Ассалому алейкум
Мавзу:

Исломда ижтимоий табақаланиш борми? 19.07.2016

Савол:

Ассалому алайкум ҳурматли Устоз Одилхон қори Юнусхон ўғли. Одамлар орасида эшон, қорача, тўра ва яна шунга ўхшаш гаплар, оддийроқ қилиб айтса "табақалар" бор. Шундай ҳолат бўладики улар оддий одамларга қиз бермайди ва қиз ҳам олмайди. Бу қанчалик тўғри? Бу гапларга асос борми? Умуман бу динда қандай аҳамиятга эга? Нега одамлар бундай нарсаларга ҳамон эътибор қилишади.

Булим Ақида
9000
Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Шариатда насл-насаб билан фахрланишдан, одам ажратишдан қайтарилган. Аслида банда қалбидаги имони, қилаётган солиҳ амаллари, чиройли одоб-ахлоқи муҳим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ сизларнинг (ташқи) кўринишингизга ҳам, бойликларингизга ҳам қарамайди, қалбингизга ва амалингизга қарайди” (Муслим, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан – ривоят қилган).
     Исломда оқсуяк, қорача, олий тоифали, паст даражали деган нарсалар йўқ. Бандаларнинг ҳаммаси бир. Уларнинг бой-камбағаллиги, чиройли-хунуклиги, аслзода ёки таги “паст”лиги аҳамиятга эга эмас. Ота-боболари билан мақтаниш, насл-насаби билан ғурурга кетиш жоҳилиятга оид иллатлардан биридир.
     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қавмлар ота-боболари билан фахрланишни бас қиладилар. Зеро, улар жаҳаннам кўмиридирлар ёки Аллоҳ наздида бурни билан ахлат титадиган гўнг қўнғизидан ҳам хорроқ бўладилар. Албатта Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги кибрни, ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Албатта, у тақволи мўмин ёки бахтсиз фожирдир. Одамларнинг барчаси Одамнинг ўғилларидир. Одам эса тупроқдан яратилган” (Термизий ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан). Бу ерда ота-боболари билан, насл-насабининг “тоза”лиги, таг-тугли эканини пеш қилиб кибрланадиган кимсаларга раддия берилмоқда, бундай ишлар жоҳилият одатларидан экани таъкидланмоқда.
     Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилинган саҳиҳ санадли ҳадисда: “Жоҳилият даврида ўтиб кетган ота-боболарингиз билан фахрланманглар!..” дейилган (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривоят қилган).
    Бизда ҳалиям ота-боболар билан мақтаниш иллати сақланиб қолган. Ўтмишда яшаб ўтган аждодларни тилга олиб, уларнинг авлоди экани билан мақтанимиз, Бухорий авлодимиз, деймиз, бироқ битта ҳадисни ёдлашга, унинг маъноларини қунт билан ўрганишга ҳафсала қилмаймиз. Замахшарий авлодимиз, бизнинг бобомиз арабларга ўзининг тилини ўргатган деб оғиз кўпиртирамиз-у, бироқ араб ҳарфларини билмаймиз, алифбодан хабаримиз йўқ. Ибн Сино бизнинг юртдан чиққан, медицина мадади синодан олинган, деб айтамиз-у, лекин халқ табобатидан сабоқ олишга, ҳамма учун муҳим бўлган илк тиббий илмларни эгаллашга ҳам қунт қилмаймиз.
     Ота-боболар билан мақтанишдан ҳеч қандай наф йўқ. Агар биз улуғ аждодларимиз изидан юрсак, улар каби илмга қаттиқ киришиб, тараққиётга озми-кўпми ҳисса қўшсак, ана шунда аждодларга муносиб ворис саналамиз.
     Аллоҳ таоло башариятнинг отаси – Одам алайҳиссаломни тупроқдан, Одамнинг жуфти Ҳаввони эса унинг қовурғасидан яратган. Ҳамма одамнинг зуваласи бир жойдан олинган. Ҳар бир инсон оддий тупроқдан яратилган. Бири тупроқдан, иккинчиси олтиндан, бошқаси кумушдан халқ қилинмаган. Асли тупроқ бўлган хилқатнинг кибрланиши, мақтанчоқлик қилиши дуруст эмас. Одам тупроқдан яратилган, инсониятнинг асли – отаси бир экан, улар ўзаро ака-ука, опа-сингил эканлар, манманликнинг нима кераги бор. Зеро, қадр-қиймат бойлик, мансаб, насл-насаб ёки чиройда эмас, имон-эътиқодда, тақводадир. Совчиликда ҳам бу мезон асосий ўринда туриши керак. Ҳадиси шарифда қизнинг имонига эътибор беришга чақирилган. Шунда оила мустаҳкам бўлади.
     Саҳобалар даврида ҳам асосан имонга, ихлосга эътибор берилган. Дин-диёнатдан узоқлашиш, ихлоснинг йўқолиши оқибатида мана шундай мақтанчоқлик, одам ажратиш, насл-насабини пеш қилиш каби ҳолатлар бошланган (етти аждодини сўраб-суриштириш, наслида бирон касаллик бор-йўқлиги билан қизиқишнинг йўриғи бошқа). Унутмайлик: кишининг насл-насаби, бойлиги, обрў-эътибори ёки чиройи бахт келтирмайди. Саодатга элтувчи бирдан-бир восита, бу – имон-эътиқод, покиза қалб ва чиройли хулқ!
     Хуллас, Исломда эшон эшон билан, хўжа хўжа билан қуда бўлиши керак, олий тоифалар оддий халқ билан қуда-анда бўлмайди, деган гап йўқ. Никоҳда келин-куёвнинг имон-эътиқодда, одоб-ахлоққа, қолаверса, касб-ҳунар ва шу каби жиҳатларда бир-бирига муносиб эканига қаралади. Келин-куёв ўзаро мос бўлса, уларнинг қайси табақага мансублигининг аҳамияти йўқ. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218683
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98124
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47149
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45573
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Исломда ижтимоий табақаланиш борми? 19.07.2016

Ассалому алайкум ҳурматли Устоз Одилхон қори Юнусхон ўғли. Одамлар орасида эшон, қорача, тўра ва яна шунга ўхшаш гаплар, оддийроқ қилиб айтса "табақалар" бор. Шундай ҳолат бўладики улар оддий одамларга қиз бермайди ва қиз ҳам олмайди. Бу қанчалик тўғри? Бу гапларга асос борми? Умуман бу динда қандай аҳамиятга эга? Нега одамлар бундай нарсаларга ҳамон эътибор қилишади.

9000