Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Намозда қўл боғлаш масаласи. 06.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш масаласида баъзи уламолар: “Чимчилоқ бармоғи билан бош бармоғини ҳалқа қилиб ушлайди. Қолган бармоқларини чап қўли устига қўяди. Ана шунда “Аллоҳ” лафзи ҳосил бўлади”, дейишган экан. Мен илгари шу қавлга амал қилардим, лекин ҳозир ундай қилмаяпман. “Шарҳул виқоя”нинг ҳошиясида Абдулҳай Лакнавий мана шу масала ҳадисларга зид эканлигини тушунтирган эканлар. Буни иккала ҳадисни жамлаш дейиш мутлақо тўғри эмас, бундай қилинганда иккала ҳадисга ҳам амал қилинмаган бўлади, дейишган экан баъзи уламолар. Афзали баъзида қўлларини ушлаш, баъзида қўйишми? Шунда суннатга амал қилинган бўладими? Мана шу амал энг саҳиҳми?

Булим Фиқҳ
4371
Жавоб:

Ва алайкумус салом. Намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш ривоятларда келган. Аммо уни қаерда тутиб туриш борасида ихтилоф қилинган. Масалан, шофеийларда қўл кўкрак бараварида ушлаб турилса, моликийлар қўлни икки тарафга тушириб туришни ихтиёр қилишган. Бизнинг ҳанафий, шунингдек ҳанбалий мазҳабида ҳам қўлни киндик остида ушлаб туриш ҳақидаги ривоятлар олинган.

عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ أَنَّ عَلِيًّا رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مِنْ السُّنَّةِ وَضْعُ الْكَفِّ عَلَى الْكَفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

     Абу Жуҳайфадан ривоят қилинишича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деган: “Намозда кафтни кафт устига қўйиб киндик остида ушлаб туриш суннатдир” (Абу Довуд, Аҳмад ва Дорақутний ривояти. Ривоят санади заиф).
     Маълумки, ҳанафий мазҳабида ривоят заиф бўлса ҳам, аммо ривоят йўллари кўп бўлиб, бир-бирини қувватлаб келса, ҳасан лиғойриҳ даражасига чиқиб, ҳужжат сифатида қабул қилинади. Абу Ҳанифа, Суфён Саврий, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, Шофеъийнинг асҳобларидан Абу Исҳоқ Марвазийга кўра, намозда кафт киндик остига қўйилади. Бу борада Имом Моликдан икки хил ривоят собит бўлган. Биринчисида, қўллар кўкрак остига, киндик устига қўйилади, дейилган. Иккинчисида икки қўл бир-бирининг устига қўйилмайди, икки ёнга туширилади, дейилган. Имом Моликдан қўллар боғланиши ва икки ёнга туширилиши мухайярлиги (ихтиёрли экани) ҳам нақл қилинган (“Туҳфатул аҳвазий”).
    Имом Аҳмаддан бу борада уч хил ривоят нақл қилинган: 1. Икки кафтни киндик остига қўйиш. 2. Иккисини кўкрак остига қўйиш. 3. Кўкрак ва киндик остига қўйишда ихтиёр кишининг ўзида экани. Биринчи ривоят машҳурроқ. Кўп ҳанбалийлар шунга амал қилишади (“Туҳфатул аҳвазий”).

عَنْ أَبِي وَائِلٍ قَالَ: قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: أَخْذُ الأَكُفِّ عَلَى الأَكُفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.


     Абу Воил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Намозда кафтларни кафтлар устига қўйиб киндик остида ушлаб турилади” (Абу Довуд ривояти. Ривоят санади заиф). Алқама ибн Воил ибн Ҳужр отасидан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, киндик остида ушлаб турганларини кўрганман” (Ибн Абу Шайба ривояти. Ривоят санади жаййид).
      Абу Маъшар Иброҳимдан ривоят қилади: “Киши намозда ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндик остида тутиб туради” (Ибн Абу Шайба ривояти). Ҳажжож ибн Ҳассондан ривоят қилинади: “Мен Абу Мижлаздан: “(Намозда) қандай қилади?” деб сўрадим. У: “Ўнг қўл кафти ичини чап қўл кафти устига қўйиб, киндикдан пастроқда ушлаб туради”, деди” (Ибн Абу Шайба ривояти).

عَنْ قَبِيصَةَ بْنِ هُلْبٍ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَؤُمُّنَا فَيَأْخُذُ شِمَالَهُ بِيَمِينِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ.


     Қабийса ибн Ҳулб отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга имомликка ўтар, чап қўлларини ўнг қўллари билан ушлаб турардилар” (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва Табароний ривояти. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ). Демак, намозда ўнг қўл чап қўл устига қўйилиши собит бўлган. Аммо уни киндик ё кўкрак остига қўйиш, ё бўлмаса кўкрак бараварида ушлаб туриш афзаллиги борасида ихтилоф қилинган.
     Хуллас, бизнинг ҳанафий мазҳабида эркак киши намозда ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндик остида ушлаб туради. Аёл эса, қўлини кўкраги устига қўяди. Аммо намозда қўл боғланганда уни ҳалқа қилиш натижасида “Аллоҳ” лафзи ҳосил бўлиши ҳақида мўътамад (ишончли) китобларда бирон нарса дейилганини кўрмадик. Валлоҳу аълам!

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217193
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Намозда қўл боғлаш масаласи. 06.08.2015

Ассалому алайкум. Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш масаласида баъзи уламолар: Чимчилоқ бармоғи билан бош бармоғини ҳалқа қилиб ушлайди. Қолган бармоқларини чап қўли устига қўяди. Ана шунда Аллоҳ лафзи ҳосил бўлади, дейишган экан. Мен илгари шу қавлга амал қилардим, лекин ҳозир ундай қилмаяпман. Шарҳул виқоянинг ҳошиясида Абдулҳай Лакнавий мана шу масала ҳадисларга зид эканлигини тушунтирган эканлар. Буни иккала ҳадисни жамлаш дейиш мутлақо тўғри эмас, бундай қилинганда иккала ҳадисга ҳам амал қилинмаган бўлади, дейишган экан баъзи уламолар. Афзали баъзида қўлларини ушлаш, баъзида қўйишми? Шунда суннатга амал қилинган бўладими? Мана шу амал энг саҳиҳми?

4371