Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Қуёшда иситилган сув билан таҳорат қилса бўладими? 08.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Ҳозирда чиқаётган қуёш иссиқлиги орқали сув иситадиган мосламалардаги сувнинг ҳукми қуёшда иситилган сувники кабими? Яъни, ундай сувда таҳорат қилиш макруҳми? Мазкур мосламага қисқача шундай таъриф беришди: Лупага ўхшаган махсус трубалар қуёшдан иссиқликни тўғридан-тўғри қабул қилиб олиб, 250 градусгача қайнатар экан. Бу мослама бошқа қуёш батареялари каби иссиқликдан электр токи воситасида эмас, балки қуёш иссиқлигини кучайтириб, сувни қайнатар экан. Илтимос, мана шу масалада бизларга маълумот бериб ўтсангиз.

Булим Фиқҳ
4991
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Қуёшда иситилган сувда таҳорат қилишдан қайтарадиган саҳиҳ ривоят собит бўлмаган, десак хато бўлмайди. Фақат заиф ривоят бор. Унинг санади борасида ҳам турли гаплар айтилган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: دَخَلَ عَلَىَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَدْ سَخَّنْتُ مَاءً فِى الشَّمْسِ فَقَالَ: لاَ تَفْعَلِى يَا حُمَيْرَاءُ فَإِنَّهُ يُورِثُ الْبَرَصَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

     Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирдилар. Мен қуёшда сув иситиб қўйгандим. У зот: “Эй Ҳумайро, бундай қилма! Чунки у пес (касали)га сабаб бўлади”, дедилар” (Дорақутний, Байҳақий ва Табароний ривоят қилган. Ривоят санади заиф). Бу ривоятга кўра, қуёшда исиган сувда таҳорат қилиш саломатлик учун зарар қилиши мумкин.

وَعَنْ حَسَّانَ بْنِ أَزْهَرَ أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لا تَغْتَسِلُوا بِالْمَاءِ الْمُشَمَّسِ فَإِنَّهُ يُورِثُ الْبَرَصَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

 

     Ҳассон ибн Азҳардан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб: “Қуёшда иситилган сув билан ғусл қилманглар. Чунки у мохов (касали)га олиб боради”, деган экан (Дорақутний ва Байҳақий ривояти). Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Умар розийаллоҳу анҳу қуёшда исиган сув билан ғусл қилишни ёмон кўрар ва: “Сабаби у мохов (касали)га сабаб бўлади”, деб айтарди (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган). Бу ривоят денгиз, ариқ ва қудуқлардаги сувларга тааллуқли эмас, дейилади. Бунга асосан икки хил сабаб келтирилади:

1. Қуёш зиёси денгиз ва анҳор сувларига таъсир қилмайди.

2. Денгиз ва очиқ ҳаводаги сувларни қуёш зиёсидан сақлаш мумкин эмас. Идишдаги сувларни сояга жойга олиб қўйса бўлади.

 

     Қуёшда иситиб, кейин совитилган сувни ишлатиш борасида ҳам икки хил қавл бор. Баъзилар буни ривоятларнинг умумий далолатига кўра, макруҳ, десалар, бошқалар макруҳ эмас. Сабаби бунда иллат иситишда, агар иситиш завол топса, макруҳлик ҳам соқит бўлади, дейишган. Қуёшда иситилган сувнинг макруҳлиги таҳорат ва ғусл билан боғлиқ. Сабаби бунда сув терига тегади. Аммо либос ва бошқа нажосатларни поклашда бундай сувдан фойдаланиш макруҳ эмас, дейилган. Бизнинг ҳанафий мазҳабида қуёшда иситилган сувдан фойдаланиш макруҳ дейилади, бошқа бир ривоятда макруҳ эмас, дейилган (“Қуня”). Имом Аҳмад наздида макруҳ эмас, Имом Шофеий эса макруҳ, деган.

Қуёшда иситилган сувнинг макруҳ бўлиши қуйидаги шартларга боғлиқ:

1. Ният билан сувни қуёшда иситиш, агар бу ишни қасд қилмаган бўлса, кароҳати йўқ.

2. Мис, темир ва шу каби идишларда иситилган бўлиши.

3. Иссиқ ўлкада бўлиши.

      Ҳанбалий мазҳаби ва зоҳирийлар наздида қуёшда иситилган сувдан фойдаланиш макруҳ эмас. Бу қавлни илгари сурганлар бу бобда саҳиҳ ривоят келмагани, уларнинг санади ҳатто мавзу эканини айтишган. Баъзи мутааххирин уламолар: “Бу борада табибларнинг фикрини олиш керак. Агар улар қуёшда иситилган сув мохов касаллигига сабаб бўлади, дейишса, макруҳ, агар зарари йўқ, дейишса, макруҳ эмас”, дейишган. 

 


عَنْ الرَّبِيعِ قَالَ: قَالَ الشَّافِعِيُّ: وَلَا أَكْرَهُ الْمَاءَ الْمُشَمَّسَ إِلَّا أَنْ يُكْرَهَ مِنْ جِهَةِ الطِّبِّ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي مَعْرِفَةِ السُّنَنِ.

 

     Робийъ Шофеийдан ривоят қилади: “Мен қуёшда иситилган сувни макруҳ демайман. Фақат у тиббий жиҳатдан кариҳ кўрилади” (Байҳақий “Маърифатус сунан”да ривоят қилган). Имом Шофеийнинг бу гапи масалага ойдинлик қиритмоқда. Яъни, бу фақат тиббий тарафдан макруҳ саналади. Аслида шариатда бу ишдан қатъий суратда қайтарилмаган, фақат имкони бўлса, қуёшда иситилган сувда таҳорат қилмаслик тавсия этилади.
     Сиз сўраган масалада шуни айтиш мумкин, агар қуёшдан электр токи олиниб, сув иситилган бўлса, у ҳолда бундай сувнинг таҳорат ва ғуслга ишлатилиши макруҳ эмас. Сабаби бунда қуёш таркибидаги баъзи зарарли нурлар сувга ўтмайди. Агар қуёш зиёси махсус воситалар орқали кучайтирилиб, сув иситиладиган бўлса, унда худди оддий ҳолда қуёшда иситилган сув ҳукмида бўлади. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217169
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Қуёшда иситилган сув билан таҳорат қилса бўладими? 08.08.2015

Ассалому алайкум. Ҳозирда чиқаётган қуёш иссиқлиги орқали сув иситадиган мосламалардаги сувнинг ҳукми қуёшда иситилган сувники кабими? Яъни, ундай сувда таҳорат қилиш макруҳми? Мазкур мосламага қисқача шундай таъриф беришди: Лупага ўхшаган махсус трубалар қуёшдан иссиқликни тўғридан-тўғри қабул қилиб олиб, 250 градусгача қайнатар экан. Бу мослама бошқа қуёш батареялари каби иссиқликдан электр токи воситасида эмас, балки қуёш иссиқлигини кучайтириб, сувни қайнатар экан. Илтимос, мана шу масалада бизларга маълумот бериб ўтсангиз.

4991