Келинлик одоблари
12.7.2015 11049

 

        “Келин бўлиб тушган хонадонимдаги инсонларнинг ҳеч қайсиси ибодатда эмас, уни устига жанжал кўп бўлади”, - дея қабулга келган очиқ - сочиқ кийинган 28 ёшлардаги келин сўзини бошлади. “Турмуш ўртоғим ўзгариб қолганлар, менга эътиборлари йўқола бошлаган. Шунинг учун тез - тез жанжаллашиб турамиз. Қандай йўл тутишни билмаётибман”, - деб маслаҳат сўрагани келган бу келинни бошқа муаммолар ҳам қийнаётганини билиш қийин эмас эди.

 

“Оилангизда неча кишисизлар? Қайни бўйинларингиз билан муносабатларингиз қандай, гапни шундан бошласак”, - деб сўрадим. Шунда аёлни авзойида ўзгариш бўлганини сезиб, “Очиқчасига айтсангиз, балки сиз ўйлаб, ечимини топа олмаётган муаммоларга биргалашиб ечим топармиз”, - деб таъкидлаб қўйдим. Бир оз ўйланиб, аёлнинг гапларини эшитиб, ҳайратимни ичимга яширишга мажбур эдим.

 

“Оилада қайнонам, қайнотам, қайноғам оиласи ва бизлар турамиз. Иккита қизим бор. Аммо оиладаги муҳитдан қийналиб кетдим. Сизга тўғрисини айтсам, қайнотам ва қайноғамнинг менга бошқача кўз билан қарашлари, эрим йўғида ҳар хил гапларни гапириши ёқмайди. Буни эрим ҳам сезгандек, уйимиздан жанжал аримай қолди. Мен нима қилишни билмай қолдим”. Аёлнинг ташқи кўринишига разм солиб, сўрадим: “Кечирасиз, уйда ҳам шунақа кўринишда юрасизми?”. - У жавоб берди: “Ҳа, шундай кийиниш ўзимга ҳам, эримга ҳам ёқади”. Аёл бош яланг, куйлагининг узунлиги тиззадан анча юқорида, енги йўқ. Унинг устига куйлаги ҳарир кўринишда. Оёғига кийиб олган матоҳи шу қадар юпқаки, ҳаммани эътиборини тортиши табиий ҳол эди. Аёлдан сўрадим: “Эрингиз рашк қилмайдиларми? Бунақа кийим билан нафақат кўчада, балки қайни бўйинларингизни олдида ҳам юриш тўғри келмайди”. Аёлнинг жавоби тайёр эди: “Менга шунақа юриш ёқади”.

 

Кейинги вақтларда келинларнинг қайноталар, қайнукалари ёки қайноғалари билан ношаръий муносабатлари ҳақида турли гапларни эшитиб қоламиз. Чуқурроқ мулоҳаза қилсак, эркакларни чегарадан чиқарадиган, аҳлоққа зид муомала қилишга айнан аёлларимизнинг очиқ - сочиқ кийинишлари сабабдир. Бундан ўттиз - ўттиз беш йил илгари оиламизда адамлар телевизор кўриб ўтирганларида оилавий бўлиб ўтирсак кўрар эдик, аммо адамлани бир ўзлари бўлса, ёнларида ўтиришга журъат қила олмас эдик. Бувимлар раҳматлик, “Мени ҳомиладорлигимни қайнотам раҳматлик туққунимча билмаганлар. Кийимни сал кенгроқ кийиш керак. Аёл бошяланг юрмаса, шунда ҳаёси ўзи билан бўлади”, - деб кўп таъкидлар эдилар.


Ҳозирда эса кўча - куйда аёлларимизни, ҳатто ёши катта аёлларимизни калта, ҳарир куйлакларда кўриб қоламиз. Улардан ёшларимиз ибрат олиб, “Кийса бўлар экан” деган фикрга бориб қолишмоқда. Авваллари ҳовлиларда ички ҳовли, ташқи ҳовли бўлар эди. Ҳовлиларнинг бундай қурилиши аёл ва эркакларнинг алоҳида кутиш ёки аёл - эркакларни аралашиб юрмаслиги кўзда тутилган. Ҳозирги вақтда ҳам мана шундай ҳовлилар сақланиб қолинган. Аммо аввалги ҳаё, уят камайгандек.

 

Келиннинг бошида рўмоли, атлас куйлагидан билар эдик келинлигини. У вақтдаги келинларда куйлак, лозим, рўмоли билан ҳаёси, ибоси, қайни бўйинлар билан масофани қаттиқ ушлаб, муомала қилишлиги билан ажралиб туришар эди. Бундан ташқари келин оилада эри ёки қайнонаси бўлсагина бошқалар билан бирга ўтирган. Қайнота ёки қайноға билан бир хонтахта атрофида ёлғиз ўтирилмаган. Чунки бундай ҳолларда фитна бўлиши табиий ҳолдир.


Ҳозирда эса кўча кийими, уйда кийиладиган кийим, ётоқ кийимларни бир - биридан фарқи бўлмай қолди. Турмушга чиқмаган қиз ёки келинми уни ҳам фарқлаб бўлмайди.


Аёл иффатли, номусли ва андишали бўлиши учун аввало ҳулқи, одоби гўзал бўлса, яхшилик томон ўзгариши мумкин. Аёлларимиздан, келинларимиздан ҳаё пардаси кўтарилмасин, ҳаё пардаси кўтарилган оилаларда эркаклар ориятларининг дарз кетиши, оилавий таназзуллар, норасида гўдакларнинг кўз ёшларининг тўкилиши юз беради.


Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217081
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24602