Ассалому алейкум
Мавзу:

Тўсатдан келган ўлим яхшими ёки ёмон? 27.07.2016

Савол:

Ассалому алайкум! Сизга бир саволим бор эди: мусулмон киши учун тўсатдан келган ўлим яхши, деган гапни эшитгандим. Шу гап тўғрими? Саволим ноўрин бўлса, узр!

Булим Ақида
10891
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Ҳадиси шарифларда тўсатдан келувчи ўлим ҳақида маълумотлар бор. Бу бобдаги айрим ривоятларни ўрганиш орқали динимизда мазкур масалага қандай қаралишини билиб оламиз. 

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ رَجُلا قَالَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أُمِّي افْتُلِتَتْ نَفْسُهَا وَأَظُنُّهَا لَوْ تَكَلَّمَتْ تَصَدَّقَتْ فَهَلْ لَهَا أَجْرٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ عَنْهَا قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

 

   Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Менинг онам тўсатдан вафот этди. Ўйлашимча, агар бирон нарса деганида, садақа бер(ишни васият қил)арди. Шунинг учун унинг номидан садақа берсам бўладими?” деди. Шунда у зот: “Ҳа”, дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривояти). 
Бу ривоятда тўсатда келувчи ўлим бандани васият қилишдан, гуноҳларига тавба қилиб, ўлим олдидан солиҳ амалларни бажариш имконидан маҳрум этиши айтилмоқда. Шу маънода кутилмаганда келадиган ўлимдан паноҳ сўралади. 

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ نَفْسَ الْمُؤْمِنُ تَخْرُجُ رَشْحًا وَلا أُحِبُّ مَوْتًا كَمَوْتِ الْحِمَارِ قِيلَ: وَمَا مَوْتُ الْحِمَارِ قَالَ: مَوْتُ الْفَجْأَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

   Абдуллоҳ ибн Масъудрозияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг жони тер оққан ҳолдан чиқади. Мен эшакнинг ўлими каби ўлимни хушламайман”, деганларини эшитдим. Шунда: “Эшакнинг ўлими қандай бўлади?” деб сўралди. У зот: “Тўсатдан ўлиб қолади”, дедилар” (Термизий ва Табароний ривояти. Ривоят санади заиф). 
Ушбу ривоятда мўмин банданинг жони терлаган ҳолида чиқиши, тўсатдан келувчи ўлим яхши эмаслиги маълум қилинмоқда. 

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِي أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اسْتَعَاذَ مِنْ سَبْعِ مَوْتَاتٍ: مَوْتِ الْفَجْأَةِ وَمِنْ لَدْغِ الْحَيَّةِ وَمِنْ السَّبُعِ وَمِنْ الْحَرَقِ وَمِنْ الْغَرَقِ وَمِنْ أَنْ يَخِرَّ عَلَى شَيْءٍ أَوْ يَخِرَّ عَلَيْهِ شَيْءٌ وَمِنْ الْقَتْلِ عِنْدَ فِرَارِ الزَّحْفِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етти хил ўлимдан: тўсатдан келувчи ўлимдан, илон чақиши ёки йиртқич ҳайвон тишлаши сабабли ўлишдан, ўтда ёниб, сувда чўкиб, бирон нарса устига йиқилиб тушиб ёки бирон нарса босиб қолиб ўлишдан ва жангдан қочаётганда ўлишдан паноҳ сўраганлар (Аҳмад ва Табароний ривояти. Ривояти санади саҳиҳ). 
      Мана шу ривоятнинг санадини заиф деганлар ҳам бор. Сабаби санадда Ибн Лаҳийъа бор. У ҳақида бир нималар айтилган. Бу ривоятга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам етти хил ўлимдан паноҳ сўраганлар. Улар орасида тўсатдан ўлиш ҳам бор. Шундай маълум бўладики, умуман олганда тўсатдан ўлиш яхши саналмайди. 

 

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ مَوْتِ الْفَجْأَةِ فَقَالَ: رَاحَةٌ لِلْمُؤْمِنِ وَأَخْذَةُ أَسَفٍ لِفَاجِرٍ. رَوَاهُ أَحَمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

   Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тўсатдан ўлиш ҳақида сўрагандим, у зот: “У мўминга роҳат, фожирга надоматдир (ёки ғазабланиш ила олишдир)”, дедилар” (Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф). Мана шу ривоятдан келиб чиқиб, баъзилар: “Бу ҳар кимнинг ҳолатига қараб турлича бўлади”, дейишган. Чунончи, гуноҳлардан тийилган, бандалик вазифасини мукаммал бажариб, охират учун етарлича тайёгарлик кўрган мўмин банда учун тўсатдан ўлиш роҳатдир. Бу билан у дунё қийинчиликларидан қутулади, Аллоҳнинг марҳаматига эришади. Гуноҳларга ботган фожир учун кутилмаганда келган ўлим ҳасрат-надоматдан бошқа нарса эмас. Сабаби у ибодатларни бажармаган, гуноҳ-маъсиятга ботган, бандалик вазифаларини тугал бажаролмаган ва тавба қилишга улгурмаган бўлади. Мана шу сабаб осий банда ажал билан юзлашганда надомат чекади. 
    Бунда мусулмон банда назарда тутилади. Аммо кофир хоҳ бетоб бўлиб тўшакка михланган ҳолда ўлсин, хоҳ тўсатдан жони узилсин, фарқи йўқ: имони бўлмагани учун, Аллоҳга ва охират кунига ишонмагани учун азобга йўлиқади. Аллоҳ бизларга ҳақиқий мусулмон бўлиб яшаб, шу ҳолда дунёни тарк қилишни насиб этсин! (Манба: “Фатҳул борий”, “Авнул маъбуд”, “Туҳфатул аҳвазий”).

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217443
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Тўсатдан келган ўлим яхшими ёки ёмон? 27.07.2016

Ассалому алайкум! Сизга бир саволим бор эди: мусулмон киши учун тўсатдан келган ўлим яхши, деган гапни эшитгандим. Шу гап тўғрими? Саволим ноўрин бўлса, узр!

10891