Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Жамоатнинг энг оз миқдори қанча? 20.10.2015

Савол:

Aссалому алайкум, домла. Сизга бир саволим бор эди. Маълумки, жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўзи ўқигандан 27 марта ортиқроқ. Жамоат дейилганда масжидда ўқилган намоз тушуниладими ёки уйда ва бошқа жойда 2 ва ундан ортиқ одам йиғилиб ўқиган намоз ҳам жамоат намози дейиладими? Илтимос, шу ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз!

Булим Ибодат масалалари
5977
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Жамоатнинг энг кам миқдори икки кишидир. Бунга уламолар иттифоқ қилишган.

عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اثْنَانِ فَمَا فَوْقَهُمَا جَمَاعَةٌ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

    Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Икки ва ундан ортиқ (киши) жамоатдир” (Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий, Табароний ва Абу Яъло ривояти. Ҳадис санади заиф). Яъни, имомдан ташқари бир киши бўлса ва улар бирга намоз ўқишса, жамоат бўлиб намоз ўқиган ҳисобланади.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى رَجُلا يُصَلِّي فَقَالَ: أَلا رَجُلٌ يَتَصَدَّقُ عَلَى هَذَا يُصَلِّي مَعَهُ فَقَامَ رَجُلٌ فَصَلَّى مَعَهُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هَذَانِ جَمَاعَةٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

    Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган бир кишини кўрдилар ва: “Бу киши анави одамга садақа қилмайдими, у билан бирга намоз ўқимайдими?” дедилар. Бас, бир киши туриб у билан намоз ўқиди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу иккиси жамоатдир”, дедилар (Аҳмад ва Табароний ривояти. Ривоят санади заиф). Бу ривоятда ҳам жамоатнинг энг кам адади икки киши экани таъкидланмоқда.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ وَقَدْ صَلَّى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَيُّكُمْ يَتَّجِرُ عَلَى هَذَا فَقَامَ رَجُلٌ فَصَلَّى مَعَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

    Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгандилар. Бас, у зот: “Сизлардан қайси бирингиз манави (одам)га садақа қилади (савоб бағишлайди)”, дедилар. Шунда бир киши туриб, у билан намоз ўқиди” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Хузайма ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا حَضَرَتْ الصَّلاةُ فَأَذِّنَا وَأَقِيمَا ثُمَّ لِيَؤُمَّكُمَا أَكْبَرُكُمَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ.

    Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар намоз вақти бўлса, бас, иккиси азон ва иқомат айтсин. Кейин у иккисидан каттароғи имомликка ўтсин!” (Бухорий, Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти).
     Бухорий ушбу ҳадисни “Ал-жомеъус саҳиҳ” китобининг “Икки ва ундан ортиқ киши жамоатдир” бобида нақл қилган. Бу ривоятдан келиб чиқиб, жамоат намози масжид, уй ёки саҳрода ўқилишининг фарқи йўқ, дейилган.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: بِتُّ عِنْدَ خَالَتِي مَيْمُونَةَ فَقَامَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي مِنْ اللَّيْلِ فَقُمْتُ عَنْ يَسَارِهِ فَأَخَذَ بِيَدِي فَأَقَامَنِي عَنْ يَمِينِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.وَأَحْمَدُ.

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен холам Маймунаникида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси туриб намоз ўқидилар. Мен у зотнинг чап тарафларига туриб олгандим, қўллари билан ушлаб ўнг томонларига турғазиб қўйдилар” (Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
    Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозини ўқирдилар. Мен келиб у зотнинг чап тарафларига туриб олардим. У зот бўлса мени ўнг тарафларига турғазиб қўярдилар” (Насоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
   Ушбу ривоятдан имомдан ташқари бир киши бўлса, унинг ўнг тарафида туриши, икки киши жамоат ҳисобланишини билиб оламиз. Агар имомдан ташқари икки киши бўлса, иккинчи қаторда туради. Демак, камида икки киши намоз ўқиса, жамоат ҳисобланади. Бунга деярли барча уламолар иттифоқ қилишган. Имомдан ташқари бир киши бўлса, жамоат фазилати топилади. Агар киши уйда аёли билан бирга намоз ўқиса, жамоат савобини топади, иншааллоҳ.
   Ҳанафий ва шофеъий уламолари наздида киши бир ёш бола билан намоз ўқиса ҳам жамоат фазилатини топади. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш болалар билан намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Аммо моликийлар наздида киши фарз намозини ёш бола билан ўқимайди. Сабаби балоғатга етмаган боланинг намози нафлдир. Бунда у ёлғиз ўқигандек бўлади, дейилади. Моликийлар нафлларда ёш боланинг иқтидо қилиш тўғри эканини айтиб, бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ривоятини далил қилишган.
    Хуллас, имкони борича масжидлардаги жамоат намозига ҳозир бўлинади. Агар жамоат етарли бўлса, бошқа жойларда ҳам намоз ўқиса бўлади. Шариатимизда намозни фақат масжидларда ўқиш шарт қилинмаган. Ер юзининг ҳар қандай пок жойида, у чўл, тоғ, денгиз ёки музлик бўладими, намоз ўқиш жоиз. Аммо барибир масжидга бориб, катта жамоат билан намоз ўқишнинг фазли улуғроқ саналади. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218885
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98165
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47181
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45642
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Жамоатнинг энг оз миқдори қанча? 20.10.2015

Aссалому алайкум, домла. Сизга бир саволим бор эди. Маълумки, жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўзи ўқигандан 27 марта ортиқроқ. Жамоат дейилганда масжидда ўқилган намоз тушуниладими ёки уйда ва бошқа жойда 2 ва ундан ортиқ одам йиғилиб ўқиган намоз ҳам жамоат намози дейиладими? Илтимос, шу ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз!

5977