Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Намозда кўз нури яхшиланишини сўраса бўладими? 05.02.2017

Савол:

    Ассалому алайкум. Менинг кўзим нури бироз пасайган. Компютерда кўп ишлаганим туфайлими, билмадим. Нафл намоз ўқиб, Оллоҳдан кўзим нурини яхшилашини сўрайман. Бу жоизми? Ва, Шайх Муҳаммад Содиқ хазратларига йўлланган саволга кўзим тўшди. (http://savollar.islom.uz/smf/index.php/topic,34001.0.html#lastPost). Аммо тўлиқ маълумот ололмадим. Сиздан илтимос, зеҳнни қувватини ошириш учун ўқиладиган намоз ҳақида баътафсил маълумот бера оласизми? Агар ноўрин ва ортиқча саволлар бериб қимматли вақтингизни олган бўлсам узр. Оллоҳ Сиздан рози бўлсин.

Булим Ибодат масалалари
7663
Жавоб:

    Ва алайкум ассалом. Мўмин-мусулмон банда намоз ўқиб, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Зеро, Аллоҳ таоло шундай хитоб қилган: “Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар! Албатта (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар Парвардигорларига рўбарў бўлишларини, Унинг ҳузурига қайтувчи эканларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмас)” (Бақара сураси, 45-46-оятлар).
    Муаммолар кўпайиб, қатъият сусайган бир пайтда намоз бандага куч бағишлайди, уни сабрли бўлишга ундайди. Намоз тоатни янгилаб турувчи восита, қалбни озиқлантирувчи кучдир. У сабр арқонини мустаҳкамлайди, узилиб кетишидан асрайди. Қуввати чекланган инсон доим мадад олиб туришга, ёмонликларга қарши курашиш учун ёрдамга муҳтож. Шаҳватлар, эҳтирослар туғён урганда, йўл узайиб, қисқа умрида машаққатлар кўпайиб кетганида инсонга далда, хотиржамлик берувчи воситага – намозга эҳтиёжи янада ортади. Мана шунда намознинг ҳақиқий қиймати билинади. Чиндан ҳам, намоз қуримас булоқ, жазирама кундаги ёқимли шаббода, ҳолдан тойган қалб учун юпанч, меҳрибон овутувчидир. Намоз бандани Аллоҳга боғлайди, Унга яқинлаштиради, раҳматига ноил қилади. Шунинг учун улуғ пайғамбарлар бирон муаммога дуч келишса, намоз ўқишган. Жумладан, анбиёлар саййиди Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушкул вазиятда қолсалар, ибодат қилиб Аллоҳдан ёрдам сўрардилар.
    Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига бирон юмуш тушса, дарров намоз ўқишга чоғланардилар (Абу Довуд, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон нарсага муҳтож бўлсалар, танг аҳволда қолсалар оила аъзоларига мурожаат қилиб: “Эй аҳлим! Намоз ўқинглар, намоз ўқинглар!” деб айтардилар (Манба: Байҳақий, “Шуабул имон”; Табароний, “Авсат”; Аҳмад ибн Ҳанбал, “Зуҳд”; Абу Нуайм, “Ҳилятул авлиё”).
    Расулуллоҳ кўз қувончини намозда деб билганлар. Намоз ўқиб роҳатланар, Аллоҳга юкиниб ўзларини енгил ҳис этардилар. Шу сабаб бўлса керак, нажот сари чорловчи муаззин Билолга қараб: “Эй Билол! Намозга иқомат айт, бизни роҳатлантир!” дердилар.
    Қалб Аллоҳнинг зикри билан роҳатланади. Оламлар Парвардигори ёд этилганда мўмин банда дили қувонади. Намозда зикрнинг барча турлари мужассам. Унда қироат, дуо, зикр-тасбеҳ, салавот, истиғфор бор. Намозни қойилмақом қилиб ўқишга ҳаракат қилган инсон ибодатда ҳаловатга эришади. Бу лаззатни моддий неъматлардан топиш қийин. Чунки моддий неъматлар фақат тана аъзоларимизни ҳузурлантиради. Намоз эса қалбимизга ҳам, танамизга ҳам ҳузур-ҳаловат бағишлайди.
