Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Яқин қариндошга уйланиш мумкинми? 01.09.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Бир нарса сўрамоқчийдим. Яқин қариндошга уйланишнинг (шаръан) зарари йуқми? Медитсинада мумкинмас. Масалан ака-ука божа бўлишган бўлса, уларнинг фарзандлари бир-бирилари билан турмуш қурсалар бўладими?

Булим Ижтимоий масалалар
7773
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Яқин қариндош Қуръони каримда уйланиш ман қилинган тоифалардан бўлмаса, уйланса бўлади. Уйланиш ҳаром қилинган тоифалар қисқача қуйидагилардир:

1. инсоннинг онаси, шунингдек, ота-томониданми она томониданми момолари, момоларининг оналари ва ҳоказо кетаверади;

2. Холалари, аммалари;

3. опа-сингиллари, опа-сингилларининг қизлари, ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизларининг қизлари, ака-укаларининг қизларининг қизлари ва улардан давом этувчи қизлар;

4. Инсоннинг ўз қизлари, шунингдек, қизларининг қизлари ёки ўғилларининг қизлари ва ҳоказо давом этувчи қизлар;

5. Яна эмизгани туфайли кишига она бўлиб қолган, шунингдек, аёли эмизгани туфайли кишига фарзанд бўлиб қолган ёки бир онани эмгани туфайли опа-сингил бўлиб қолган ва мазкур синфларнинг юқорида келганидек тармоқлари ҳам уйланиш ҳаром бўлган қариндошлар сирасига киради.

6. Шунингдек, қуда-андачилик туфайли уйланиш ҳаром бўлувчи тоифалар ҳам бордирки, бу масалаларнинг мукаммал баёни учун бу савол-жавобда тўхтала олмаймиз.
Энди бевосита савода тилга олинган масалага келадиган бўлсак, агар яқин қариндош деганда божаларнинг ўғил қизлари, ака-укаларнинг ўғил қизлари, яъни, қиз ва ўғил бўлган амакиваччалар ёки холаваччалар бир-бирига уйланишлари назарда тутилаётган бўлса, бу жоиз. Демак, инсон холасининг, амакисининг, аммасининг ёки тоғасининг қизларига уйланиши мумкин. Бу масала Аҳзоб сурасининг 50-оятида баён қилинган.
    Аммо, бу нарса Динда рухсат берилгани билан кўплаб уламолар бу даражада яқин қариндошлар бир-бирига уйлантирилмасдан, бегоналардан келин қилиш ёки бегоналарга қиз бериш кўп жиҳатдан афзаллигини таъкидлайдилар. Имом Шофеий мазҳабларида ҳатто яқин қариндошларга уйланиш макруҳ ҳам дейилади. Сабаби, яқин қариндошлар бир-бирига қуда бўлиб, кейинчалик икки ёш бир-бири билан келишолмай ажралишга тўғри келса, ўртага қаттиқ совуқчилик тушиб, аслида силаи раҳм, қариндошлик ришталари узилмаслиги динимизда қаттиқ таъкидланган қариндошлар юзкўрмас бўлиб қолишлари мумкин. Демак, бу ҳолат ижтимоий офатга олиб бориш эҳтимоли бор. Баъзи одамлар ўта калта ўйлаб, қариндошликни мустаҳкамлаш илинжида қарши қуда бўлишади. Бу масалан, келин олган жойига, қиз бериш ёки икки дўст бир-бирининг синглисига уйланиш каби ҳолатларда кузатилади. Бу иш гарчи шаръан жоиз бўлса ҳам уламолар иложи бўлса, бу тариқа қуда бўлишни афзал кўрмайдилар. Негаки, бунда ҳам салгина жанжал туфайли яқин қариндошлар ўртасига катта совуқчилик тушади. Оилавий тотувлик ўта нозиклашиб, омонат ҳолга келиб қолади. Бирининг синглиси ёки қизи келин бўлиб тушган уйида зулм кўрса, ёки ҳайдаб юборилса, бунга муқобил равишда уларнинг қизига уйланган томон ўз хотинига зулм ўтказиши мумкин ва ҳоказо. Иккита опа-сингилни ака-укага узатишда ҳам кўпинча шу каби нохуш вазиятлар юзага келади.
    Агар одоби ва диёнати яхши бўлса, бегонадан келин қилиш ёки бегонага қиз беришнинг афзал томонлари кўп. Жумладан, бир-бирига ёт-бегона бўлган оилалар қариндош-уруғга айланади, борди-келди пайдо бўлади, жамият биносининг ғиштлари янада мустаҳкамланади. Бу эса Қуръони каримдаги инсонлар бир-бирлари билан танишиб, улфат бўлишлари учун яратилганлиги ҳақидаги ояти карима мазмунига ҳам мос келади.
    Ундан ташқари айрим олимлар фикрича бегонага қиз бериб, қиз олиш қон алмашишига ва туғилажак фарзанд соғлом бўлишига ҳам сабабчи бўлар экан. Бу борада заиф бўлса ҳам шу маънога далолат қилувчи айрим ҳадислар ҳам ворид бўлган. Жумладан, Мовардий “адабу-д-дунё ва-д-дин” китобида, Ибн Қутайба “ғарибу-л-ҳадис” китобида “фарзандларингиз заиф бўлиб қолмаслиги учун бегоналарга уйланинглар”, деган мазмундаги ҳадис ривоят қилиб келтирганлар.
    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, амакилик (аммалик) ва холалик (тоғалик) даражасидаги қариндошларнинг қизларига уйланиш шаръан мумкин, аммо бирқанча уламолар юқорида зикр қилинган сабабларга кўра бегонадан уйланишни мустаҳаб ва афзал санаганлар. Лекин, бу борада барча уламоларнинг қарашлари бир хил эмаслигини ҳам эслатиб ўтиш лозим. Бизнингча бу вазиятда ҳолатнинг ўзидан келиб чиқиб, иш кўриш афзал бўлса керак. Баъзи ҳолатлар бўладики, яқин қариндошга уйланиш афзал бўлиб қолади. Мисол учун иқтисодий жиҳатдан қийналган, қўли калта амакингизнинг одобли, илмли, дину диёнатли қизи бор. Лекин, отасининг камбағаллиги учун муносиб жойдан совчи келмаётган ва натижада унинг ота-онаси нолойиқ бўлса ҳам дуч келган одамга узатвориш пайига тушиб қолган бўлиши мумкин. Бу иш рўй берадиган бўлса қизбола анча зулмга рўбарў бўлиш хавфи бор. Агар шу ҳолатда ўша қизга уйлансангиз, ҳам катта ютуқни қўлга киритган бўласиз, ҳам кўплаб савобларга эга бўласиз, иншоаллоҳ.
     Қисқаси, яқин қариндошлардан қиз олаётганда муайян ҳолатга қараб иш кўриш маъқул деб ҳисоблаймиз. Умуман олганда эса яқин қариндошдан кўра бегонадан уйланиш кўп уламолар наздида афзал ва мустаҳаб иш эканлиги юқорида айтилди. Валлоҳу аълам

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 219051
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98195
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47205
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45715
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Яқин қариндошга уйланиш мумкинми? 01.09.2015

Ассалому алайкум. Бир нарса сўрамоқчийдим. Яқин қариндошга уйланишнинг (шаръан) зарари йуқми? Медитсинада мумкинмас. Масалан ака-ука божа бўлишган бўлса, уларнинг фарзандлари бир-бирилари билан турмуш қурсалар бўладими?

7773