Ассалому алейкум
Мавзу:

Эркак киши сочини қандай парваришлайди? 27.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Бугунги кунда эркаклар соч турмагига кўпроқ эътибор беришяпти. Айрим одамлар европалик футболчиларига тақлид қилишса, бошқалар ўз оталари, акаларига ўхшамоқчи бўлишади. Саволим шундан иборат: мусулмон эркакнинг соч турмаги қандай бўлиши керак? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Булим Бошқа мавзулар
6539
Жавоб:

Ва алайкумус салом. Эркак кишининг соч парвариши қандай бўлиши лозимлиги Ислом шариатида мукаммал баён қилинган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ كَانَ لَهُ شَعْرٌ فَلْيُكْرِمْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ.


     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг сочи бўлса, уни парваришласин!” деганлар (Абу Довуд, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ). Яъни, кимнинг сочи бўлса, уни парваришласин, ювиб-тозалаб, тараб, озода ва чиройли бўлиб юрсин! Сочига бепарво бўлмасин!

عَنْ عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الْمَسْجِدِ فَدَخَلَ رَجُلٌ ثَائِرَ الرَّأْسِ وَاللِّحْيَةِ فَأَشَارَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهِ أَنْ اخْرُجْ كَأَنَّهُ يَعْنِي إِصْلاحَ شَعَرِ رَأْسِهِ وَلِحْيَتِهِ فَفَعَلَ الرَّجُلُ ثُمَّ رَجَعَ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَلَيْسَ هَذَا خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْتِيَ أَحَدُكُمْ ثَائِرَ الرَّأْسِ كَأَنَّهُ شَيْطَانٌ. رَوَاهُ مَالِكٌ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


    Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эдилар. Шу орада бир киши соч-соқоли тўзиб кетган ҳолда кириб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга, “Чиқ” (яъни, сочинг ва соқолингни тўғрилаб кел) маъносида қўллари билан ишора қилдилар. Шунда ҳалиги киши чиқиб, айтилган ишни қилди ва қайтиб келди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Мана шуниси биронтангиз худди шайтонга ўхшаб сочи тўзиган ҳолда юришидан яхшироқ эмасми?” дедилар” (Молик ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Демак, банда шайтони лаинга ўхшаб қолмаслиги учун ҳам соч-соқолини тузатиб, чиройли ва кўркам бўлиб юриши керак.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ أَنَّهُ قَالَ: أَتَانَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَرَأَى رَجُلا ثَائِرَ الرَّأْسِ فَقَالَ: أَمَا يَجِدُ هَذَا مَا يُسَكِّنُ بِهِ شَعْرَهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


   Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга келиб, сочлари тўзиб кетган кишини кўрдилар ва: “Бу (одам) сочини тарайдиган бирон нарса топа олмайдими!?” дедилар” (Насоий ва Ҳоким ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Одамлар орасига кирганда кийим-боши, соч-соқолини тузатиб, кўркам бўлиш матлуб саналади. Шу билан бирга соч парваришида ҳам ҳаддан ошиш яхши эмаслиги таъкидланган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ التَّرَجُّلِ إِلا غِبًّا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


    Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадеб соч парваришлашдан қайтарганлар” (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
     Мусулмон киши сочини парваришлаши, уни ювиб, тараб, чиройли қилиб юриши керак. Аммо бу борада ҳам меъёрни билиш, бўлар-бўлмасга соч тарайвериб, кунда-кунора сартарошга қатнаш, аёлларга ўхшаб ойна олдида вақтни беҳуда кетказиш яхши эмас.

عَنْ حُمَيْدِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ الْحِمْيَرِيِّ قَالَ: لَقِيتُ رَجُلا صَحِبَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَمَا صَحِبَهُ أَبُو هُرَيْرَةَ أَرْبَعَ سِنِينَ قَالَ: نَهَانَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَمْتَشِطَ أَحَدُنَا كُلَّ يَوْمٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


