Ассалому алейкум
Мавзу:

Бани Исроилнинг икки бузғунчилиги 11.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Исро сурасининг 4-9-оятларида Бани Исроилнинг ер юзида қиладиган икки бузғунчилиги ҳақида баён этилган. Устоз, уламолар мазкур оятларни қандай тафсир қилишган?

Булим Бошқа мавзулар
4790
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Бани Исроил қавмининг кирдикорларидан, ўтмишда содир этган қилмишларидан огоҳлантирган. Жумладан, Исро сурасининг аввалги оятларида Аллоҳ таоло шундай деган: “Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этдик ва уни Бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): “Сизлар Мендан ўзгани вакил (барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар! (Эй,) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб,) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (нажот берган) кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар). Зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди”. Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: “Сизлар албатта (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қиласизлар ва катта туғёнга тушасизлар”, деб хабар бердик. Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгиси вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида жазолаш учун) куч-қувват эгалари бўлган бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ховли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилинувчи ваъда бўлди” (Исро сураси, 2-5-оятлар).
     Муфассирлар айтишича, Бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол, деб ноҳақ қон тўкиб бузғунчилик йўлига кирганида, Аллоҳ таоло уларнинг устига Бобил ҳукмдорини ғолиб қилиб қўяди. У лашкарлари билан келиб, Бани Исроилдан 70.000 нафарини қиличдан ўтказади, уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Аллоҳ таоло ваъда қилган жазо эди (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони карим маънолари таржимаси”).
     Сура давомида шундай дейилган: “Сўнгра (тавба-тазарру қилиб ўзларингизни ўнглаганларингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (яъни, Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб, сон-саноғингизни кўпайтирдик. Агар (шундай кейин) чиройли амал қилсаларингиз – ўзларингизга яхшилик қилган бўласизлар. Агар ёмон – гуноҳ амал қилсаларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Бас, қачонки кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар қилганлари каби Масжид(ул Ақсо)га кириб, (уни топташлари учун) ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборамиз). (Агар тавба-тазарру қилиб ўзларингизни ўнгласаларингиз,) шояд Парвардигорингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангиз, Биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтамиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз” (Исро сураси, 6-8-оятлар).
     Чиндан ҳам Бани Исроил қавми яна йўлдан озиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни қатл қилишгач, Аллоҳ таоло уларнинг устига Форс мажусийларини ғолиб қилди. Ўшанда форслар Бани Исроил қавми устига бало ёғдирган, юртларини вайронага айлантирган экан (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони карим маънолари таржимаси”).
     Демак, Бани Исроил қавмининг икки бузғунчилиги тарихда содир бўлиб ўтган. Бу нарса аввалги машҳур муфассирлар китобида ҳам таъкидланган. Фақат бироз фарқли жиҳатлари бўлиши мумкин, аммо деярли барчалари икки бузғунчилик аллақачон содир бўлганини таъкидлашган. Сўзимизнинг исботи учун баъзи китоблардан иқтибослар келтирамиз.

“Уларнинг биринчи бузғунчилиги Закариё алайҳиссаломнинг ўлдирилиши ва Армиё алайҳиссаломнинг ҳибс қилиниши, иккинчиси Яҳё алайҳиссаломнинг ўлдирилиши ва Исо алайҳиссаломни қатл қилиш ҳақида режа тузилишидир (Насафий, “Мадорикут танзил”).

Имом Шавконийнинг “Фатҳул қодир” номли тафсирида ва Замахшарийнинг “Кашшоф”ида ҳам шу маънодаги фикрлар айтилган.

Ибн Касир тафсирида бузғунчилик қилган Бани Исроил қавми устидан қайси подшоҳ (Жолут, Синҳориб ёки Бобил подшоҳи Бухтунаср) юборилгани ҳақида бир қанча қавллар келтирилган.

“Бани Исроилнинг ер юзида бузғунчилик қилиши Тавротни ўзгартиришлари, ундаги ҳукмларга амал қилишдан бўйин товлашлари, пайғамбарлар ва солиҳ кишиларни қатл этишларидир” (Муҳаммад Саййид Тантовий, “Васит”).

Али ибн Абу Толиб икки бузғунчиликдан бири Закариё алайҳиссаломнинг, иккинчиси Яҳё алайҳиссаломнинг ўлдиришилидир, деган (Ибн Асокир “Тарих”да зикр қилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга кўра, биринчи бузғунчиликда Аллоҳ Бани Исроил устига Жолутни юборади. У ҳамма ёқни вайрон қилиб, Бани Исроилни хор-зор қилади. Шунда улар бир подшоҳ юборилишини сўрайдилар. Аллоҳ уларга Толутни подшоҳ қилиб жўнатади. Жолут Довуд алайҳиссалом томонидан ўлдирилади ва Бани Исроилга яна подшоҳлик қайтариб берилади. Иккинчи бор бузғунчилик қилганларида Аллоҳ уларнинг устига Бухтунасрни юборади. У бутун мамлакатни харобага айлантиради (Ибн Жарир Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

      Демак, аввалги ва ҳозирги муфассирлар оятдаги икки бузғунчилик тарихда бўлиб ўтганини таъкидлашган. Бани Исроил устидан қайси подшоҳлар устунлик қилгани борасида ихтилоф бўлса ҳам, аммо иккала бузғунчилик тарихда бўлиб ўтгани аниқ. Бироқ оятнинг давомидаги “Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангиз, Биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтамиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз” ояти қиёматгача бўлган даврни ўз ичига олади, десак хато бўлмайди. Яъни, аввалги икки бузғунчилик оқибатида Аллоҳ Бани Исроил қавмини хору зор қилгани каби бундай кейин ҳам улар яна бузғунчилк қиладиган бўлсалар, У Зот томонидан Бани Исроилнинг додини берадиганлар юборилади. Буни қачон ва қаердан чиқиши номаълум. Аммо жавр-зулм ҳаддан ошадиган бўлса, бу ваъданинг бажарилиши аниқ. Зеро, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ.
      Бани Исроилнинг дунё ҳаётидаги охирги уқубати Исо алайҳиссалом тушганидан кейин бўлади. Ўшанда у киши дажжолни ўлдиради, мусулмонлар билан бирга Фаластин ерида яҳудийларни қатл этади. Бу мутавотир даражадаги ҳадислар билан собит бўлган. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217261
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Бани Исроилнинг икки бузғунчилиги 11.08.2015

Ассалому алайкум. Исро сурасининг 4-9-оятларида Бани Исроилнинг ер юзида қиладиган икки бузғунчилиги ҳақида баён этилган. Устоз, уламолар мазкур оятларни қандай тафсир қилишган?

4790