Талваса
16.9.2016 7673

    Дунёда ҳар хил тоифали инсонлар бор. Кўпчилиги бетараф, шамол қайси томонга эсса ўша тарафга қараб эгилаверади. Бир қисми яхшилар, қалбида фақат эзгу ният, тилида фақат яхши сўз, амали фақат бунёдкорликдан далолат беради. Яна бир қисм тоифа эса фақат ёмонликни кўзлайди. Уларнинг ҳаракатлари ўз вақтида тўхтатилмаса, бир қисмгина яхши одамлар тугул анави бепарволарнинг ҳам оёғини осмонда қилиб юборади. Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон ўлка ҳам айни лаҳзаларда бир уюм разилларнинг диққат марказида бўлиб қолган. Ҳаммасининг мақсади ҳокимиятни эгаллаш, халққа ҳоким бўлиш, бойликларга эга чиқиш, бошқа нарса эмас. 
   Уларнинг бир қисми хориждаги мухолифатчилар. Ўзларини ватан учун жон койитувчи, халқни “оғир ва машаққатли” ҳаётидан озод қилиш учун бел боғлаган фидойилар қилиб кўрсатади. Яна бир қисми эса Худо урган террорист, ислом динимиз орқасига бекиниб олган каззоб ватанфурушлардир. Тўғри, биринчи тоифа орасида зиёлилар, ўз вақтида Ўзбекистонда обрў-эътибор қозонган, дунёқараши кенг инсонлар бор. Улар ҳам ўзларича ҳақ, ўзлари тўғри деб билган ишни қилаяпти, ҳаракатларини оқлаш, тўғри йўлда эканини исботлаш учун далил ва ҳақиқатларини кўрсатмоқчи бўлишаяпти. Аммо Ўзбекистон ўз йўлини топиб олган, ўзбек халқи уларга ўз жавобини айтиб бўлган. Уларнинг ёрдамига ҳам, ғамхўрлигига ҳам муҳтожлигимиз йўқ. 
   Энг хавфли ва энг зарарли бўлган ватангадо, кафангадо террористлар эса фақат ўлим, қўрқув, нафрат, айрилиқ ва вайронагарчилик олиб келади. Улар сабабли Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, оддий фуқароларнинг яшаши ҳам ноқулайлашган. Аммо бу қийинчиликлар нима сабабдан эканини яхши билганимиз учун ҳам сабр қиламиз, вазият яхшиланишидан умидвормиз. Мен айтмоқчи бўлган фикрлар эса ҳар икки тоифанинг юртимизга, халқимиз орасига ва ёшлар онгига кириб келиш учун амалга ошираётган айрим ҳаракатлари тўғрисида. 
   Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейин гўёки Ўзбекистонда назорат издан чиқадию, улар осонгина орамизга кириб оламиз, деб ўйлашди ва ўз фронтида хуружларни янада кучайтиришди. Худди вирус, паразитга ўхшаб ҳар хил қиёфага кириб, алдаб-авраб, яхши-ёмон кўриниб ичимизга кириб олишмоқчи. Бунда интернет, ижтимоий тармоқлар, айниқса фейсбук, твиттер, одноклассники, телеграм уларга қўл келаяпти. Ҳамма ёшлар ўша ерда, худа-беҳуда вақтини смартфонга тикилиб ўтказаяпти. 
   Агар мухолифатчилар ёки террористлар ўз қиёфасида ёшлар олдига чиқса қандай гапларни эшитишини яхши билади. Бизда, Худога шукурки, уларга нисбатан иммунитет шаклланган, ўз жавобимизни бера оламиз. Шу сабабли “вирус”лар энди бошқа қиёфаларга кираяпти. Бугунги ёшлар, интернет фойдаланувчилари нималарга қизиқади, интернетда кимлар билан дўст тутинаяпти, қандай маълумотларни ўқияпти, қандай видеоларни томоша қилиб, қандай мусиқаларни эшитаяпти. Шуларни яхшилаб ўрганиб олганидан кейин айни шу томондан ҳужумга ўтишаяпти. Оддий