Ассалому алейкум
Мавзу:

Шайтон жинлардан ҳисобланадими? 01.08.2016

Савол:

Ассалому алайкум, ҳурматли Устоз Одилхон қори ака! Саволим шундан иборат: маълумки, шайтони лаин фаришталар сафида бўла туриб Аллоҳнинг амридан бўйин товлагани сабаб У Зотнинг даргоҳидан қувилган. Баъзи одамлар шайтон жинлар тоифасидан чиққан, дейишади. Айтишларича, у жинлар ичида ўта тақводори, зеҳни ўткири бўлгани боис Аллоҳ уни фаришта даражасига кўтарган экан. Шу хусусда батафсилроқ маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

Булим Ақида
17295
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Шайтон асл хилқатда жинлардан бўлганми ёки аслида фаришталардан бўлиб, Аллоҳга исён қилгандан сўнг Аллоҳ уни лаин шайтонга айлантирганми, деган масала хусусида уламолар ўртасида турлича қарашлар мавжуд. Баъзилар уни фаришталардан бўлган десалар, бошқалар жинлардан бўлганини таъкидлайдилар. Ҳар иккала тоифанинг ҳам ўз далил-ҳужжатлари бор. Лекин, шайтоннинг жинлардан бўлганлиги очиқ-ойдин ояти каримада зикр қилинган. Каҳф сурасининг 50-оятида Аллоҳ таоло Одамни яратиб, барча фаришталарни унга сажда қилишга буюрганида битта иблис сажда қилмаганини хабар бергач, у ҳақда: “كان من الجن ففسق عن أمر ربه” яъни, “у жинлардан эди, бас, шу боис Раббисининг амри(га итоат қилиш)дан чиқди (бўйин товлади)” (Каҳф сураси, 50-оят), деган. Ушбу ояти карима иблиснинг Раббисининг амрига исён этиб, буйруққа бўйин сунмаслигининг сабаби жинлардан эканлигига очиқ далолат қилади. Зеро, усул илмидан маълумки, “фа” ҳарфи таълил яъни бирор ишнинг сабабияти ва иллатини изоҳлаш ва баён қилиш учун ишлатилади. Юқоридаги ояти каримада “фасақо” (амридан четга чиқди) феълидан олдин ҳам мазкур ҳарф ишлатилмоқда. Бу эса иблиснинг Одамга сажда қилмай, Аллоҳга осий бўлишининг сабаби унинг жинлар тоифасидан эканлигидалигини тақозо қилади. Чунки, ояти карима сиёғи ҳам айнан шу васф туфайли шайтон фаришталардан ажраганига далолат қилади. Зеро, фаришталар Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, сажда қилдилар, иблис эса сажда қилмади. Шу боис ҳам бир жамоа уламолар иблиснинг аслида фаришталардан бўлмаганлигига, балки, фаришталар билан биргаликда Аллоҳга узоқ вақт ибодатда бўлганлиги учун умумлаштириб унга ҳам фаришта номи берилганлиги ҳақидаги фикрни илгари сурадилар. Бошқа ояти карималарда Одамга барча малоикалар сажда қилиб, улардан биргина иблис истисно қилинишининг сабаби ҳам шу. Яъни, ўша вақтга қадар иблис фаришталар билан бирга Аллоҳга убудиятда бўлганлиги ва улар билан бир сафда бўлганлиги туфайли у ҳам тағлиб ва умумлаштириш йўлига кўра малоикалар ичида зикр қилинган. Ҳолбуки, бошқа ояти каримада унинг жинлардан эканлиги очиқ айтилган. Шу боис, иблиснинг жинлардан эканлиги зикр қилинмаган оятларнинг зоҳирини ушлаб, у фаришталардан бўлган деган хулосага келиш фикри ожизимизча тўғри эмас. шайтоннинг асл хилқатда фаришталардан эмаслигига яна бир қўшимча далил шуки, Аъроф сурасининг 12-оятида Аллоҳ таоло билан иблис ўртасида кечган савол-жавоб зикр қилинади. Парвардигор унга хитоб қилиб, нима учун Одамга сажда қилишни буюрган вақтида унга сажда қилмаганлиги сабабини сўраганда у ўзини Одамдан афзаллиги, чунки, у оловдан, Одам эса лойдан яратилганлигини ҳужжат қилади: “(Аллоҳ) деди: "сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?". "мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг", деди” (Аъроф сураси, 12-ояти карима). Мазкур ояти карима мазмунига кўра иблис оловдан яратилган. Малоикалар эса оловдан эмас, балки, нурдан яратилганлар. Жинлар эса оловдан яратилган. Бу ҳақда ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, саҳиҳи муслимда Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадис шарифда шундай марҳамат қилинади (маъноси): “фаришталар нурдан яратилган, жинлар эса оловнинг тутун аралашмаган алангали тилидан яралган. Одам эса ўзингизга васфланган нарсадан (яъни Қуръони каримда кўп бора айтилган лойдан) яратилган” (Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоятлари). Ушбу ҳадиси шарифнинг аслида ўзидан жинлар яартилган модда “маарижун мин наар” деган сўз билан ифода қилинган. Мазкур сўзни уламолар: “оловнинг аралашмаси”, “тутуни йўқ олов”, “оловнинг энг юқори қисмидаги энг иссиқ жойи яъни алангали тили”, “оловнинг қора ранглар аралашган жойи” деган сўзлар билан шарҳлаганлар. Ҳадис шарифда фаришталар билан жинларнинг яратилиш моддалари бошқа-бошқа эканлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Бу ҳам юқоридаги фикрни яъни, иблис асл хилқатда фаришталардан эмаслиги ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Раҳмон сурасида ҳам Аллоҳ таоло “жон”ни яъни жинларни ёхуд иблисни ҳадисда зикр қилинган “маарижун мин наар”дан яратгани айтилади: “وخلق الجان من مارج من نار” яъни, “жин-иблисни эса “маарижун мин наар”дан (оловнинг аралашмасидан, тутунсиз алангасидан, қора аралашган жойидан) яратди” (Раҳмон сураси, 15-оят).
