Закотни масжидга берса бўладими? 12.06.2016
Савол:Ассалому алайкум, устоз! Закот ва фитр садақасини масжиддаги закот йиғувчиларга берса бўладими? Улар, биз уни ҳақдорларга берамиз, деб айтишади. Агар закот масжидга берилсаю, уни масжид ҳаражатларига ишлатиб юборилса, бунинг ҳукми қандай?
Булим Муомалотлар7380
Ва алайкум ассалом! Агар сиз ҳақдорларни топиб, закот ва фитр садақасини ўз қўлингиз билан берсангиз, яхши. Агар топа олмасангиз, закот йиғиш ва тарқатиш ишлари йўлга қўйилганбирон масжидга берсангиз ҳам бўлади. Сабаби ҳозирги даврда масжидга кўплаб одамлар келиб, закот олишга навбат ёздириб қўймоқдалар. Сиз берган закот ўша кишиларга берилади. Аммо закот ва фитр садақасини сиз ўз қўлингиз билан энг ҳақдор, деб билган одамга берганингиз маъқул.
Закотни масжид ҳаражатлари, умуман масжид қуриш каби ишларга сарфлаш мумкин эмас. Сабаби масжидга бой ҳам, камбағал ҳам келади. Умумий қоидага кўра, бой киши закотдан фойдаланиши жоизмас. Закот масжид ҳаражатларига ишлатилса, бадавлат киши ўзи билмаган ҳолда закотдан фойдаланган бўлади. Шу сабаб закотни камбағал ва бошқа ҳақдорларга бериш матлубдир. Валлоҳу аълам!