мисол. Яқинда фейсбукда бир қиз дўстлик таклифини юборди. Профилига бирров мўраладим: ҳаммаси жойида. Ортиқча гап-сўз йўқ. Бироз вақт ўтиб унинг профилида Ўзбекистонда тақиқланган партияларнинг низомлари, мақсад ва ғоялари эълон қилина бошланди. Ҳамма сиёсатчилар кўпроқ овоз тўплаш, халққа яхши кўриниш учун оммани ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишга ваъда беради. Партиялар низомида ҳам одамларга ёқиб тушадиган чиройли, эркин ва фаровон турмуш ваъдалари берилган. Хуллас, дўзах рекламаси ҳақидаги латифага ўхшаш ҳолат: тузоқ. 
    Лаънати террористлар қўллаётган усуллар эса ундан ҳам ошиб тушади. Саҳиҳ ҳадислар, Қуръони карим, диний савол-жавоблар, турли маърифий мақолалар эълон қилинаётган саҳифа, гуруҳ, телеграм каналлари, сохта профиллар кўпайгандан кўпайган. Улар одамларни жалб қилиш, кўпроқ аъзоларни тўплаш мақсадида аввал ишончли, қизиқарли маълумотлардан “хўрак” тайёрлайди, мақсадга эришиб, одамлар ишончи ва меҳрини қозониб бўлгандан кейин эса асл мақсадга кўчиб, иғво, фисқу фасод тарқатиш, Ўзбекистонда сиёсий, ижтимоий беқарорликни келтириб чиқарадиган маълумотларни эълон қилишни бошлайди. Яқиндагина телеграмдаги “Энг кизикарли ТВ” канали “Миллион концерти 2016” деган видеода Ўзбекистонда тақиқланган диний маърузани эълон қилди. Уни қанча одам кўргани, кимга қандай таъсир қилгани Худога аён. Сохта салафийлар, диний уламолар номидан бузғунчи ахборотлар тарқатилаётган бу каби ҳолатлар, бундай мисолларни кўп келтириш, узоқ санаш мумкин. 
    Шундай экан, интернетда кимлар билан дўст тутинаётганимиз, қандай манбаларга мурожаат этаётганимиз, қайси саҳифаларга “лайк”, “класс” босиб, телеграмдаги қайси каналларга қўшилаётганимизга эътибор қилайлик. Интернет орқали бирор диний ёки сиёсий маълумот қидирсак, “.uz” доменига мурожаат қилсак етарли. Диний саволлар бўйича масжид имомлари, Ўзбекистондаги диний ташкилотларга мурожаат этайлик, ҳозир деярли ҳамма кўзга кўринган масжиднинг ўз сайти, фейсбук, телеграм ёки бошқа ижтимоий тармоқларда саҳифалари, жуда кўп диний уламоларнинг профиллари бор. Тўғри, интернетда кимнингдир профилини текшириб, кимлар билан нималар ёзишаётганини назорат қилишга техник ёки жисмоний жиҳатдан имкон бўлмаслиги мумкин, аммо бирор жойда телефонингиздан тақиқланган маъруза ёки сиёсий материал, ёзишмалар топилиб қолса борми, оқибати жуда ёқимсиз тугаши мумкин. Чунки улардан фойдаланиш, олиб юриш ва тарқатиш Ўзбекистонда жиноят ҳисобланади. Билиб-билмасдан йўл қўйган хатомиз эса фақатгина ўзимиз эмас, оиламиз, яқинларимиз, реал ва виртуал ҳаётдаги дўсту яқинларимизга ҳам таъсир қилиши мумкин. 
     Четдан туриб талвасага тушаётганларга эса эътибор берманг. Улар билан шуғулланадиганлар бор, биз эса шунчаки диққат қаратмасдан, “игнор” қилсак кифоя, шунинг ўзи улар учун катта жазо.

 

Санжар Саид

 

Манба: www.sanjarsaid.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217168
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24612