Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Таомни фақат тақводорларга бериш керакми? 28.09.2015

Савол:

Aссалому алайкум. Ҳадисда: “Фақатгина мўминни соҳиб тут ва таомингни фақат тақводорлар есин”, дейилган. Баъзи уламолар маърузаларида мана шу ҳадисни далил қилиб: “Бир киши бошқасига таом едирса, ўша киши мўмин, солиҳ, тақводор бўлса, ўша таомни кучи билан яхши амаллар қилса, таом берган одамга ҳам савоби етади. Агарда таомидан фосиқ одам егандан сўнг, чиқиб маъсиятлар қилса, таом берган одамга ҳам унинг маъсияти етади”, дейдилар. Ҳозирдаги маросимларга солиҳ кишилар ҳам, фосиқ кимсалар ҳам бирдай ташриф буюриб, мезбоннинг таомидан еб кетишади. Фосиқ ўша ерда еган таомининг кучи билан кўчага чиқиб гуноҳ ишларни қилса, таом едириб, меҳмон қилган кишига унинг гуноҳидан ҳеч камайтирилмай ёзиладими? Бунақада мўмин банданинг иши чатоқ бўлади-ку! Мана шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз, устоз.

Булим Ижтимоий масалалар
3833
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Меҳмондўзлик ҳақида келган умуман хабарларга кўра, мусулмон, мушрик ва кофирни меҳмон қилиш мустаҳабдир, дейилади. Маълумки, кофир ва мушриклар ичида аҳли маъсиятлари кўп бўлади. Агар ҳақиқатан шундай бўлганида кофир ва мушрикларга таом беришдан қайтариларди.
    Умуман олганда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда мискин ва камбағалларга таом беришга мутлоқ тарғиб қилинган, уларнинг солиҳ ва тақводор бўлиши шарт қилинмаган. Агар шундай бўлганда катта ҳараж (танглик, қийинчилик) пайдо бўларди. Сабаби ким аслида тақводор-у, ким фосиқ эканини билиб бўлмайди.
   “Таомингни тақводорлар есин” деган гап мустаҳаб маъносида айтилган бўлса керак. Яъни, киши таом бермоқчи, зиёфат қилмоқчи бўлса, имкон қадар тақводор ва солиҳ кишиларни таклиф қилади. Лекин бунда мўмин фақат тақводорларни таомлантириши керак, фосиқлар келса, уларнинг гуноҳи зиёфат соҳибига ҳам тегади, деган гапни билмаймиз. Сабаби зиёфат бераётган одам яхши ниятда таом улашади, уни еб гуноҳ қилсин, деган мақсади бўлмайди. Зиёфатда таом еб, ким нима иш қилса, ўзи жавобгар бўлади. Қачонки бир одам бошқа бир кишини чақириб, “Манави таомни егин-да, бориб фалон гуноҳни қил”, деса, иккисига ҳам ўша гуноҳ ёзилиши аниқ. Сабаби бунда ният гуноҳ қилишлик бўлмоқда. Лекин умумий зиёфатда ўша таом сабабидан ким нима амал қилса, ўзи жавобгар бўлади.
    Демак, имкон қадар тақводор ва аҳли солиҳ кишилар зиёфатга таклиф этилади. Аммо улар орасида биз билган ва билмаган фосиқ кишилар бўлиши мумкин. Зиёфатга фақат тақводорларни чақириш жуда қийин. Бизнингча, юқоридаги тавсия фарз ё вожиб эмас, балки мустаҳаб маъносидададир. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218968
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98177
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47197
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45673
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Таомни фақат тақводорларга бериш керакми? 28.09.2015

Aссалому алайкум. Ҳадисда: Фақатгина мўминни соҳиб тут ва таомингни фақат тақводорлар есин, дейилган. Баъзи уламолар маърузаларида мана шу ҳадисни далил қилиб: Бир киши бошқасига таом едирса, ўша киши мўмин, солиҳ, тақводор бўлса, ўша таомни кучи билан яхши амаллар қилса, таом берган одамга ҳам савоби етади. Агарда таомидан фосиқ одам егандан сўнг, чиқиб маъсиятлар қилса, таом берган одамга ҳам унинг маъсияти етади, дейдилар. Ҳозирдаги маросимларга солиҳ кишилар ҳам, фосиқ кимсалар ҳам бирдай ташриф буюриб, мезбоннинг таомидан еб кетишади. Фосиқ ўша ерда еган таомининг кучи билан кўчага чиқиб гуноҳ ишларни қилса, таом едириб, меҳмон қилган кишига унинг гуноҳидан ҳеч камайтирилмай ёзиладими? Бунақада мўмин банданинг иши чатоқ бўлади-ку! Мана шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз, устоз.

3833