Ассалому алейкум
Мавзу:

Дажжол қачон чиқади? 08.10.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Ижтимоий тармоқларда бир кўз билан туғилган бола кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Яъни, дажжол туғилганини айтишмоқда. Маълумки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом, дажжол бир кўзли, жингалак сочли эканини айтганлар. Бир ҳадис келтиришибди. Унда айтилишича, қачон Маккаи мукаррамада қон тўкилса, ўша йили дажжол келаркан. Саволим шундай: бу борада уламолар фикри қандай? Шу ҳақида маълумот берсангиз!

Булим Ақида
9294
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг катта аломатларидан биридир. Дажжол, одамларни адаштиргани, ҳақни ботил билан йўқ қилишга урингани учун шундай номланган. Шу ўринда бир муҳим нарсани эслатиб ўтамиз: Имом Маҳдий ва дажжолнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушиши бирин-кетин содир бўлади.
      Дажжол асли яҳудий одам. У қиёматга жуда оз қолганида Мадинага нисбатан Машриқ тарафдан чиқади, тақводорликни, кейинчалик илоҳликни даъво қилади. Унга жуда кўп одамлар эргашади. Улар ичида яҳудийлар кўп бўлади.
      Дажжол Хуросондан (ҳозирги Эрон ҳудуди), Исфахоннинг Яҳудия деган жойидан чиқади. (Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). Дажжол Ироқ билан Шом ўртасидаги Хижоз ерига боради. У узоқ масофаларни тезлик билан босиб ўтишда, ерни тезда айланиб чиқишда ғайриоддий қудратга эга. Дажжол жуда тез суръатда ҳаракат қилади.
      Ҳадиси шарифларда дажжолнинг чиқишига ишора қилувчи белгилар айтилган. Жумладан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Катта уруш, Қустантиния (яъни, Константинопол шаҳрининг) фатҳ этилиши ва дажжолнинг чиқиши етти ойда (содир бўлади)” (Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти. Ҳадис санади заиф).
     Яна Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Байтул мақдиснинг обод бўлиши Ясрибнинг хароб бўлишидир. Ясрибнинг хароб бўлиши урушнинг (келиб) чиқишидир. Урушнинг (келиб) чиқиши Қустантиниянинг фатҳ этилишидир. Қустантиниянинг фатҳ этилиши дажжолнинг чиқишидир” (Абу Довуд, Аҳмад ва Табароний ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан). Яъни, саналган мана шу воқеалар кетма-кет содир бўлади. Қачон Константинопол шаҳри фатҳ этилса, ана ўшанда дажжол чиқади.
     Дажжонинг қадами барча шаҳар ва қишлоқларга етади. Лекин муққаддас шаҳарлар бўлган Макка ва Мадина бундан мустасно. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бирон бир шаҳар йўқки, дажжолнинг қадами етмаган бўлса, магар Макка ва Мадина бундан мустасно” (Бухорий ва Муслим ривояти).
    Бошқа ҳадисда шундай дейилган: “Дажжол Макка ва Мадинадан ташқари ҳамма шаҳарларга киради. Бу икки шаҳарнинг ҳар бир дара ва сўқмоқларида, фаришталар саф тортган ҳолда, қўриқлаб турадилар. Дажжол (шаҳар ташқарисидаги) тақир ерга тушганида, ер уч марта силкинади. Кофир ва мунофиқларнинг ҳаммаси дажжолнинг олдига чиқадилар” (Муслим ва Ибн Ҳиббон ривояти).
    Хулоса қиладиган бўлсак, дажжол ҳақида жуда кўп ҳадислар нақл қилинган. Уларда дажжолнинг сифатлари, қаердан чиқиши, унинг аломатлари ҳақида маълумотлар бор. Лекин, дажжол қачон чиқишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди! Айрим одамлар, “анави одам – дажжол”, деб турли гапларни тарқатишади, “дажжол чиқиб бўлган”, деган даъвони илгари суришади. Бу тахминдан бошқа нарса эмас. Чунки, дажжол дейилаётганларнинг биронтасида унинг сифатлари топилмайди. Яна бир гап: дажжол туғилмайди, чиқади. Ҳадисларда айнан “чиқади” (арабча матнда “яхружу”) дейилган.
Биз мўмин-мусулмонлар қиёматдан олдин дажжол чиқишига ишонамиз, унинг ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Лекин, дажжол ҳақида асоссиз гап-сўзларни тарқатмаймиз. Чунки, мусулмон одам ўзи аниқ билмаган нарса ҳақида гапирмайди.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218801
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98147
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47169
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45623
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Дажжол қачон чиқади? 08.10.2015

Ассалому алайкум. Ижтимоий тармоқларда бир кўз билан туғилган бола кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Яъни, дажжол туғилганини айтишмоқда. Маълумки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом, дажжол бир кўзли, жингалак сочли эканини айтганлар. Бир ҳадис келтиришибди. Унда айтилишича, қачон Маккаи мукаррамада қон тўкилса, ўша йили дажжол келаркан. Саволим шундай: бу борада уламолар фикри қандай? Шу ҳақида маълумот берсангиз!

9294