Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Болани қандай тарбиялаш керак? 25.08.2015

Савол:

Савол: Ассалому алайкум ҳурматли домла! Сизга саволим бор эди ва шу билан биргаликда маслаҳатингиз ҳам керак. Икки нафар фарзандим бор, каттаси ўғил 7 ёшда, кичиги қиз 4 ёшда. Ўғлим бу йил насиб этса мактабга чиқади. Бугун онаси боғчага кетганда онасини айтганини қилмасдан ўзбошимчалик билан катта машиналар йулига қўлидаги копток билан чиқиб кетибди. Уйга келгач жаҳлим чикиб, оёғига хипчин билан 3-4 марта урдим. Чунки ушбу ҳолат олдин хам бир икки марта такрорланганда факат гап билан тушунтирган эдик. Энди сиздан сурамоқчиманки, шу тарбия юзасидан шу килаётган ишим тугрими? Ҳозирги ёшлар даврида тарбия учун таёқ билан уриш яхшимас, яна кўча тилида айтганда болани руҳи тушади, қўрқоқ бўлиб колади, деган гапларга нима дейсиз? Кимдан маслаҳат сўрасам боланинг ёнини олиб “яхшимас болани урманг!”, деб айтади, ҳатто психологлар ҳам. Маслаҳат беринг. Ҳозир мактабга чиқиш олдидан уни бир ўқитувчига тайёргарлик курсига бердим. Ўқишлари, ёзувлари яхши. Ёки болани 5 олдинг, сен зўр ўқияпсан, деб талтайтириб қўйдикмикан, тушунмадим. Мақсадим фарзандимни тўғри тарбиялаб, келажакда етук инсон бўлиб етишишига сабабчи бўлиш, ватанига, юртига, ота-онасига содиқ қилиб ўстириш! Маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат!

