Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Фотиҳа сураси ҳақида маълумот берсангиз! 02.09.2015

Савол:

Ассалому алайкум! Фотиҳа сурасининг фазилатлари ҳақида эшитганмиз, лекин мазкур сура ҳақида кўпроқ ва аниқроқ маълумот олишни хоҳлардик. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз. 

Булим Фиқҳ
4893
Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ... Фотиҳа сураси улуғ суралардан бири бўлиб, фазилати беқиёсдир. У Маккада нозил бўлган, оятлари етти оятдан иборат. Бир қанча ҳадиси шарифларда мазкур суранинг фазилатлари баён қилинган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида ўтирган эдилар тепаларидан бир ғирчиллаган товуш эшитилди. Шунда у бошини кўтариб: «Бу осмондаги бир эшик бўлиб, фақат бугун очилди, бугундан олдин асло очилмаган эди. Ва ундан бир фаришта тушди, у фаришта шу бугунгача ерга тушмаган эди”. Ҳалиги фаришта келиб салом берди ва «(Эй Муҳаммад), Ўзингизга ато этилган бу икки нур сизга хушхабар бўлсин. Улар сиздан аввал ҳеч қайси пайғамбарга ато этилмаган эди. Улар: Фотиҳатул-Китоб ҳамда Бақара сурасининг охирги оятларидир», деди”.
     Мазкур сура ниҳоятда улуғ суралардан бўлиб, унингбир қанча исми бор. Биринчи номи “Фотиҳа”дир. “Фотиҳа” араб тилида “очувчи” деган маънони англатади. Фотиҳа сураси тартиб бўйича Қуръони Каримнинг аввалги сурасидир, шу боис ҳам у “фотиҳа” яъни “очувчи сура” деб аталган. Машҳур муфассирлардан Ибн Жарир Табарий ўзининг “Жомеу-л-баён” номли китобида айтади: “Бу сура “фотиҳату-л-Китоб” деб аталишига сабаб шуки, Мусҳафларда биринчи бўлиб у ёзилади, намозларда (биринчи) у ўқилади”. Бу суранинг яна бир номи “Умму-л-Китоб”дир. “Умму-л-Китоб” Китобнинг яъни Қуръони каримнинг асоси, асли, моҳияти деган маъноларни англатади. Зеро, Фотиҳа сураси Қуръони Каримнинг асосий мақсад ва ғояларини ўзида мужассам қилган сурадир. Унда Аллоҳга мақтов бор, унда Аллоҳнинг оламларнинг ягона яратувчиси ва парвардигори эканлиги ҳақида сўз боради, унда якка Аллоҳга ибодат қилиш маъноси мавжуд. Демак, унда ҳам рубубият ва ҳам улуҳият тавҳиди баён қилинган. Унда Аллоҳдан ҳидоят ва собитқадамлик сўраш бор. Унда олдинги умматлар ҳақида ҳам хабар бериш бор. Унда бахтиёрлар саодати, бадбахтлар шақовати ҳақида билдиришлар бор. Хуллас калом, қисқагина бу сурада Исломнинг мағзи ўз ифодасини топган. Шу боис ҳам “Уммул-Китоб” Китобнинг асоси деб номланган. Яна бу муборак суранинг “Шифо”, “ал-Вофия”, “ал-Кофия” (кифоя қилувчи), “ал-Асос”, “ал-Ҳамд” (мақтов) деган номлари ҳам бор. Унинг исмларидан яна бири “ас-сабъу-л-масоний” (такрорланувчи етти оят)дир. Чунки, бу сура ҳар куни беш вақт намозда такрор-такрор ўқилади.
     Имом Аҳмад муснад китобида келтиришича Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломга фотиҳа сурасини ўқиб эшиттиради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи ва саллам: “жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам унга ўхшаш сура нозил қилинмаган. У Сабъул-масонийдир ва Менга ато этилган Буюк Қуръондир”, дедилар.
    Фотиҳа сураси шифодир. Уни ўқиб киши ўзига ва бошқа беморларга дам урса Аллоҳнинг изни билан нафи етади. Бу кўпчилик томонидан тажрибада ҳам кўрилган ҳақиқатдир. Зотан, юқорида мазкур суранинг “шифо” деган номи ҳам борлиги айтилди. Саҳобаи киромлар фотиҳа сурасини бир қабиланинг бошлиғи бўлмиш чаён чаққан одамга ўқиганларида шифо топгани ва муокофотига бир сурув қўй ҳам бергани ҳақидаги ривоят машҳурдир. Аллома Ибн Қоййим : “Мен Маккада ҳаж мавсумида юрганимда тобим қочиб қолди. Шунда Замзам сувидан бир ҳовуч олиб, унга фотиҳа сурасини ўқиб ичганимда ажиб фойдасини кўрдим”, деган сўзларни айтган.
      Бу улуғ сура кунда кўп маротабалаб ўқилади. Ҳатто тунда ётиш олдидан ҳам ўқиш мустаҳаб саналади. Валлоҳу аълам...

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217645
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Фотиҳа сураси ҳақида маълумот берсангиз! 02.09.2015

Ассалому алайкум! Фотиҳа сурасининг фазилатлари ҳақида эшитганмиз, лекин мазкур сура ҳақида кўпроқ ва аниқроқ маълумот олишни хоҳлардик. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

4893