Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Чойхонада ўтириш шартлари 28.09.2017

Савол:

Ассалому алайкум, устоз. Менинг икки оғайним нарда ўйинида ютқазган. Улар ҳамма оғайнилар учун чойхона қилиб беришдан ўйнашганди. Саволим шуки, бу чойхонага бориб, у ерда тайёрланган ошни истеъмол қилиш ҳукми қандай? Бундай ишларнинг зарарлари ҳақида маълумот берсангиз!

Булим Ижтимоий масалалар
7982
Жавоб:

Ва алайкум  ассалом. Нарда ўйини қимордир. Қимор эса ҳаром. Қиморда ютиб олинган нарсани ишлатиш ёки истеъмол қилиш мумкин эмас.

 

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِأَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ لَعِبَ بِالنَّرْدَشِيرِ فَكَأَنَّمَا صَبَغَ يَدَهُ فِي لَحْمِ خِنْزِيرٍ وَدَمِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким нарда ўйнаса, қўлини чўчқа гўштига урган ва қонига бўягандек бўлади” (Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).

Мана шу ривоятни далил қилган жумҳур уламолар нарда ўйини ҳаромдир, дейишган.

Нарда ўйини ҳақида бундан бошқа ривоят ҳам бор.

 

عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ لَعِبَ بِالنَّرْدِ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким нарда ўрнаса, аниқки, Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди” (Абу Довуд, Молик, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Банданинг Аллоҳга осий бўлишига сабаб бўладиган ҳар қандай амал ҳаром ва гуноҳи кабира ҳисобланади. Бу ерда нарда ўйнаган одам Аллоҳ ва Расулига осий бўлиши, яъни уларнинг итоатидан чиқиши, амрига тескари иш қилган бўлиши айтилмоқда. Демак, нарда ўйини шубҳасиз ҳаромдир. Ундан келган фойда ҳам ҳаром бўлади.

Демак, ўша нарда ўйинида ютиб олинган чойхона базмида ўтириш мумкин эмас. Гарчи у ерда тайёрланадиган таомлар покиза бўлган тақдирда ҳам, бу маънавий нопок ҳисобланади. Сабаби у ҳалол пулга қилинаётгани йўқ.

Чойхонада ўтириш ҳақида гап кетганида бошқа жиҳатларни ҳам айтиб ўтиш керак. Жумладан, ҳалол, пешона тери билан топилган пулга чойхонада ўтириладиган бўлса, муҳит покиза бўлиши керак. Чойхонага бориб, у ерда нарда, карта ўйнаш ёки ароқ ичиш қатъиян ман этилади. Баъзилар “мен ичмайман, ичса ўзига зарар, менга нима, бирга ўтирсам нима бўлибди?”дейишади. Бу гап қанчалик хато эканини қуйидаги ҳадис мисолида кўриб чиқамиз.

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلاَ يَشْرَبِ الْخَمْرَ ، مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلاَ يَجْلِسْ عَلَى مَائِدَةٍ يُشْرَبُ عَلَيْهَا الْخَمْرُ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, бас, (зинҳор) хамр ичмасин! Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, бас, хамр ичиладиган дастурхонда ўтирмасин!” (Табароний  ривояти).

Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, хамрнинг бир томчисини ҳам ичмайди. Ким Аллоҳга, охират кунига имон келтирган бўлса, хамр қўйиладиган ва ичиладиган жойларда ўтирмайди. Сабаби кишининг қалбидаги имони билан хамр бир-бирига тескаридир. Имон бандани доим яхшиликка бошласа, хамр бунинг акси. Имон бандани икки дунё саодатига йўлласа, хамр уни дунёю охиратда бадбахт бўлишига сабабдир.

Ароқхўрлар даврасида ўтириш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш мўмин кишига тўғри келмайди. Чунки, хамр ичиладиган даврада ўтириш ўша кишида кейинчалик маст қилувчи ичимликлар ичишга бўлган мойилликни келтириб чиқаради ва унинг ҳамияти ва ғайратини кеткизади. Авваламбор, агар бирон ерда ўтириш пайтида ароқ ёки шу каби ичимликлар кирса, дастурхонга қўйилса, мўмин одам уни олиб ташлашга, ёнидагиларни ичмасликка чақириш лозим. Бир-икки мартада ҳам ҳеч ким унинг гапларига унамаса, у шу заҳоти даврани тарк этиши шарт.

Хулоса қиладиган бўлсак, мўмин-мусулмон банда қимор ўйналадиган, нопок ичимликлар ва таомлар истеъмол қилинадиган жойларда бўлиши жоиз эмас. Гарчи ўзи ичмаса ё емаса ҳам у ерда ўтириши ўша ишга розилик белгисидир. Яна бунда банда ўзи билмаган ҳолда мункар ишга рағбат билдириши мумкин. Шундай экан, покиза жойларда ўтириш, оғайнилар билан тоза егуликлар истеъмол қилиш лозим. Акс ҳолда ҳаром устида жамланиш қиёмат куни қаттиқ афсус-надоматларга сабаб бўлади. Тақво йўлида бир-бири билан дўст тутинганларгина у куни хурсанд бўладилар. Дўстлик фақат улфатчилигу базмлар билангина боғланмаслиги керак. Балки мўмин банда асосан оғир кунларда, қийин маҳалларда бир-бирини қўллаб-қувватлашга, ҳақиқий дўст бўлишга ҳаракат қилиш керак. Зеро, ким аслида ким экани бошга иш тушганда билинади.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217643
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Чойхонада ўтириш шартлари 28.09.2017

Ассалому алайкум, устоз. Менинг икки оғайним нарда ўйинида ютқазган. Улар ҳамма оғайнилар учун чойхона қилиб беришдан ўйнашганди. Саволим шуки, бу чойхонага бориб, у ерда тайёрланган ошни истеъмол қилиш ҳукми қандай? Бундай ишларнинг зарарлари ҳақида маълумот берсангиз!

7982