Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Намоздан кейин айтиладиган тасбеҳлар сони. 03.10.2015

Савол:

Aссалому алайкум. Намоздан кейин ўқиладиган тасбеҳ, ҳамд ва такбирларнинг турли сийғалари ҳадисларда келган. Мисол учун, 33 мартадан айтиладиган, 10 мартадан айтиладиган, яна баъзи ҳадисларда 25 мартадан айтиладиган шакллари ривоят қилинган. Бундан анча вақт илгари бир исломий сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида мазкур зикрларнинг 11 мартадан айтиладиган шакли ҳам борлиги келтирилганди. Ўша маънодаги ҳадисни имом Муслим ривоят қилганлиги изоҳда айтилган, лекин ҳадис матни, қайси саҳоба ривоят қилгани зикр қилинмаган. Устоз, намоздан кейинги тасбиҳларни 11 мартадан айтиш кераклиги ҳақидаги ривоят ҳадис китобларимизда борми?

Булим Ибодат масалалари
6117
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Ҳақиқатан, намоздан кейин айтиладиган тасбеҳлар сони ҳақида турлича ривоятлар келган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтирамиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ سَبَّحَ اللهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاَةٍ ثَلاَثًا وَثَلاَثِينَ وَحَمِدَ اللهَ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَكَبَّرَ اللهَ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَقَالَ: تَمَامَ الْمِائَةِ لا إِلَهَ إِلاّ اللهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким намоздан кейин 33 марта “субҳаналлоҳ”, 33 марта “алҳамдулиллаҳ”, 33 марта “Аллоҳу акбар” деса, бу 99 та бўлади. “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр” билан 100 та бўлади. (Ким шуларни айтса,) гарчи гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади” (Муслим ривояти).
     Бу бобда бошқа саҳобалардан ҳам кўплаб ривоятлар нақл қилинган.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مُعَقِّبَاتٌ لا يَخِيبُ قَائِلُهُنَّ يُسَبِّحُ اللهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَيَحْمَدُهُ ثَلاثًا وَثَلَاثِينَ وَيُكَبِّرُهُ أَرْبَعًا وَثَلاثِينَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “(Намоздан) кейин айтиладиган (зикр)ларни айтувчи (савобдан) маҳрум бўлмайди. Ҳар бир намоздан сўнг 33 марта тасбеҳ, 33 марта таҳмид ва 34 марта такбир айтади” (Термизий ва Насоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Тасбеҳларнинг 33 мартадан айтилиши икки хил сийғада келтирилган. Уларнинг бирида келишича, тасбеҳ, таҳмид ва такбирлар 33 мартадан айтилиб, кейин “лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув...” айтилади. Шу билан 100 та бўлади. Бошқа ривоятга кўра, тасбеҳ ва таҳмид 33 мартадан, такбир 34 марта айтилади ва шу билан 100та бўлади. Такбирни 34 марта айтиш ҳақидаги ривоят ҳам машҳур.

عَنْ زَيْدِ بْنِ ثَابِتٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُمِرْنَا أَنْ نُسَبِّحَ دُبُرَ كُلِّ صَلاةٍ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَنَحْمَدَهُ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَنُكَبِّرَهُ أَرْبَعًا وَثَلاثِينَ قَالَ: فَرَأَى رَجُلٌ مِنْ الأَنْصَارِ فِي الْمَنَامِ فَقَالَ أَمَرَكُمْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ تُسَبِّحُوا فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاةٍ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَتَحْمَدُوا اللهَ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَتُكَبِّرُوا أَرْبَعًا وَثَلاثِينَ قَالَ: نَعَمْ قَالَ: فَاجْعَلُوا خَمْسًا وَعِشْرِينَ وَاجْعَلُوا التَّهْلِيلَ مَعَهُنَّ فَغَدَا عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَحَدَّثَهُ فَقَالَ: افْعَلُوا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

   Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз ҳар бир намоздан кейин 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд ва 34 марта такбир айтишга буюрилгандик. Ансорлардан бири туш кўрибди. Унда Расулуллоҳ ҳар бир намоздан кейин 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд ва 34 марта такбир айтинглар, деб амр қилибдилар. У: “Ҳа”, дебди. У зот: “25 марта қилинглар, улар билан таҳлил (“лаа илааҳа иллаллоҳ”) ҳам қилинглар”, дебдилар. Тонг отганида у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб кўрган нарсасини айтиб берибди. У зот: “(Шундай) қилинглар”, дебдилар” (Термизий, Насоий ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша ансорий қилган иш жоиз эканини тасдиқлаганлар. Бу ҳақидаги ривоятни Насоий “худди ансорий қилгани каби қилинглар” лафзи билан келтирган. (Бу ривоятга кўра, тасбеҳ, таҳмид ва такбир 25 мартадан, “лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси ҳам 25 мартадан айтилади. Валлоҳу аълам!)

