Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Уйқудан олдинги дуо ва зикрлар қандай адо этилади? 26.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Ҳадисларда уйқуга ётишдан олдин ўқиладиган оят, сура ва зикрлар баён қилинган. Мен ҳам уларни ёдлаб олганман. Имкон борича ўқиб, кейин ухлашга ҳаракат қиламан. Сўрамоқчи бўлганим, бу оят ва зикрлар қандай ўқилади: тўшакка ўтириб олиб ўқиладими ёки ёнбошлабми? Жаҳрий ўқиладими ёки махфий? Илтимос, мана шуларнинг тартибини менга ўргатсангиз, устоз!

Булим Фиқҳ
18329
Жавоб:

Ва алайкумус салом. Уйқудан олдин ўқиладиган дуолар, айтиладиган зикрлар ҳақида ривоятлар кўп. Уларни ўрганиб чиқсак, қандай ҳолатда ўқилиши борасида етарли илмга эга бўламиз.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَوَى إِلَى فِرَاشِهِ كُلَّ لَيْلَةٍ جَمَعَ كَفَّيْهِ ثُمَّ نَفَثَ فِيهِمَا فَقَرَأَ فِيهِمَا قُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ وَقُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ وَقُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ ثُمَّ يَمْسَحُ بِهِمَا مَا اسْتَطَاعَ مِنْ جَسَدِهِ يَبْدَأُ بِهِمَا عَلَى رَأْسِهِ وَوَجْهِهِ وَمَا أَقْبَلَ مِنْ جَسَدِهِ يَفْعَلُ ذَلِكَ ثَلاَثَ مَرَّاتٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

 

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўшакларига ётсалар, кафтларини жамлаб, аввал унга пуфлар ва сўнгра Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқигач, қўллари етганча бутун баданларига суртардилар. У зот буни бошлари ва юзларидан бошлаб, кейин таналарининг қолган жойларига суртардилар. Буни уч марта такрорлардилар (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти). 

    Ривоятдаги “тўшакларига ётсалар”ни “тўшакларига ётмоқчи бўлсалар” ёки “тўшакларига ётганларидан кейин” деб тушуниш мумкин. Бошқа ривоятлар буни изоҳлайди.

عَنْ حُذَيْفَةَ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَوَى إِلَى فِرَاشِهِ قَالَ: اللَّهُمَّ بِاسْمِكَ أَحْيَا وَأَمُوتُ وَإِذَا أَصْبَحَ قَالَ: الْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

 

    Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларига ётсалар, “Аллоҳумма бисмика аҳя ва амувт”, деб айтардилар. Агар тонг отса, “Алҳамдулиллааҳиллазий аҳянаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушувр”, дердилар” (Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
    Ривоятнинг сиёқидан бу дуо тўшакка ётгандан кейин ўқилиши маълум бўлади. Чунончи, Абу Довуднинг ривоятида “агар ухласалар”, Аҳмаднинг ривоятида эса “агар ётоқларига ётсалар” деб келтирилган.
    Бухорий Абу Зар розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда бу дуо ётоққа ётгандан кейин ўқилиши айтилган.

عَنْ حَفْصَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَرَادَ أَنْ يَرْقُدَ وَضَعَ يَدَهُ الْيُمْنَى تَحْتَ خَدِّهِ ثُمَّ يَقُولُ: اللَّهُمَّ قِنِي عَذَابَكَ يَوْمَ تَبْعَثُ عِبَادَكَ ثَلاثَ مِرَارٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Мўминлар онаси Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ухламоқчи бўлсалар, ўнг қўлларини чаккалари остига қўйиб, уч марта “Аллоҳумма қиний ъазаабака явма табъасу ъибаадак”, деб айтардилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Мана шу ривоятда бу бобдаги дуо ўнг томон билан ёнбошлаб ётилгандан кейин ўқилиши очиқ-ойдин лафзлар билан ифодаланмоқда.



عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا أَتَيْتَ مَضْجَعَكَ فَتَوَضَّأْ وُضُوءَكَ لِلصَّلاَةِ ثُمَّ اضْطَجِعْ عَلَى شِقِّكَ الأَيْمَنِ ثُمَّ قُلْ: اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ لاَ مَلْجَأَ وَلاَ مَنْجَا مِنْكَ إِلاَّ إِلَيْكَ اللَّهُمَّ آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ فَإِنْ مُتَّ مِنْ لَيْلَتِكَ فَأَنْتَ عَلَى الْفِطْرَةِ وَاجْعَلْهُنَّ آخِرَ مَا تَتَكَلَّمُ بِهِ. قَالَ: فَرَدَّدْتُهَا عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمَّا بَلَغْتُ اللَّهُمَّ آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ قُلْتُ: وَرَسُولِكَ قَالَ: لاَ وَنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْبَيْهَقِيُّ.

 

    Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар тўшагингга ётсанг, намозга қиладиган таҳоратингни қил ва ўнг томонинг билан ёт. Кейин: “Ё Аллоҳ, Сенинг ҳукмингга бўйсундим, ишимни Сенга ҳавола қилдим, (раҳматингдан) умид қилиб ва (ғазабингдан) қўрқиб Сенга суяндим. Сенинг (азобингдан) қутулиш ва қочиш мумкин эмас, фақат ҳузурингга қайтиш бор. Ё Аллоҳ, Сен нозил қилган Китобга ва юборган Пайғамбарингга имон келтирдим”, деб айт. Агар ўша тунда вафот этсанг, фитратда ўласан. (Кечаси) охири айтадиган сўзларинг мана шу калималар бўлсин!” дедилар”. Шунда мен бу дуони Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб ўқиб бердим. “Ё Аллоҳ, Сен нозил қилган Китобга имон келтирдим” деган жумлага келганимда, “Ва (Сен юборган) Расулингга...”, деган эдим, у зот: “Йўқ, “Сен юборган Пайғамбарингга... (деб айт)”, дедилар” (Бухорий, Абу Довуд, Ибн Хузайма ва Байҳақий ривоят қилган). Ривоятда ухлаш олдидан ўқиладиган зикр таҳорат олиб бўлгач, ёнбошлаб ётилгандан кейин адо қилиниши таъкидланмоқда. 

 


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا أَوَى أَحَدُكُمْ إِلَى فِرَاشِهِ فَلْيَنْفُضْ فِرَاشَهُ بِدَاخِلَةِ إِزَارِهِ فَإِنَّهُ لا يَدْرِي مَا خَلَفَهُ عَلَيْهِ ثُمَّ يَقُولُ: بِاسْمِكَ رَبِّ وَضَعْتُ جَنْبِي وَبِكَ أَرْفَعُهُ إِنْ أَمْسَكْتَ نَفْسِي فَارْحَمْهَا وَإِنْ أَرْسَلْتَهَا فَاحْفَظْهَا بِمَا تَحْفَظُ بِهِ عِبَادَكَ الصَّالِحِينَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

 

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Агар сизлардан биронтангиз тўшагига ётмоқчи бўлса, изорининг бир чети билан тўшагини қоқсин. Зеро, унинг ортида нима борлигини билмайди. Кейин “Бисмика робби вазоъту жамбий ва бика арфаъуҳ, ин амсакта нафсий фарҳамҳаа, ва ин арсалтаҳаа фаҳфазҳаа бимаа таҳфазу биҳий ъибаадакас солиҳийн”, деб айтсин” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти).
    Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқуга ётишдан олдин баъзи сура ва оятларни ўқиганлари ё ўқишни тавсия қилганлари ҳақида ҳам ривоятлар келган.

وَعَنْ خَالِدِ بْنِ مَعْدَانَ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ كَانَ يَقْرَأُ الْمُسَبِّحَاتِ عِنْدَ النَّوْمِ وَيَقُولُ: إِنَّ فِيهِنَّ آيَةً تَعْدِلُ أَلْفَ آيَةٍ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Холид ибн Маъдондан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлаш олдидан мусаббиҳотни ўқир ва: “Уларда минг оятга тенг оят бор”, дердилар (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Биз ҳадис таржимасида “ухлаш олдидан” деб ифодалаган бирикма арабий матнда “индан навм” деб келган. “Инда” сўзи луғатда “яқинида”, “вақтида”, “ўзида” каби маъноларни англатади.
    Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлашдан сал олдин мусаббиҳотни ўқиган эканлар.

وَعَنْ فَرْوَةَ بْنِ نَوْفَلٍ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِنَوْفَلٍ: اقْرَأْ قُلْ يَا أَيُّهَا الْكَافِرُونَ ثُمَّ نَمْ عَلَى خَاتِمَتِهَا فَإِنَّهَا بَرَاءَةٌ مِنَ الشِّرْكِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Фарва ибн Навфал отасидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Навфалга: “Ухлашингдан олдин Кофирун сурасини ўқи. Зеро, у ширкдан омонликдир”, деганлар (Абу Довуд, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Хулоса қиладиган бўлсак, уйқуга ётишдан олдинги дуолар тўшакка ётгандан кейин ўқилади. Бироқ Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқиб дам солиш тўшакка ётишдан олдин қилинади. Ривоятнинг зоҳири шунга далолат қилади. Баъзи суралар ухлашдан олдин ўқилади. Аммо Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда Оятул курсий тўшакка ётгандан кейин ўқилиши айтилган. Бу дуолар махфий ё ошкора ўқилиши борасида тўхталадиган бўлсак, саҳоба ёки мўминлар оналари “Расулуллоҳ уйқуга ётсалар, ундай дуони ўқирдилар, бундай деб айтардилар” деган қавлларидан у зот ётишдан олдинги дуоларни овоз чиқариб ўқиганлари маълум бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни таълим учун қилган бўлишлари мумкин. Аслида бундай дуоларни қай тартибда ўқиш банданинг ихтиёрида: хоҳласа овозини чиқариб, хоҳласа, ичида ўқийди. Бунда бирон қатъий шарт қўйилмаган. Лекин махфий қироатнинг энг қуйи чегараси пичирлаш эканини эслатиб ўтиш лозим. Валлоҳу аълам!

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217640
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Уйқудан олдинги дуо ва зикрлар қандай адо этилади? 26.08.2015

Ассалому алайкум. Ҳадисларда уйқуга ётишдан олдин ўқиладиган оят, сура ва зикрлар баён қилинган. Мен ҳам уларни ёдлаб олганман. Имкон борича ўқиб, кейин ухлашга ҳаракат қиламан. Сўрамоқчи бўлганим, бу оят ва зикрлар қандай ўқилади: тўшакка ўтириб олиб ўқиладими ёки ёнбошлабми? Жаҳрий ўқиладими ёки махфий? Илтимос, мана шуларнинг тартибини менга ўргатсангиз, устоз!

18329