Энг умидбахш оят
“(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи мағфиратли ва раҳмлидир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтинглар ва Унга бўйин сунинглар!” (Зумар, 53-54).
Мазкур оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, бу оят ўзларининг зарарига иш (гуноҳ) қилишда ҳаддан ошган мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Улар жоҳилият даврида қилиб ўтган гуноҳларисабабидан имонлари ҳам, солиҳ амаллари ҳам мақбул бўлмайди, деб қўрқардилар.
Баъзи муфассирларга кўра, оят мусулмон бўлишни хоҳлайдиган, лекин тавбаси қабул бўлишидан қўрққан Ваҳший ибн Ҳарб ҳақида тушган. Ривоятларга кўра, бу оят тушгач, Ваҳший мусулмон бўлган. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом): “Бу оят фақат Ваҳшийга тегишлими ёки барча мусулмонларга умумийми?” деб сўралганида у зот: “Йўқ, бутун мусулмонларга тегишли”, деб жавоб берганлар (Фахриддин Розий тафсири).
Яна бошқа уламолар бу оят гуноҳи кабира қилганлар дўзахийлардир, дейдиган қавм ҳақида нозил бўлганини айтишади. Аллоҳ таоло бу ояти билан ўзи хоҳлаган кишисининг барча гуноҳларини кечириб юборишини билдирмоқда. Ояти карима қандай сабаб билан тушган бўлмасин, айни пайтда у осий-гуноҳкорларнинг тавбасига тегишли эканига шубҳа йўқдир. Демак, “Шубҳасизки, Аллоҳ ўзига шерик қўшганларниннг гуноҳини кечирмайди” (Нисо, 48) оятидаги қатъий ҳукм тавба қилмаган бандалар хусусидадир.
Аллоҳ таоло: “Бандаларим” деб марҳамат қилмоқда. Оятнинг давомида “Менинг раҳматимдан ноумид бўлмангиз” дейиши ҳам мумкин эди. Аммо У зот: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз”, деди. Чунки “Аллоҳ” У зотнинг гўзал исмларидан энг улуғидир. Энди ана шундай улуғ исмга нисбат берилган раҳмат ва иноят ҳам шу исмга яраша буюк бўлиши керак. Шунингдек, Раббимиз гуноҳларни кечириши баёнида ҳам Ўзининг “Аллоҳ” исми жалилини зикр қилмоқда. Бу эса, раҳмат дарёси кенг, мағфират уммони чексизлигининг яна бир далилидир.
Оят матнида келган “исроф” мол-дунёни беҳуда совуриш маъносида машҳур бўлса ҳам, аслида, ҳар қандай ишда ҳаддан ошишни англатади. Мазкур оятда эса бу сўз жиноят, гуноҳ маъносида келмоқда. Яъни, гуноҳда ҳаддан ошиб, ўз нафсларига қарши жиноят қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умидингизни узманг, ноумид бўлманг, дейилмоқда.
Бу оят Қуръондаги энг умидбахш оят экани айтилади. Жумладан, ҳазрати Савбондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Менга дунё ва ундаги нарсалардан кўра шу оят суюклироқдир”, деб юқоридаги оятни ўқидилар. Шунда бир одам: “Эй Аллоҳнинг расули, ширк қилган кимса ҳам (кечирилади)ми?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир муддат жим қолдилар. Сўнг: “Огоҳ бўлинг, ширк келтирган ҳам”, дея уч марта такрорладилар. Лекин бу мағфират, бу афвнинг шарти имон келтиришва гуноҳларига чин дилдан надомат қилиб, уни такрор этмасликдир.
“Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур”. Ҳа, Аллоҳ таоло хоҳлаган кишисидан барча гуноҳларни кечиб юборади. Нақадар умидбахш оят! Аммо шу ўринда бир нарсага диққат қилиш лозим: умид бор, лекин бу яна гуноҳлар қилсам мумкин экан, дегани эмас,билъакс, энг кўп гуноҳ қилган кишилар ҳам имкон қадар тезроқ тавба қилиб, Ҳаққа юзланишлари керак, деганидир. Бу маъно мазкур оятнинг ортиданоқ келган икки оятда очиқ-равшан баён қилинган.
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, агар гуноҳ қилсангиз, гуноҳингиз ер билан осмонгача бўлиб кетса ҳам, тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло кечиради.Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасам, агар сиз гуноҳ қилмаганингизда Аллоҳ таоло гуноҳ қиладиган бир қавмни келтириб қўярди. Сўнг улар мағфират сўрардилар. Аллоҳ уларни мағфират қиларди (Аҳмад ривояти).
“Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтинглар ва Унга бўйин сунинглар!” Яъни, эй инсонлар, тавба қилиб Парвардигорингизга юзланинг, буюрганларига итоат этиб, Унга қайтинг! Унинг яккалигини тасдиқлаб, фақатгина Ўзига ибодат этиш ҳақидаги даъватини қабул қилинг. Инкорингиз сабабли азоб келиб сизларни тутмасидан илгари Унга итоат этинг, бўйсунинг. Акс ҳолда, бирор бир ёрдамчи ва мададкор келадиган азобдан сизни ҳимоя қилолмайди.
Бандамиз, бинобарин, баъзида беихтиёр хатолар қиламиз, гуноҳ ишларга қўл уриб қўямиз. Зикр қилинган оят-ҳадисларнинг маъносича, биз ана шу қилган ишларимизга чин дилдан пушаймон бўлиб, қайта қилмаслик ҳақида Парвардигоримизга сўз бериб, тавба қилсак, раҳмати ғазабидан устун Меҳрибон Раббимиз кечириб юбориши мумкин экан. Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ бериб, тавба йўлимизни осон қилсин ва раҳматига дохил айласин. Омин!
Ибн Касир, Қуртубий, Табарий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.
“Ирфон” тақвимининг 2014 йил 2-сонидан олинди.