     Шундай қилиб, иблис аслида малоикалардан эмас дейдиган уламоларнинг ўз сўзларига далил сифатида келтирадиган асосий ҳужжатлари қуйидагилардан иборат: 1. Малоикалар иблис содир этган куфр амалини содир этиб қўйишдан маъсумдирлар. Аллоҳ таоло фаришталар ҳақида шундай дейди: “لا يعصون الله ما أمرهم ويفعلون ما يأمرون ” маъноси: “Улар Аллоҳ томонидан ўзларига буюрилган нарсаларга осийлик қилмайдилар ва ўзларига буюрилган ишларни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бошыа бир яоти каримада эса фаришталар шундай васфланади: “لا يسبقونه بالقول وهم بأمره يعملون ” яъни, “улар (фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар. Улар (Аллоҳнинг) амру фармони билангина амал қилурлар” (Анбиё сураси, 27-оят).
      2. Аллоҳ таоло юқорида келтирилган ояти каримада иблиснинг жинлардан эканлигини очиқ айтган: “у жинлардан эди, бас, шу боис Раббисининг амридан чиқди” (Каҳф сураси, 50-оят). Ушбу ояти кариманинг зоҳирига мувофиқ Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ҳам шайтоннинг жинлардан эканлигини айтган. Авф – Ҳасан Басрийдан – ривоят қилади: “Иблис бир лаҳза ҳам фаришталардан бўлган эмас. Худди инснинг асли одам бўлганидек иблиснинг асли жиндир” (Ибн Жарир ривояти). Машҳур ватандошимиз, буюк аллома Замахшарий ҳам ўз тафсирида ушбу фикрни қўллаб-қувватлаган.
      Имом Қуртубийнинг тафсирида келишича, шайтоннинг аслида фаришталардан бўлганлиги салафи солиҳлар даврининг жумҳур муфассирларига оид қавл ҳисобланади. Бу ўринда жумҳур дейилар экан, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Журайж, Ибн Мусайяб, Қатода каби тафсирга оид сўзлари нақл қилинган зотлар назарда тутилмоқда.
     Аммо, тафсир китобларида кўп учрайдиган ва Абдуллоҳ ибн Аббос каби салафи солиҳларга нисбат берилувчи машҳур қавл яъни, шайтоннинг фаришталарнинг улуғларидан эканлиги, жаннат қўриқчиси бўлгани ва осмон ва ер ишларини бошқариб тургани ва исми “азозил” эканлиги ҳақидаги ривоятлар исроилиёт ривоятларидан ҳисобланади. Бинобарин, уларга қатъий суяниб бўлмайди. Маълумот сифатида билиб қўйиш мумкин, аммо, узил-кесил тасдиқлаб, асос қилиб олинмайди. Чунки, бу маълумотлар мусулмонларга аҳли китоблар орқали ва улардан мусулмонликни қабул қилган инсонлар орқали кириб келган бўлиб, уларнинг ҳақиқатини ёлғиз Аллоҳ билади. Бундай ривоятлар тафсир илмида исроилиётлар деб аталади. Ислом таълимотига очиқ зид келмаса, улардан қўшимча маълумот сифатида фойдаланиш мумкин.
     Уламолар фаришта билан иблис ўртасида қуйидаги фарқлар борлигини айтишган:

 

1. Фаришталар нурдан, иблис оловдан яратилган;
2. Фаришталарда насл қолдириш йўқ, иблиснинг зурриёти борлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда айтилган;
3. Аллоҳ таоло иблис жинлардан экани ҳақида хабар қилган.

 

     Хуллас, бу борада турли фикрлар билдирилган. Аммо жин ва шайтон оловдан яратилгани, уларнинг зурриёти борлиги, инсонларга зарар етказиш пайида бўлишларидан бу икки хилқат бир-бирига яқинлиги, шайтон билан фаришта эса бошқа-бошқа хилқат экани маълум бўлади. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217103
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Шайтон жинлардан ҳисобланадими? 01.08.2016

Ассалому алайкум, ҳурматли Устоз Одилхон қори ака! Саволим шундан иборат: маълумки, шайтони лаин фаришталар сафида бўла туриб Аллоҳнинг амридан бўйин товлагани сабаб У Зотнинг даргоҳидан қувилган. Баъзи одамлар шайтон жинлар тоифасидан чиққан, дейишади. Айтишларича, у жинлар ичида ўта тақводори, зеҳни ўткири бўлгани боис Аллоҳ уни фаришта даражасига кўтарган экан. Шу хусусда батафсилроқ маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

17295