. Унинг вафотидан сўнг, қабри зиёратгоҳга айланиб, атрофи Орифон деб ном олган қишлоққа айланган (ХШ аср). XIV асрнинг 90 - йилларида Амир Темур Тошкентда бўлганида қабр устига мақбара қурдирган. XVI асрда унинг атрофида Орифон маҳалласи бунёд этилган бўлиб, у шаҳар ташқарисида жойлашган. Бу маҳалла XIX асрда Шайх Зайниддин бува, кейинчалик Кўкча деб ном олган. Бу атама “Кохча”, яъни “Қалъача” сўзидан келиб чиққан бўлиб VI - XI - аср археологик ёдгорлиги билан боғлиқ Кўкча Оқтепага нисбатан айтилган.

    Кўкча аҳолиси, асосан, кўнчилик билан шуғулланган. Архив маълумотларига кўра, 1871 йилда даҳадаги 695 устахонадан 341 таси кўнтери, 218 таси косибчилик устахонаси бўлган. Кўкчада 7 та хумдон, 22 та тегирмон, 22 та обжувоз, 34 та мактаб, 4 та мадраса (Эшон Бўрихўжа Сақичмоний, Шукурхон, Ҳофиз Кўҳакий, Шарафибой), 60 та масжид, 14 та қадамжо - мозорлар (Лангар ота, Яланғоч ота, Ваққос ота, Қўйчи мозор ва ҳ.к.) бўлиб, шундан энг машҳури Шайх Зайниддин бува мақбараси ҳисобланади.

     Истиқлолимиз шарофати билан бу мақбара ва масжиднинг бугунги кундаги маҳобати нафақат юртимиздан балки, дунёнинг турли ўлкаларидан келган меҳмонларнинг ҳам диққат эътиборини тортмоқда.

 

                                                                                                                      

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 229178
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 101247
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 51191
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 49399
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

25686