Қор билан таҳорат,таяммум ва ғусл қилса бўладими? 13.08.2015
Савол:Ассалому алайкум. Қор билан таҳорат, таяммум ёки ғусл қилса бўладими? Қуръондан ёки ҳадисдан далиллар борми?
Булим Фиқҳ4385
Ва алайкум ассалом. Аввало шуни айтиш лозимки, таяммум сўзини қорга нисбатан ишлатиш аслида нотўғри ҳисобланади. Зеро, таяммум осмондан тушадиган нарса билан эмас, балки, ер жинси, ернинг устки қатлами билан қилинади. Аллоҳ таоло шундай деган: “Бас, покиза ер жинси билан таяммум қилинглар!” (Моида, 6; Нисо, 43).
“Ер жинси” деганда, ер остидан чиқиб, ер юзасида қарор топган нарса тушунилади. Бу тупроқ, тош ёки бошқа ер жинси бўладими, фарқи йўқ. Таяммумга яроқли ер жинси эримайдиган, ёндирса ёнмайдиган, ўз хусусиятини ўзгартирмайдиган ва кулга айланмайдиган бўлиши керак.
Қор суви билан таҳорат ёки ғусл қилса бўлади. Сабаби бу покиза сувдир. Аммо, эришидан олдин қорнинг ўзи билан покланиш борасида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабига кўра аъзо устига юргазилганда томчиламайдиган ёки оқмайдиган даражадаги эримаган қор билан ғусл ёки таҳорат олиш жоиз эмас. Имом Абу Юсуф ва Авзоъий (р.ҳ)лар эса оқмаса-да, томчиламаса-да қор билан ғусл ёки таҳорат қилишни жоиз санаганлар. Аммо, мазҳабимизда мўътамад саналган қавлга мувофиқ эримаган қор билан таҳорат ёки ғусл ўтмайди, чунки, таҳорат ва ғуслда аъзолар ювилади, ювиш эса сув билан ҳосил бўлади, кристалл ҳолатдаги қор билан эмас. Қор билан бажариладиган таҳорат ёки ғуслни ювиш деб бўлмайди, балки, бу ишқаш маъносига тўғри келади. Ундан ташқари, мазҳабимизда мўътабар бўлган “ад-дурр ал-мухтор” китобининг соҳиби Алоуддин Ҳаскафий (1616-1677)нинг ибораси билан айтганда, ҳадас (таҳоратсизлик) мутлақ сув билан кетказилади. Мутлақ сув деб эса сув номи қулоққа чалинганда биринчи бўлиб хаёлга келадиган нарсалар тушунилади. Масалан, само суви (ёмғир), сел бўлиб водийлардан оқиб келадиган тошқин, булоқ сувлари, қудуқ сувлари, денгиз (дарё) сувлари ва ниҳоят эриган қор суви тушунилади. Шундай экан, қор эриб сувга айланмагунча ёки энг камида аъзоларга юргазилганда оқиб, томчилайдиган бўлмагунча кристалл ҳолатида у билан таҳорат ёк ғусл қилиш мазҳабимизга кўра мумкин эмас. Валлоҳу аълам!