     Ҳатто бирон жойимиз оғриганида ҳам намоз ўқисак, танамиз яйрайди, мушкулимиз осон бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Куннинг қоқ ўртасида, қуёш айни қиздирган маҳалда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Ўшанда туриб намоз ўқидим. Кейин жойимга келиб ўтирдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга разм солиб туриб: “Қорнинг оғрияптими?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа, эй Расулуллоҳ!” дедим. Шунда у зот: “Ўрнингдан туриб намоз ўқи! Чунки намозда шифо бор”, деб марҳамат қилдилар” (Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
    Намоз ризқни баракали қилади, соғликни тиклайди, азиятни кетказади, касалликни ҳайдайди, қалбни (юракни) бақувват қилади, кўнгилга шодлик бағишлайди, дангасаликни аритади, танани тетиклаштиради, куч-қувватни оширади, дилни равшан қилади, руҳни озиқлантиради, юзни нурли қилади, азобни қайтаради, барака келтиради, шайтонни узоқлаштиради, Аллоҳга яқинлаштиради. Бир сўз билан айтганда, қалбни, танани касалликлардан сақлашда намознинг ўрни жуда катта.
     Кўз нурини равшан қилиш учун ўқиладиган махсус намоз борлигини билмайман. Сиз – фарз ёки нафл бўлишининг фарқи йўқ – намоз ўқиб, Аллоҳдан мадад сўрасангиз, “Ё Аллоҳ, менга ёрдам бер, кўз нуримни ўткир қил”, деб дуо қилсангиз, Аллоҳ дуоларингизга ижобат этса, ажаб эмас. Айниқса, тунда бедор бўлиб, таҳажжуд намозини ўқиш, саҳар чоғида истиғфор айтиш, дуо қилиш фазилати жуда улуғ (Манба: “Намозда хушуъ” китоби).
    Шу билан бирга кўз шифокорларига мурожаат қилиб, уларнинг маслаҳатини олишингизни ва керак бўлса тегишли муолажа курсини қабул қилишингизни тавсия қиламиз. Чунки, ҳадиси шарифларда келганидек, Аллоҳ таоло бирор касалликни яратган бўлса, албатта унинг шифосини ва даво йўлларини ҳам яратиб қўйган. Агар даво дардга тўғри келса, Аллоҳнинг изни билан дард чекинади ва инсон шифо топади. Қолаверса, бу дунё сабаблар дунёсидир. Инсон Аллоҳдан сўраш ва таваккул қилиш билан бирга сабабларни ишга солишга ҳам буюрилгандир. Ҳатто пайғамбарлар сабабларни ишга солиб яшаганлар. Шундай экан, бизлар сабабини қилмасдан фақат дуо қилиш билан чекланиб қолишимиз тўғри эмас.
     Зеҳнни ўткирлашда ҳам дуо қилиш билан бирга мутахассислар томонидан тавсия этиладиган зеҳнни чиниқтирувчи айрим машғулотларни бажариш, муайян витаминга эга озиқ моддаларини истеъмол қилиш, номаҳрамдан кўзни тийиш, кераксиз нарсалар билан шуғулланмаслик, онгни фойдасиз маълумотлар билан тўлдирмаслик, тартибли ҳаёт кечириш каби бир қатор ишларни бажариш фойдадан холи бўлмайди.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217302
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Намозда кўз нури яхшиланишини сўраса бўладими? 05.02.2017

Ассалому алайкум. Менинг кўзим нури бироз пасайган. Компютерда кўп ишлаганим туфайлими, билмадим. Нафл намоз ўқиб, Оллоҳдан кўзим нурини яхшилашини сўрайман. Бу жоизми? Ва, Шайх Муҳаммад Содиқ хазратларига йўлланган саволга кўзим тўшди. (http://savollar.islom.uz/smf/index.php/topic,34001.0.html#lastPost). Аммо тўлиқ маълумот ололмадим. Сиздан илтимос, зеҳнни қувватини ошириш учун ўқиладиган намоз ҳақида баътафсил маълумот бера оласизми? Агар ноўрин ва ортиқча саволлар бериб қимматли вақтингизни олган бўлсам узр. Оллоҳ Сиздан рози бўлсин.

7663