    Ҳумайд ибн Абдураҳмон Ҳимярийдан ривоят қилинади: “Мен Абу Ҳурайра каби Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўрт йил ҳамроҳ бўлган бир кишини учратдим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ҳар куни соч тарашдан қайтарганлар”, деди” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Бу ерда қўл билан сочни ҳар кунги тўғрилаш эмас, балки алоҳида вақт ажратиб кунда-кунора соч парваришлашдан қайтарилмоқда. Зеро, бу вақтни бекор кетказишдир.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى صَبِيًّا قَدْ حُلِقَ بَعْضُ شَعْرِهِ وَتُرِكَ بَعْضُهُ فَنَهَاهُمْ عَنْ ذَلِكَ وَقَالَ: احْلِقُوهُ كُلَّهُ أَوْ اتْرُكُوهُ كُلَّهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


   Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочининг бир қисми қирилиб, бошқа тарафи қолдирилган болани кўриб, уларни (бу ишдан) қайтардилар ва: “Унинг ҳаммасини қиринглар ёки ҳаммасини қолдиринглар!” дедилар (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Ушбу ривоятдан эркак киши сочини қирдириб олиши жоизлиги, аммо сочининг баъзи жойларини қирдириб, бошқа жойларини ўсган ҳолда қолдириши жоиз эмаслиги таъкидланмоқда.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعْجِبُهُ التَّيَمُّنُ فِي تَنَعُّلِهِ وَتَرَجُّلِهِ وَطُهُورِهِ وَفِي شَأْنِهِ كُلِّهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.


    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ишларини – пойафзал кийиш, соч тараш ва таҳорат қилишни ўнг томондан бошлашни яхши кўрардилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
    Пайғамбаримиз алайҳиссалом одатлари шундай эди. Барча ишларни ўнг томондан бошлардилар. Жумладан, таҳоратда ҳам аввал ўнг аъзоларини ювардилар. Бу Исломнинг умумий қоидаси. Ҳамма ҳалол амаллар ўнг томонда бажарилади, ўнг томондан бошлаб амалга оширилади. Мисол учун либос кийиш, масжидга кириш, мисвок ишлатиш, сурма қўйиш, тирноқ олиш, мўйлаб қисқартириш, соч тараш ва олдириш, намозда икки тарафга салом бериш, ҳожатхонадан чиқиш, ейиш-ичиш, саломлашиш кабиларда ўнг томондан бошлаш мустаҳабдир.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصْغِي إِلَيَّ رَأْسَهُ وَهُوَ مُجَاوِرٌ فِي الْمَسْجِدِ فَأُرَجِّلُهُ وَأَنَا حَائِضٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.


   Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эътикоф ўтирганларида бошларини менга эргаштирар, мен ҳайзли ҳолатда бўлсам-да у зотнинг сочларини тараб қўярдим” (Бухорий ривояти).

      Демак, мусулмон эркак соч парваришида қуйидагиларга эътибор бериши лозим:

1. Сочни қириб юриш жоиз. Агар ким соч қўядиган бўлса, уни парваришлаши керак. Соч узун бўлиб, қулоққача тушиши мумкин. Лекин, бунда ташқаридан қараган одамнинг ғашига тегмайдиган қилиб тараб юрилади. Сочни парваришлаш мустаҳабдир.

2. Соч-соқолини тўзитиб юриш мусулмон эркак одобига зиддир.

3. Ҳар куни соч парвариши учун маълум вақтни ажратиш макруҳ саналади.

4. Сочнинг бир қисмини қириб, бошқа жойларини қолдириш жоиз эмас.

5. Соч олдириш ва парваришлашда ўзга дин вакилларига кўр-кўрона тақлид қилинмайди.

6. Соч парвариши билан кибр ва манманлик қилмаслик, ўзгалардан ажралиб туришга ҳаракат қилмаслик шарт. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазабига учрайди. Кибр шундай ёмон иллат.

7. Улама соч (парик) тақиш жоиз эмас.

8. Намозда узун сочни орқасига турмаклаб боғлаб олиш макруҳдир. Бу иш намоздан ташқарида ҳам танзиҳий макруҳ саналади.

9. Эътикоф ўтирган одам соч тараши жоиз.

10. Сочга зайтун ва шу каби фойдали ёғларни суртиш яхши. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217267
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Эркак киши сочини қандай парваришлайди? 27.08.2015

Ассалому алайкум. Бугунги кунда эркаклар соч турмагига кўпроқ эътибор беришяпти. Айрим одамлар европалик футболчиларига тақлид қилишса, бошқалар ўз оталари, акаларига ўхшамоқчи бўлишади. Саволим шундан иборат: мусулмон эркакнинг соч турмаги қандай бўлиши керак? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

6539