Имон калималарини бошқа тилларда айтса бўладими? 09.12.2017
Савол:Ассалому алайкум! Маҳалламиз масжидининг имоми жамоат намозларида, жума намозида қўл кўтариб дуо қилаётиб, “Лаа илааҳа иллаллоҳу осойиш. Муҳаммадур расулуллоҳ кушойиш”, деб дуо қилдилар. Бу дуони, билишимча, у кишининг оталари ҳам айтардилар. У кишининг оталари бизнинг маҳалла масжиди қурилишида жонбозлик кўрсатган инсон бўлган. Бир муддат имомлик вазифасида ҳам ишлаганлар. Ҳозирда вафот этиб кетганлар. Илмдаги даражалари унчалик баланд бўлмаган. Улар имомлик қилгандаги аҳвол бошқача бўлган, менимча. Қисқаси, имом домламиз дуода тавҳид калимасига юқоридаги жумлаларни қўшиб дуо қиладилар. Менинг билишимча, Қуръон ва Суннатда келган зикр ва дуоларга қўшимча киритиш, унинг калималарини ўзгартириш мумкин эмас. Пайғамбаримиз асҳоби киромдан Бароъ бин Озиб ҳазратларига бир дуо ўргатдилар. Бароъ розияллоҳу анҳу дуони такрорлаб, “набиййика” калимаси ўрнида “расулика” ўқидилар. Ўшанда, Расулуллоҳ, уни тўғрилаб, “йўқ, “расулика”, дема, “набиййика”, деб ўқи!” деб марҳамат қилдилар. Устоз, тавҳид калимасига юқоридаги каби сўзларни қўшиб зикр ва дуо қилишнинг ҳукмини баён қилиб берсангиз!
Булим Фиқҳ8108
Ва алайкум ассалом. Банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У Зотнинг бандаси ва Расули эканини эътироф этса, мусулмон саналади. Уламолар фақат “лаа илааҳа иллаллоҳ” билангина чекланиш мумкин эмаслиги, унга албатта “муҳаммадур-росулуллоҳ”ни қўшиш лозимлигини айтишган. Сабаби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини тасдиқлаш ҳам Исломнинг асосларидан саналади. “Иътиқоду аҳлис-сунна шарҳу асҳобил-ҳадис” китобида: “Банда бу калималарни билиб туриб, аниқ ишонч ва сидқ ила айтиши лозим. Аммо бу калималар маъносини билмаса ёки бунда шубҳаланса, бу ўрнига ўтмайди ва фойдаси бўлмайди”, дейилган. Демак, имон калималарини айтишдан мурод Аллоҳ ва Расулини қалбдан тасдиқлаш, куфр ва ширкни инкор қилишдир. Араб тилини билмайдиган банда арабча лафзларни такрорлагани билан унинг маъносини тушунмайди. Бунда унга имон калималари маъносини тушунтириш лозим бўлади. Бу ҳам мазкур калималарни араб тилида айтиш шарт эмаслигига далилдир.
Юқорида айтилганидек, банда Аллоҳнинг Ёлғизлигини тан олса ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканини эътироф этса, мусулмон саналади. Буни тил билан айтиш ва дил билан тасдиқлаш лозим. Тил билан айтиб, дилида инкор қилса, мунофиқ бўлади.
Яна қайтариб айтамиз, имон калималарини фақат араб тилида айтиш шарт қилинмаган. Сабаби Ислом фақат арабларга туширилмаган. Ҳозирда бу ҳақиқат кун сайин ўз тасдиғини топмоқда, Ғарб олами Ислом сари юзланмоқда. Маълумки, уларнинг тили умуман бошқача. Шундай экан, ҳар бир банда ўз тилида “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир”, деса мусулмон саналади. Зеро, банда кофир бўлиши учун куфр калимасини араб тилида айтиш шарт қилинмаганидек, имон калималарини ҳам араб тилида айтиш шарт эмас. Ҳатто дуо ҳам араб тилида қилиниши шарт қилинмаган. Банда хоҳласа инглиз, хоҳласа рус ёки ўзбек тилида дуо қилиши мумкин. Агар шартлар адо қилинса, муҳими дуода ихлос бўлса, қайси тилда қилинмасин, ўша дуо мақбулдир. Сиз юқорида сўраган нарса ҳам худди шундай. Унда дуога имон калималари қўшилмоқда. Ундан “Эй Аллоҳ, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Бизга тинчлик, офият бергин. Муҳаммад Сенинг Расулинг эканини эътироф этамиз. Бизнинг мушкулларимизни аритгин!” маъноси англашилади. Муҳими ўша араб тилидаги имон калималарига қўшилаётган ўзга тилдаги қўшимчалар шариат муродига тескари бўлмаса бўлгани.
Истиғфор айтиш фазилати ҳақида эшитганмиз. Банда “астағфируллоҳ”, дейиши билан бир қаторда “эй Аллоҳ, гуноҳларимни кечир”, дейиши ҳам мумкин. Хуллас, бунда маълум калималарни араб тилида айтиш шарт эмас. Аммо иложи бўлса, дуоларни араб тилида айтиш, маъсур дуолар билан Аллоҳга юкиниш фазилати улуғроқ. Сабаби бу айнан Қуръон ва ҳадисда келган калималар билан дуо қилиш саналади (Бу нарса Қуръон ва суннатдан келган дуоларни ўз хоҳишига кўра ўзгартириш мумкинлигини билдирмайди). Аммо омма мусулмонлар намоздаги қироат ва шунга ўхшаш калималардан ташқари сўз ва жумлаларни ўз тилларида айтишлари мумкин. Валлоҳу аълам!