Булим Оилавий
8711
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Авваламбор, фарзандларингиз тарбияси борасида қайғураётганингиз учун Аллоҳ таоло сизга улуғ ажру савоблар ато этсин! Фарзандларингизни келажакда эл-юрт, ватан ва халқ учун хизматда бўладиган ватанпарвар инсонлар бўлиб етишишини ҳамда ота-онасига яхшилик қиладиган олийжаноб инсонлардан бўлишларини насиб қилсин!
    Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси динимиз Исломда аҳамияти баланд бўлган ишлардан ҳисобланади. Зеро, жамиятнинг келажаги бу фарзандларимиздир. Аллоҳ таоло кўплаб оятларда фарзанд тарбиясининг муҳимлига эътиборимизни қаратиб, фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларини эслатади. Жумладан, Нисо сурасининг 11-оятида: “Аллоҳ сизларга фарзандларингиз борасида васият қилур...”, дея фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилишга эътиборимизни қаратади. Бошқа бир ояти каримада эса: “эй иймон келтирган зотлар, ўзингизни ва аҳли оилаларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан иборат бўлган дўзах оловидан сақланг!” (Таҳрим: 6-оят), дея мўмин киши ўзини ва оила азоларини ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриш орқали дўзах оловидан сақланишга чақиради.
    Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам амаллари билан, ҳам сўзлари билан фарзандни чиройли тарбия қилишга чақирганлар. Ҳатто бир ҳадисларида “зурриётингиз учун (муносиб она) танланг!” (Ибн Можа ривояти), дея фарзанд туғилмасидан илгари унинг тарбияси билан шуғулланишга буюрганлар. Бу эса фарзандга муносиб бўлган яхши ва солиҳа она излаш орқали амалга ошади. Яна бир ҳадисларида “Қасамки, киши фарзандига битта одобни ўргатиши бир соъ миқдорда (озуқа) садақа қилишидан афзалроқдир” (Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилганлар. Негаки, киши фарзандига тарбия бериш орқали ўзига садақаи жория ташкил қилган бўлади. Садақаи жориянинг савоби эса нафақат инсоннинг ҳаётлик даврида, балки вафот этганидан сўнг ҳам муттасил етиб туради. Бу эса бир соъ миқдорда садақа қилгандан албатта афзалдир. Шу боис бор эътиборимизни фарзандларимиз тарбиясига қаратсак, нур устига нур бўлади. Фарзандларимизни солиҳу солиҳа қилиб, Аллоҳдан қўрқадиган, бандасидан ҳаё қиладиган, ота-онасига яхшилик қиладиган, ватанини севадиган қилиб ўстирсак, то улар ҳаёт экан, улар амалга оширган барча эзгу амаллардан насиба бизларга ҳам етиб туражак. Агар фарзандларимиз садақаи жория қилиб кетган бўлсалар, ҳеч шубҳасиз уларнинг вафотидан сўнг ҳам мазкур буюк ишларнинг савобидан ўша фарзандни тарбия қилганлар ҳам баҳраманд бўладилар.
     Энди тарбия услубларига келсак, инсонлар бу борада турли-туман йўлларни тутадилар. Тарбия ҳам бир илм-фан ва санъат десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу катта мавзу бўлганлиги ва қисқача савол-жавоб бўлимида уни батафсил ёритиш ўрни эмаслиги туфайли мухтасар сўз юритишга ҳаракат қиламиз. Фарзанд тарбиясида мулоқот ва тушунтириш услуби, киноя ва ишора услуби, ибрат бўлиш услуби, койиш ва дашном бериш услуби, бойкот услуби ва қаттиққўллик ва жазо услублари ва яна бошқа бирқанча воситалар бор. Мазкур услуб ва воситаларни нотўғри ишлатиш салбий натижаларга олиб келади. Доим енгил ва юмшоғидан қаттиғига қараб ҳаракатланиш афзал. Қаттиққўллик ва жазо бериш энг охири қўлланилиши керак. Бу нарсалар фарзанднинг табиати ва руҳий ҳолатига қараб ҳам белгиланади. Мисол учун фарзандингиз ақлли аммо аввал кўрмаган, билмаган ишга буюрилганда ёки мана шундай ишга тўғри келиб қолганда албатта хато қилади ва ниманидир ишдан чиқариб қўяди. Шу ҳолатда унинг хато қилиши табиий ҳол. Чунки, у аввал бу ишни тажрибасидан ўтказмаган, ҳеч ким унга ўргатмаган. Шу боис бу ўринда хато қилиб, ишни бузиб қўйса, уришилмайди, койилмайди. Балки, унга мазкур ишни қандай қилса, тўғри бўлиши ўргатилади. Кейинги сафар мана бундай қилгин(!), дея насиҳат қилинади. Бу ерда нотўғри ишдан қайтариш баробарида тўғри йўлни кўрсатиш ҳам муҳим саналади. Агар болани билмаганлиги туфайли содир қилиб қўйган бир хатоси учун қаттиқ урушсак, таҳқирласак ва ҳатто қўполлик қилсак, унга зулм қилган, унинг руҳий ҳолатига нисбатан жиноят содир қилган бўламиз. Балки, биринчи сафар тушунтирилади ва тўғри йўл кўрсатилади. Агар тўғри йўлни кўрсатмасдан урушаверсак, у ҳам нотўғри. Унда бола такрор-такрор битта хатони қилаверади ва урушилавериб довдираб қолади. Тўғри йўл кўрсатилса ва бирон нарсадан қайтарилганда сабаби тушунтирилса, бола қулоғига олади ва шунга эргашади. Бу борада Набий алайҳиссаломнинг сийрат ва суннатларида ҳам гўзал намуналар бор. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) набиралари Ҳасан ибн Али (разияллоҳу анҳу)ни садақа молларига тегишли хурмолардан биттасини олиб оғзига солаётганда кўриб қолиб, уни бу ишдан жиркантириш ва оғзидаги хурмони ташлаши учун “ких! Ких!”, дедилар. Сўнгра, “бизлар садақа емаслигимизни билмайсанми?!”, дея сабабни баён қилдилар. Набий алайҳиссалом кичик болага оғзидаги хурмони ташлашга буюрар эканлар бу ишнинг сабабини ҳам тушунтириб, тўғри йўлни кўрсатиб қўйганлар. Аслида тарбия шундай бўлади. Бир ишдан қайтарилса, унинг сабаби мантиқий тарзда тушунтириб берилиши лозим. Ёхуд бир одобга буюрилса, унинг ҳам сабаби тушунтирилиши керак. Масалан, катта кўчага чиқиб кетишдан қайтарилганда, “ўзинг катта кўчага чиқиб кетсанг, машина уриб кетиши мумкин ёки бошқа кўнгилсизлар бўлиши мумкин. Шу боис катталарсиз кўчага чиқма!”, каби сўзлар билан аввал тушунтириш керак. Мабодо кейинги сафар қулоққа олмаса, бироз койиб, норозилик нигоҳи билан қараб, бу ишдан қайтариш мақсадга мувофиқ. Агар яна қулоққа олмаса, унда фақат шу иши учун жазо тариқасида, таҳқирламасдан, камситмасдан майиб қилмайдиган қилиб, бирор навдага ўхшаш нарса билан оёғига, кафтига ёки орқасига уриш мумкиндир. Аммо, бу энг охирги чора ҳисобланади. Демак, болага тарбия беришда аввал илм берилади, тушунтириш берилади. Чунки, фарзанд оппоқ саҳифа, унга ҳеч нарса ёзилмаган. Уни билмаган нарсаси учун жеркиб, урушиш ва уриш катта хатодир. Тарбия услублари ҳақида қалам тебратган олимларимиз тарбия қилишда бирнечта услубларни таклиф қиладилар. Жумладан, таъриз (ишора) услубини оладиган бўлсак, бу хато қилаётган болага хатосини юзига айтмасдан муайян бир ишни нотўғри эканлигини умумий қилиб тушунтирилади. Масалан, тишини ювишга доим эринадиган болага гапдан гап чиқариб: “Баъзи дангаса болалар эрталаб ёки кечқурун умуман тишларини тозаламайдилар. Бу жуда нотўғри ва хунук иш. Шундай болаларнинг тишлари тезда тўкилиб, қуртлаб хунук тусга киради ва оғизларидан ёқимсиз ҳид келади. Кейин кўчада ўртоқлари унақа болаларнинг устидан кулиб, масхаралайдилар. Ота-онаси тиш пастаси олиб бермас эканда деб, ота-онасини ҳам уят қиладилар. Натижада бундай болалар ота-онасига ҳам иснод келтиради”, каби ибратли сўзларни айтиб тарбия қилиш мумкин. Бу услуб “сен нега тишингни ювмадинг?! Сен ундайсан, бундайсан!”, дея ҳақоратлаб урушишдан яхшироқ ҳисобланади.

