Ассалому алейкум
Мавзу:

Тирик одамга солиҳ амаллар савобини бағишласа бўладими? 27.09.2015

Савол:

Aссалому алайкум. Солиҳ амаллар савобини ўлганларга бағишлаш жоиз, уларга савоби етади дейилади. Энди солиҳ амаллар савобини тирикларга бағишлаш қандай бўлади? Масалан, ўзи билиб-билмай ғийбат қилган бошқа биродарига қилган солиҳ амалини савобини бағишласа бўладими?

Булим Ақида
4470
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Инсон ўзи имон ва холис ният билан қилган солиҳ амалга савоб олиши борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аммо бир банданинг бошқалар томонидан қилинган амал савобидан баҳраманд бўлиши ҳақида ихтилоф қилинган. Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари наздида, зоҳирий далилларга кўра, намоз, рўза, ҳаж, Қуръон тиловати, зикр кабиларнинг савобини бошқа одамга бағишлаш жоиз. Жумладан, Абу Ҳанифа ва Аҳмад ибн Ҳанбал наздида, Қуръон қироати савоби маййитга етиб боради. Мутааххирийн шофеъий уламолари, агар унинг ҳузурида қироат қилинса ёки унинг кетидан дуо қилинса, маййитга Қуръон тиловати савоби етиб боришини айтишган. Бунга сабаб қилиб Қуръон тиловат қилинган жойга раҳмат ва барака тушиши, тиловатдан кейинги дуонинг қабул бўлиши эҳтимоли кўпроқ эканини келтиришган.
       Маййитлар тириклар амалидан манфаат олишига қуйидагилар ҳужжат қилиб келтирилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلا مِنْ ثَلاثَةٍ إِلا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ.

 

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар инсон вафот этса, унинг амали кесилади. Магар учтаси: садақа жория, манфаат олинадиган илм ва ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд бундай мустасно” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти). Бу ҳадисда банда вафот этиши билан унга савоб келиши тўхташи маълум қилиниб, фақат уч йўл билан ажрдан насибадор бўлиб туриши таъкидланмоқда. Ана шу уччаласи ҳам банданинг касбидандир. Зеро, фарзанд унинг насли давомчиси, таълим ва тасниф йўли билан қолдирган илмидан тирикларнинг фойдаланиши унга манфаат келтиради. Садақаи жория эса вақф бўлиб, бу масжид, мадраса, йўл, кўприк ва шу кабиларнинг қурилиши, бирон китоб чиқариб, уни Аллоҳ йўлида тарқатилиши ва бошқа ишлар билан амалга оширилади.
        Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари маййитга тириклар қилган амалларнинг савоби боришига иттифоқ қилишган. Фақат амаллар тури борасида ихтилоф қилинган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ رَجُلا قَالَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أُمِّي افْتُلِتَتْ نَفْسُهَا وَأُرَاهَا لَوْ تَكَلَّمَتْ تَصَدَّقَتْ أَفَأَتَصَدَّقُ عَنْهَا قَالَ: نَعَمْ تَصَدَّقْ عَنْهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَمَالِكٌ.

 

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Менинг онам тўсатдан вафот этди. Ўйлашимча, агар гапирганида садақа қиларди (яъни, садақа қилишни васият қиларди). Мен унинг номидан садақа қилсам бўладими?” деди. У зот: “Ҳа, унинг номидан садақа қил”, дедилар (Бухорий, Насоий ва Молик ривояти). Ушбу ривоятда вафот этган маййит номидан садақа бериш унга манфаат етказиши айтилмоқда.
    Икрима Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Саъд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Онам вафот этди, аммо васият қилгани йўқ. Унинг номидан садақа қилсам бўладими?” деб сўраганида у зот: “Ҳа”, деганлари (Насоий ривояти).

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ أَنَّ الْعَاصَ بْنَ وَائِلٍ أَوْصَى أَنْ يُعْتِقَ عَنْهُ مِائَةُ رَقَبَةٍ فَأَعْتَقَ ابْنُهُ هِشَامٌ خَمْسِينَ رَقَبَةً فَأَرَادَ ابْنُهُ عَمْرٌو أَنْ يُعْتِقَ عَنْهُ الْخَمْسِينَ الْبَاقِيَةَ فَقَالَ حَتَّى أَسْأَلَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ أَبِي أَوْصَى بِعَتْقِ مِائَةِ رَقَبَةٍ وَإِنَّ هِشَامًا أَعْتَقَ عَنْهُ خَمْسِينَ وَبَقِيَتْ عَلَيْهِ خَمْسُونَ رَقَبَةً أَفَأُعْتِقُ عَنْهُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّهُ لَوْ كَانَ مُسْلِمًا فَأَعْتَقْتُمْ عَنْهُ أَوْ تَصَدَّقْتُمْ عَنْهُ أَوْ حَجَجْتُمْ عَنْهُ بَلَغَهُ ذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

