Ассалому алейкум
Мавзу:

Кўз тегишига қарши нима қилиш мумкин? 07.02.2017

Савол:

Ассалому алайкум! Ишларингиз яхшими? Бир савол бор, жавоби учун олдиндан раҳмат! Бир қўшним бор. Ўзи яхши одам, аммо кўзи тегиб қолади. Уйдаги чорваларга ва бошқа нарсаларга кўп зиёни тегаяпти. Жаҳли чиқсаям, хурсанд бўлсаям шунчаки гапирсаям бирор зиёни тегади. Бунга қарши нима чора кўрса бўлади?

Булим Ақида
15777
Жавоб:

      Ва алайкум ассалом. Кўз тегиши деганда, ҳасад билан қараш оқибатида юзага келадиган зарар назарда тутилади. Душман ёки ҳасадгўй одам бирон кишига ёки нарсага суқланиб қараса, унга зиён етиши эҳтимоли бор.
        Ислом эътиқодига кўра, кўз тегиши ҳақиқат. Бу нарса ҳатто кишининг ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Маълумки, кўз тегиши ҳасад ва ичиқоралик оқибатида пайдо бўлади. Сеҳр ва иссиқ-совуқ каби нарсалар бандага зарар етказиши рост. Бу тажрибада ўз исботини топган. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ: “Кўз тегиши ва унинг таъсири Аллоҳ азза ва жалланинг амри билан ҳақдир”, деган (Манба: “Тафсиру ибни касир”).
    Биз қуйида кўз тегишидан сақланиш йўллари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Зеро, касални даволагандан кўра унинг олдини олиш осонроқ. Демак, кўз тегишидан сақланиш йўллари:

 

1. Кўз тегиши хавфи бор кишилардан неъматни яшириш.
Ўзига берилган неъматни одамларга кўз-кўз қилавериш ҳам маъқул эмас. Айниқса, бировнинг ютуқғини кўролмайдиган, “кўзи” ўткир кимсаларга бундай неъматларни кўрсатмаган яхши. Зеро, уларнинг битта ёмон назари билан эришилган ютуқ қўлдан чиқиши мумкин.

 

2. Фотиҳа сураси ва Оятул курсийни ўқиш.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар банда бирон уйда Фотиҳа сураси ва Оятул курсийни ўқиса, ўша куни уларга инсон ва жиннинг кўзи тегмайди” (Дайламий ривоят қилган).
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳа (сураси) ҳар қандай дардга шифодир”, деганлар (Доримий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
Фотиҳа сураси маънавий иллатларга барҳам беради. Фотиҳани ўқиган инсон Аллоҳдан ўзгага сиғинишдан, ожиз нарсалардан мадад сўрашдан қутулади. Қолаверса, бу сура танадаги айрим касалликларни даволайди, кўз тегишига, чаён чақишига шифо бўлади. Беморларга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солинса, Аллоҳнинг изни билан катта фойдаси тегади.
     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир”, деганлар (Ҳоким ривоят қилган, “Бу – саҳиҳ санадли ҳадис, лекин икки шайх ривоят қилмаган”, деган).
   Кечаси ухлашдан олдин Оятул курсийни ўқиган одамга Аллоҳ тарафидан бир фаришта юборилади. Шундан кейин бандага жин ҳам, шайтон ҳам яқинлашолмайди. Мўмин киши Оятул курсийни ўқиб ётса, кечаси мириқиб ухлайди, қўрқинчли тушлар кўрмайди, кўнгилдагидек дам олади. Натижада одамнинг ишида ҳам унум бўлади.
   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимда-ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул курсийни ўқиса, келаси намозгача Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади” (Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган).

 

3. Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оила аъзоларидан биронтаси касал бўлиб қолса, муаввизот билан дам солардилар. Вафот этишларидан олдин бетоб бўлиб қолганларида, мен у зотга дам солардим, қўллари билан ўзларини силардим. Чунки у зотнинг қўллари меникидан баракалироқ эди” (Муслим ривоят қилган).
   Расули акрам алайҳиссалом Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқиб, ўзларига ва оила аъзоларига дам солардилар. Агар касал бўлсалар, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз Қуръон ўқиб, у зотга дам солганлар.
    Расулуллоҳ алайҳиссалом айрим дуоларни ўқиб, инс-жинлар кўзидан паноҳ сўраб юрардилар. Фалақ ва Нос сураси тушганидан кейин, шу иккисини ўқишни одат қилганлар, бошқасини тарк этганлар. Шунингдек, у зот сеҳрланганларида Фалақ ва Нос суралари билан шифо топганлар. Бундан чиқди, ёмонликларда паноҳ сўрашда Фалақ ва Нос сураларига тенг келадигани йўқ. Мана шу икки сурани ўқиб юрган одамга – Аллоҳнинг изни билан – ҳеч қандай шикаст-бало яқин йўламайди.

 

4. Кўз тегишидан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилиш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога шайтон васвасасидан ва ёмон кўздан паноҳ сўраб дуо қилардилар, “Отангиз Иброҳим бу дуо билан Исмоил ва Исҳоққа паноҳ сўрарди”, деб айтардилар (Бухорий ривоят қилган).
   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига кўра, бирон мусулмон банда биродарига ёки ўзида бирон неъматни кўрса, унга барака тилайди.
   Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар биронтангиз биродарида ёки ўзида ёки молида ажойиб нарсани кўрса, унга барака сўрасин. Зеро, кўз (тегиши) ҳақдир”, деганлар” (Аҳмад ривоят қилган).
   Мўмин-мусулмон киши биродарида ёки ўзида бирон неъматни кўрганида, “Ё Аллоҳ! Бу неъматга барака бер!” деб дуо қилса, ёмон кўздан, назар-нафасдан йироқ бўлади, унга зарар етмайди. Бошқа ривоятларда келишича, бундай ҳолатда “Маашаааллоҳу лаа қуввата иллаа биллааҳ”, деб айтилади.

 

Хулоса қиладиган бўлсак:

 

1. Инсонга одамлар ва жинлар кўзи тегади.

 

2. Кўз тегишидан ҳимояланиш учун, аввало, Аллоҳ таоло берган неъматлар шукри адо этилади, улар билан мақтанчоқлик қилинмайди, имкон қадар кўпчиликдан – тўғри маънода – беркитилади, неъматни кўз-кўз қилинавермайди.

 

3. Фотиҳа, Оятул курсий, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқиш – Аллоҳнинг изни билан – бандани кўз тегишидан асрайди.

 

4. Агар киши ўзида ёки биродарида ажойиб, кўзни қувнатувчи неъматни кўрса, унга барака тилайди, ёмон кўзлардан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилади.

Манба: “Қуръон – қалблар шифоси” китоби

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 81217
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Кўз тегишига қарши нима қилиш мумкин? 07.02.2017

Ассалому алайкум! Ишларингиз яхшими? Бир савол бор, жавоби учун олдиндан раҳмат! Бир қўшним бор. Ўзи яхши одам, аммо кўзи тегиб қолади. Уйдаги чорваларга ва бошқа нарсаларга кўп зиёни тегаяпти. Жаҳли чиқсаям, хурсанд бўлсаям шунчаки гапирсаям бирор зиёни тегади. Бунга қарши нима чора кўрса бўлади?

15777