    Мулоқот услуби ҳам бор. Бунда ота-она фарзанди билан ёлғиз қолиб, у билан дилдан суҳбатлашади. Унинг дилдаги дардларини эшитади. Боласининг истак-хоҳишлари билан қизиқади. Эҳтимол боланинг нотўғри хатти-ҳаракатида биз ота-оналарнинг худбинлигимиз, фақат талаб қилишни билиб, беришни билмаганлигимиз, боламизнинг ички дунёси ва орзулари билан ҳисоблашмаслигимиз ҳам сабабдир. Болага меҳр бериш, уни “ота-онам мени яхши кўради”, деган фикр билан улғайтириш бола тарбиясида жуда ҳам муҳим ўрин тутади.

   Ундан кейин койиш ва дашном усули туради. Бу аввал айтиб, тўғри тушунтириб берилган ишни такрор содир қилганда қўлланади. Бунда болага ҳақоратламасдан, ҳиссиётга берилмасдан меъёрда урушиш ва норози нигоҳ билан болага қарашда акс этади. Юқоридаги услублар босқичма-босқич бажарилганда ҳам наф бўлмаса, бойкот усулига ўтилади. Масалан, бола рухсатсиз велосипедни миниб кўчага чиқиб кетаётган бўлса, ва огоҳлантиришу насиҳатни олмаса, маълум муддат велосипед минишдан маҳрум қилиб қўйилади ва ҳоказо. Ёки буюрилган қайсидир ишни давомли равишда қилавермаса, қайсидир ўйиндан, телевизор кўришдан маълум муддатга тўсиб қўйилади. Тарбия услубларини яна анча давом эттириш мумкин. Баъзи услублар борки, боланинг қайсидир нотўғри тасарруфотларини кўриб кўрмаганга олишда намоён бўлади. Шунда вақт ўтиб айтилмаса ҳам мазкур одат йўқолиб кетади. Бордию айтилса унда болада “барибир ҳамма билди, энди бемалол қилавераман”, дея аввал яширинча қилиб юрган ишига кучлироқ одатланиб қолиши мумкин. Тарбиячи моҳир бўлса бу услубни ҳам ўрнида қўллай билади.

