Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Ёши катталарга насиҳат қилса бўладими? 24.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум, қори ака. Саволим илмли ёши кичик билан илмсиз ёши улуғ инсонлар ҳақида. Баъзи пайтларда шундай ишлар гувоҳ бўламиз: ёши катта бўлиб туриб сўкинишади, карта ва нарда ўйнашади, тамаки чекишади, ароқ ичишади. Яна шариатга тўғри келмайдиган ишларни қилишади. Буларни нотўғрилигини тушунган баъзи илмли ёшлар бу ишдан қайтаришса, “Сен ким бўпсан! Кичкина бўптуриб отанг тенги одамга ақл ўргатасан! Отанг қиган ишни қигин!” дейишади.  Уларни ҳам кимдир қайтариш керак-ку ахир! Ёки ёшини ҳурмат қилиб илмли ёшлар индамай кетаверишсинми?

Булим Ижтимоий масалалар
4992
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Бу мавзуда сўз юритишдан олдин мусулмон одам ўзидан катталарни ҳурмат қилиши, кичикларга иззат кўрсатиши лозимлигини эслатиб ўтамиз.


عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ يَرْفَعُهُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يُوَقِّرْ الْكَبِيرَ وَيَرْحَمْ الصَّغِيرَ وَيَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَى عَنْ الْمُنْكَرِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْقُضَاعِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ لِغَيْرِهِ.


   Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан марфу тарзда ривоят қилинади: “Каттани ҳурмат қилмаган, кичикка раҳм (-шафқат) кўрсатмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган биздан эмас!” (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Табароний ва Қузоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ лиғойриҳ).
      Мўмин киши ўзидан катталар ҳурматини жойига қўяди, кичикларга меҳр кўрсатади. Шу билан бирга амру маъруф ва наҳий мункарни ҳам тарк этмайди. Амру маъруф ва наҳий мункар қилиш ёшга боғлиқмас. Шариатдан оз бўлса ҳам хабари бор инсон бу вазифани имкон қадар адо этади.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيمَانِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.


    Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан кимда-ким бир мункар (яъни, ёмон иш) ни кўрса, уни қўли билан қайтарсин! Агар қодир бўлмаса, тили билан (қайтарсин)! Агар (бунга ҳам) қодир бўлмаса, қалби билан (қайтарсин)! Бироқ буниси имоннинг энг заифлигидир”, деганларини эшитганман” (Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти).
    Бир одам ёмон иш қилаётган бўлса, уни қўл билан қайтарилади. Ёмонликка тўғаноқ бўлишнинг энг зўр йўли шу. Қолаверса, гуноҳ ишни қўл билан қайтариш зулм-ситам, ўғрилик, товламачилик каби жиноятлар олдини олади.
    Агар ношаръий ишга қўл билан қаршилик қилишнинг уддасидан чиқолмаса, тил билан амру маъруф қилинади. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қилинаётган ўша ишга қалбдан норози бўлинади. Унутмайлик, қалбида имони бор банда ёмон ишга мойиллик билдириши, гумроҳлар билан бирга маъсият ботқоғига ботиши мумкин эмас! Қўли ёки тили билан қабоҳатга қарши курашолмаса, ақалли уни қалбдан инкор этиши, манфур ишга рози бўлмаслиги шарт.
   Шариатда амру маъруф ва наҳий мункар ҳақида гап кетганда ёш масаласига тўхталинмайди. Яъни, “амру маъруфни фақат катталар қилади, кичиклар ёши улуғларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши мумкин эмас”, дейилмаган. Сабаби, амру маъруф қилиш учун илм, ақл-идрок ва тақво керак. Маълумки, бу нарсалар ёш билан чегараланмайди. Чунончи, ёши катталар орасида “қариб қуйилмаган”лар учраб туради. Алҳамдулиллаҳ, ёш бўлса-да, Аллоҳ ва Расулини таниган, етарли илмга эга йигит-қизлар бор.
    Баъзи ҳолларда ёши катта кишилар ақл-идрокни ёш билан ўлчаб, кичикларни назари илмайди. Агар илм ва ақл ёшда бўлганида, тирик жонзотлар ичида энг ақллиси қарға бўларди. Зеро, улар инсондан ўртача 5-6 баравар узоқ умр кўради.
   Хулоса шуки, амру маъруф ва наҳий мункар ёш билан ўлчанмайди. Аллоҳ асрасин, борди-ю ота-она гуноҳга қўл уришса, бошқачароқ усул қўлланади. Масалан, уларни бирон китобни ўқиш ёки маъруза эшитишга мулойимлик билан чақирилади. Ё бўлмаса, ота-онасига тенгдош инсонлар орқали насиҳат қилинади. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217623
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Ёши катталарга насиҳат қилса бўладими? 24.08.2015

Ассалому алайкум, қори ака. Саволим илмли ёши кичик билан илмсиз ёши улуғ инсонлар ҳақида. Баъзи пайтларда шундай ишлар гувоҳ бўламиз: ёши катта бўлиб туриб сўкинишади, карта ва нарда ўйнашади, тамаки чекишади, ароқ ичишади. Яна шариатга тўғри келмайдиган ишларни қилишади. Буларни нотўғрилигини тушунган баъзи илмли ёшлар бу ишдан қайтаришса, Сен ким бўпсан! Кичкина бўптуриб отанг тенги одамга ақл ўргатасан! Отанг қиган ишни қигин! дейишади. Уларни ҳам кимдир қайтариш керак-ку ахир! Ёки ёшини ҳурмат қилиб илмли ёшлар индамай кетаверишсинми?

4992