 

     Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Ос ибн Воил унинг номидан юз нафар қул озод қилишни васият қилди. Ўғли Ҳишом эллик нафар қулни озод қилди. (Оснинг бошқа) ўғли Амр қолган эллик қулни озод қилишни истаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақида сўрамоқчи бўлди ва у зот олдиларига бор. “Эй Расулуллоҳ, отам юз нафар қул озод қилишни васият қилганди. Ҳишом унинг номидан элликтасини озод қилди, унинг бўйнида яна эллик нафар қул қолди. Мен отам номидан қул озод қилсам бўладими?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар у мусулмон бўлган бўлса, унинг номидан қул озод қилсангиз, садақа берсангиз ёки ҳаж қилсангиз, (савоби) албатта унга етиб боради”, дедилар (Абу Довуд ривояти. Ривоят санади ҳасан).
Агар маййит мусулмон бўлса, унга атаб солиҳ амаллар қилинса, бунинг савоби етиб боради. Аммо у кофир бўлса, манфаати бўлмайди” (“Файзул қодийр”).
    Фарзи кифоянинг савоби борасида фуқаҳолар шундай дейишган: “Фарзи кифоянинг савоби фақат уни бажарганларга етади. Сабаби у амалнинг ўзининг савоби. Аммо уни бажармаган бошқа мусулмонларга савоби етмаса ҳам улардан амални бажариш масъулияти соқит бўлади. Агар фарзи кифояни бажармаган мусулмонлар уни қилишни ният қилган бўлсалар, ниятларига яраша савобга эга бўладилар”.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَرَادَ أَنْ يُضَحِّيَ اشْتَرَى كَبْشَيْنِ عَظِيمَيْنِ سَمِينَيْنِ أَقْرَنَيْنِ أَمْلَحَيْنِ مَوْجُوءَيْنِ فَذَبَحَ أَحَدَهُمَا عَنْ أُمَّتِهِ لِمَنْ شَهِدَ للهِ بِالتَّوْحِيدِ وَشَهِدَ لَهُ بِالْبَلاغِ وَذَبَحَ الآخَرَ عَنْ مُحَمَّدٍ وَعَنْ آلِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ لِغَيْرِهِ. 

 

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик қилмоқчи бўлсалар, иккита катта, семиз, шохдор, оқ-қора, бичилган қўй сотиб олардилар ва улардан бирини умматларидан Аллоҳнинг тавҳидига шоҳидлик берган, у зот (умматларига) етказганларига гувоҳлик берганлар номидан, бошқасини Муҳаммад ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам оилалари номидан қурбонлик қилардилар” (Ибн Можа, Аҳмад, Байҳақий ва Дорақутний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ лиғойриҳий). 

    “Нафл садақа қилаётган мўмин банда унинг савобини барча мўмин ва мўминаларга бағишлаши афзалдир. Сабаби бу уларга етиб боради. Унинг ажридан бирон нарса камайиб қолмайди. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби шудир. Фақат Молик ва Шофеъий намоз ва Қуръон тиловати каби соф баданий ибодатларни бундай истисно қилишган. Уларнинг наздида ўша икки амалнинг савоби маййитга етиб бормайди, аммо садақа ва ҳажники етиб боради, дейишган” (Ибн Обидийн, “Ҳошияту роддил муҳтор”).


عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: جَاءَتْ امْرَأَةٌ مِنْ خَثْعَمَ عَامَ حَجَّةِ الْوَدَاعِ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ فَرِيضَةَ اللهِ عَلَى عِبَادِهِ فِي الْحَجِّ أَدْرَكَتْ أَبِي شَيْخًا كَبِيرًا لا يَسْتَطِيعُ أَنْ يَسْتَوِيَ عَلَى الرَّاحِلَةِ فَهَلْ يَقْضِي عَنْهُ أَنْ أَحُجَّ عَنْهُ قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ.