قَالَ سُهَيْلٌ: إِحْدَى عَشْرَةَ إِحْدَى عَشْرَةَ فَجَمِيعُ ذَلِكَ كُلِّهِ ثَلاثَةٌ وَثَلاثُونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

     Суҳайл айтади: “Ўн бир мартадан, ўн бир мартадан (айтади). Буларнинг ҳаммаси 33 марта бўлади” (Муслим ривояти). Ибн Ҳажар Фатҳул-борий”да: “Лекин бунда Суҳайлга мутобаъат қилинмаган. Мен ҳеч бир ҳадис йўлида буни кўрмадим. 11 мартадан айтилгани ҳақида фақат Баззор Абдуллоҳ ибн Умардан нақл қилган ривоят бор. Аммо унинг санади заифдир”, деган.
     Имом Нававий “Саҳиҳу муслим”га ёзган шарҳида: “Суҳайлнинг 11 мартадан айтилгани ҳақидаги ривояти кўпчиликнинг 33 марта айтилгани ҳақидаги ривоятига хилоф эмас”, дейилган. Демак, тасбеҳларнинг 11 мартадан айтилиши ҳақида очиқ (сариҳ) тарзда ривоят йўқ, бўлса ҳам санади заиф. Имом Муслим ҳам буни бошқа бир ривоятга, яъни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг камбағаллар Расули акрам соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бойлар савоб касб қилишда ўзиб кетишганини айтганлари ҳақидаги ривоятга қўшимча (изоҳ) сифатида келтирган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَصْلَتَانِ أَوْ خَلَّتَانِ لا يُحَافِظُ عَلَيْهِمَا عَبْدٌ مُسْلِمٌ إِلا دَخَلَ الْجَنَّةَ هُمَا يَسِيرٌ وَمَنْ يَعْمَلُ بِهِمَا قَلِيلٌ يُسَبِّحُ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاةٍ عَشْرًا وَيَحْمَدُ عَشْرًا وَيُكَبِّرُ عَشْرًا فَذَلِكَ خَمْسُونَ وَمِائَةٌ بِاللِّسَانِ وَأَلْفٌ وَخَمْسُ مِائَةٍ فِي الْمِيزَانِ وَيُكَبِّرُ أَرْبَعًا وَثَلَاثِينَ إِذَا أَخَذَ مَضْجَعَهُ وَيَحْمَدُ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَيُسَبِّحُ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ فَذَلِكَ مِائَةٌ بِاللِّسَانِ وَأَلْفٌ فِي الْمِيزَانِ فَلَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْقِدُهَا بِيَدِهِ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ كَيْفَ هُمَا يَسِيرٌ وَمَنْ يَعْمَلُ بِهِمَا قَلِيلٌ قَالَ: يَأْتِي أَحَدَكُمْ يَعْنِي الشَّيْطَانَ فِي مَنَامِهِ فَيُنَوِّمُهُ قَبْلَ أَنْ يَقُولَهُ وَيَأْتِيهِ فِي صَلاتِهِ فَيُذَكِّرُهُ حَاجَةً قَبْلَ أَنْ يَقُولَهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوَدُ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

     Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки хислат ёки хусусият борки, мўмин банда уни сақласа, жаннатга киради. У иккиси осондир, қилган одамга камдир: ҳар бир намоздан кейин 10 марта тасбеҳ, 10 марта ҳамд ва 10 марта такбир айтади. Бу тилда 150 та, мезонда 1500 тадир. Агар ўрнига ётса, 34 марта такбир, 33 марта ҳамд ва 33 марта тасбеҳ айтади. Бу тилда 100 та, мезонда 1000 тадир”, дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўллари билан санаётганларини кўрганман. Одамлар: “Эй Расулуллоҳ, бу иккиси осон, уни қилганга кам эканини қандай тушунамиз?” деб сўрашди. У зот: “Сизлардан бирингиз олдига (шайтон) ухлаш олдидан келиб, уларни айтишдан илгари ухлатиб қўяди ва намозда уларни айтишдан олдин бир ҳожатини эслатиб қўяди”, дедилар” (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул-борий”да айтади: “Тасбеҳларнинг 10 мартадан айтилгани ҳақидаги ривоятларга гувоҳларни кўрдим. Бу бобда Аҳмад Али ибн Абу Толибдан, Насоий Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абу Довуд, Термизий ва Насоий Абдуллоҳ ибн Амрдан, Баззор Умму Саламадан, Табароний Умму Молик Ансориядан ривоят қилган”.
     Бу бобда келган ривоятларнинг энг машҳури 33 мартадан айтилгани ҳақидагисидир. Бу ҳақида Абу Ҳурайра, Али ибн Абу Толиб, Ибн Аббос, Абу Зарр, Каъб ибн Ужра, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан ривоятлар нақл қилинган. Уларнинг нақл қилиниш йўллари ҳам турлича ва кўп.
    Хулоса қиладиган бўлсак, намоздан кейин тасбеҳ айтиш мустаҳаб. Банда хоҳласа, улардан ҳар бирини 10 мартадан, 25 мартадан ёки 33 мартадан айтиши жоиз. Қайси бирини айтса ҳам ҳадисга амал қилган бўлади. Фақат 33 мартадан айтиш афзал ва савоби кўпроқдир. Валлоҳу аълам!

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217708
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Намоздан кейин айтиладиган тасбеҳлар сони. 03.10.2015

Aссалому алайкум. Намоздан кейин ўқиладиган тасбеҳ, ҳамд ва такбирларнинг турли сийғалари ҳадисларда келган. Мисол учун, 33 мартадан айтиладиган, 10 мартадан айтиладиган, яна баъзи ҳадисларда 25 мартадан айтиладиган шакллари ривоят қилинган. Бундан анча вақт илгари бир исломий сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида мазкур зикрларнинг 11 мартадан айтиладиган шакли ҳам борлиги келтирилганди. Ўша маънодаги ҳадисни имом Муслим ривоят қилганлиги изоҳда айтилган, лекин ҳадис матни, қайси саҳоба ривоят қилгани зикр қилинмаган. Устоз, намоздан кейинги тасбиҳларни 11 мартадан айтиш кераклиги ҳақидаги ривоят ҳадис китобларимизда борми?

6117