    Жазо услуби энг охирида қўлланилади. Бунда боланинг юзига бақириш, қаттиқ урушиш ёки керак бўлса, майиб қилмайдиган тарзда уриш назарда тутилади. Баъзилар сал нарсага боласини ураверади. Бу энг катта аҳмоқлик ҳисобланади. Бунда боланинг руҳиятига ҳалокатли зарар етказилади. Бола руҳан синдириб қўйилади. Журъатсиз, довдир, қўрқоқ ва ношуд бўлиб қолади бундай болалар. Ундан ташқари урса эти қотади, сўкса бети қотади, деганларидек, давомли равишда уриш ёки сўкиш бу услубнинг ҳайбати ва таъсири йўқолишига олиб келади. Натижада бола қўпол қилиб айтганда без бўлиб қолади. Барча услуб қўлланганда ҳам бола нотўғри ишда давом этса уриш услубига мурожаат қилса бўлади. Аммо, бунда айрим тартиб ва қоидаларга қатъий риоя қилиш лозим. Жумладан, ёши ўндан ошмаган болага бу услуб қўлланилмайди. Шунингдек, ғазабини қондириш учун қилинмайди. Зеро, уриш бу чекловчи ва жиловлагувчи омил бўлиб хизмат қилиши керак. Яъни бола, агар фалон ишни қилсам, жазоланаман деган қўрқув уни ёмон ишдан ҳайиқтириб, тийиб туриши керак. Давомий бўлмаслиги керак. Акс ҳолда унинг ҳайбати ва таъсири кетиб, бефойда бўлиб қолади. Терини ёрадиган, қаттиқ ва ўткир нарсалар ишлатилмаслиги керак. Баъзилар фарзандларини камар билан уради. Бу улкан хато. Юзга урилмайди. Ва бошқа нозик жойларга ҳам урилмайди. Балки, ўша тарбия воситаси бўлган таёқ ва ҳоказо билан оёқ ёки кафтга урилади. Шунда ҳам куч билан эмас. Майиб қиладиган, қон чиқарадиган шаклда эмас. Агар бола ўз вақтида кечирим сўраса ва жазоламасликни сўраса, боланинг кечирими қабул қилиниб, дарҳол жазони тўхтатиш лозим бўлади. Яна таъкидлаб айтамиз, уриш воситасида тарбия қилиш афзал тарбия эмас, балки, энг сўнги чора ҳисобланади. Ўйлаймизки, боланинг тарбияси учун ундан беридаги бошқа услублар кифоя қилади. Ахир, ота-боболаримиз фарзандларини сизлаб, яхши гапириб, тарбия қилганлар.

    Кичик болани “додам!”, деб, қизболани эса “онам!”, деб бошга қўйганлар. Фарзандларининг ҳалқуми поклигига, луқмаси ҳалол бўлишига биринчи галда эътибор берганлар. Ана шунинг учун бизнинг димёрларимиздан дунёни ларзага солган алломалар етишиб чиққан. Бу биз учун етарли ибратдир.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217790
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 97974
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47005
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 44859
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Болани қандай тарбиялаш керак? 25.08.2015

Савол: Ассалому алайкум ҳурматли домла! Сизга саволим бор эди ва шу билан биргаликда маслаҳатингиз ҳам керак. Икки нафар фарзандим бор, каттаси ўғил 7 ёшда, кичиги қиз 4 ёшда. Ўғлим бу йил насиб этса мактабга чиқади. Бугун онаси боғчага кетганда онасини айтганини қилмасдан ўзбошимчалик билан катта машиналар йулига қўлидаги копток билан чиқиб кетибди. Уйга келгач жаҳлим чикиб, оёғига хипчин билан 3-4 марта урдим. Чунки ушбу ҳолат олдин хам бир икки марта такрорланганда факат гап билан тушунтирган эдик. Энди сиздан сурамоқчиманки, шу тарбия юзасидан шу килаётган ишим тугрими? Ҳозирги ёшлар даврида тарбия учун таёқ билан уриш яхшимас, яна кўча тилида айтганда болани руҳи тушади, қўрқоқ бўлиб колади, деган гапларга нима дейсиз? Кимдан маслаҳат сўрасам боланинг ёнини олиб яхшимас болани урманг!, деб айтади, ҳатто психологлар ҳам. Маслаҳат беринг. Ҳозир мактабга чиқиш олдидан уни бир ўқитувчига тайёргарлик курсига бердим. Ўқишлари, ёзувлари яхши. Ёки болани 5 олдинг, сен зўр ўқияпсан, деб талтайтириб қўйдикмикан, тушунмадим. Мақсадим фарзандимни тўғри тарбиялаб, келажакда етук инсон бўлиб етишишига сабабчи бўлиш, ватанига, юртига, ота-онасига содиқ қилиб ўстириш! Маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат!

8711