 

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Ҳажжатул вадоъ йили Хасъамдан бир аёл келиб, “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ бандаларига фарз қилган ҳаж амали отамга етди, аммо у қари чол, уловда ўтира олмайди. Агар унинг номидан ҳаж қилсам, ҳисобга ўтадими?” деб сўраганида, у зот: “Ҳа”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий ва Аҳмад ривояти). “Ушбу ривоятдан қарилик, замон ёки ўлим сабабли ҳаж қилишга қодир бўлмаган банда номидан ҳаж қилиш жоизлиги, аёл эркак номидан ҳаж қилса, ҳисобга олиниши маълум бўлади” (“Шарҳун нававий ъала муслим”).
     Ибн Обидийн “Ҳошия”да: “Уламоларимиз инсон ўзи қилган амалнинг, хоҳ у намоз, рўза, садақа ё бошқаси бўладими, ўзга одамга бағишлаши жоизлигини таъкидлашган”, деган.
    Энди тирик одамга савоб бағишлаш ҳақида тўхталадиган бўлсак, ҳанафий мазҳабининг машҳур китобларида шундай дейилади: “Кимдир рўза тутиб, намоз ўқиб, садақа қилиб, унинг савобини ўликлар ва тирикларга бағишласа, жоиз бўлади. Аҳли сунна вал жамоа наздида уларга ўша амаллар савоби етиб боради. Шундан маълум бўладики, унинг номидан солиҳ амал қилинаётган банданинг вафот этган ёки тирик бўлишининг фарқи йўқ (“Ҳошияту роддил муҳтор”, “Ал-баҳрур роиқ шарҳу канзид дақоиқ”).
    “Банда бир амални аввалдан бошқа банда учун бағишлаб амалга ошириши, ёки ўзи учун қилган амалнинг савобини бошқаларга бағишлаши ўртасида фарқ йўқ. Кейин ўша амалнинг фарз ёки нафл бўлишининг фарқи ҳам йўқ. Агар бир банда фарз намозини ўқиб, унинг савобини бошқасига бағишласа, тўғри бўлади. Аммо фарзни бажариш масъулияти унинг зиммасидан соқит бўлмайди” (“Ал-баҳрур роиқ шарҳу канзид дақоиқ”).
    Ибн Қаййим Жавзия “Китабур руҳ”да шундай деган: “Тирик одамга савобни бағишлаш борасида ихтилоф қилинган. Аҳмаднинг: “У бир яхшилик қилиб, унинг ярмини отасига, ярмини онасига бағишлайди”, деган қавлининг умумий маъносига кўра, бу тўғридир, дейилган. Бошқа бир қавлда: “Йўқ, бу иш тўғри эмас. Сабаби уларнинг ўзи ўша амални қила олади”, дейилган (“Роддул муҳтор”).
Ҳанбалий мазҳабининг машҳур қавлига кўра, фарз намозини бошқаларга бағишлаш жоиз эмас (“Шарҳул мунтаҳал иродат”).

Хулоса қиладиган бўлсак:

 

1. Имонни бир банда бошқа бир бандага бағишлаши жоиз эмас. Бир мўмин банда кофир танишига ўз имонидан насиба ажратиши тўғри бўлмайди.

 

2. Вафот этган маййитларга рўза, садақа, ҳаж кабиларнинг савоби етиб боради.

 

3. Тирик ва вафот этганлар ҳақига қилинган дуо ва истиғфорлар етиб боради. Қуръони каримда ўтганлари ҳақига истиғфор айтиш ҳақида кўрсатмалар келган. Ҳадиси шарифда ғийбат қилган биродари ҳақига истиғфор айтиш ҳақида хабар қилинган. Қолаверса, мўмин банда узоқдаги мўмин биродари ҳақига қилган дуоси мустажоб экани маълум қилинган. Демак, банда томонидан айтилган истиғфор ва қилинган дуонинг бошқа бир мўмин бандага манфаат етказиши шубҳасиз.

 

4. Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари наздида тиловатнинг савобидан маййит манфаат олади. Фақат бу холис ниятда қилиниши керак. Пулга ёлланган қорилар қилган тиловат ихлосдан узоқ бўлгани сабаб бу иш вафот этган бандага фойда бермаслиги мумкин.

 

5. Тирик ёки ўтганлар номидан намоз ўқиш мумкин эмас. Чунончи, бир банда намоз ўқиб, уни бошқаларга бағишласа, улардан ўша вақт намозини ўқиш соқит бўлмайди. Буни ҳамма ўзи учун қилиши керак. Аммо савоби етиб бориши мумкин дейилади. Амалнинг савоби етиб бориши билан уни бажарганлик соқит қилиниши орасида фарқ бор. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218787
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98145
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47165
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45618
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Тирик одамга солиҳ амаллар савобини бағишласа бўладими? 27.09.2015

Aссалому алайкум. Солиҳ амаллар савобини ўлганларга бағишлаш жоиз, уларга савоби етади дейилади. Энди солиҳ амаллар савобини тирикларга бағишлаш қандай бўлади? Масалан, ўзи билиб-билмай ғийбат қилган бошқа биродарига қилган солиҳ амалини савобини бағишласа бўладими?

4470