Бандасига шукр қилмаган Аллоҳга ҳам шукр қилмас
1.9.2016 6569

   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “لا يشكر الله من لا يشكر الناس”. Бу ҳадис саҳиҳ ҳадис бўлиб, имом Аҳмад, имом Бухорий (“ал-даб ал-муфрад”), имом Абу Довуд, имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Таёлисийлар томонидан ривоят қилиб келтирилган. Ушбу ҳадиси шарифдаги “الله” лафзини икки хил: рафъ (бош келишик) ва насб (тушум келишиги) ҳолида ўқиш мумкин. Шунда маъно икки хил йўналиш касб этади. Имом Хаттобий ҳадисни шарҳлар эканлар шундай дейдилар: “Бу ҳадис икки хил важҳга кўра таъвил қилинади”. Биринчи таъвил яъни, лафзи жалолатни бош келишикда ўқийдиган бўлсак, ҳадис маъноси бундай бўлади: “Аллоҳ таоло инсонлар (нинг яхшиликлари)га шукр қилмайдиган кимсанинг шукрини қабул қилмайди”. Демак, киши ўзгаларнинг яхшиликларига шукр қилмай, миннатдорчилик изҳор қилмай, нонкўрлик қиладиган бўлса ёхуд бировнинг яхшилиги учун дуо ҳам қилиб қўймайдиган ношукр бўлса, Аллоҳ таоло ундай кишининг Ўзига қилаётган шукрини қабул қилмас экан. Чунки, инсонларнинг бир-бирларига кўрсатадиган мурувватлари ва яхшиликлари ҳам аслида Аллоҳдан бўлади. Шу боис Аллоҳ таолонинг эҳсонига шукр қилиш учун ва бу шукри қабул бўлиши учун инсон ўзига ўхшаган инсон томонидан кўрсатилаётган эҳсонга шукр қилишни ўрганмоғи лозим бўлади. Маълумки, Аллоҳга шукр қилиш ибодат орқали бўлади. Бинобарин, ибодатлари қабул бўлишини истаган одам инсонларнинг яхшиликларига шукр қилишни ўрганиши лозим экан.
    Иккинчи маънога кўра яъни, лафзи жалолатни насб (тушум келишигида) қилиб ўқиладиган бўлса, ҳадиси шариф маъноси бундай тус олади: “одамлар (нинг яхшилиги)га шукр қилмайдиган кимса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”. Яъни, кимнинг одати ва табиати куфрони неъматдан иборат бўлса, ўзгаларнинг маъруф ишларига, мурувватларига, иззату икромларига бефарқ ва лоқайд бўлса, ўзига яхшилик қилинганда лоақал оғзаки равишда миннатдорчилик билдириш билан ёхуд эҳсон соҳибининг ҳаққига дуои хайр қилиб қўйиш орқали ўз мамнуниятини изҳор қилмайдиган ношукр инсон бўлса, у инсон Аллоҳга ҳам шукр қилиши қийин. Зеро, одамларга шукр қилишни ташлаб қўйган кимса Аллоҳнинг неъматларига ҳам шукр қилмайди, куфрони неъмат қилади.
    Ушбу ҳадиси шариф ниҳоятда қисқа ва лўнда бўлишига қарамасдан чуқур маънолар ва ибратли ўгитларни ўз ичига олади. Ҳадис замирида инсонларга шукр қилиш, қилган яхшиликларини қадрлаб, яхши сўз, дуо ва зикр қилиш орқали яхшилик қилувчини мукофотлашга тарғиб этилмоқда. Шунингдек, ҳадисда одамларнинг яхшиликларини билмаслик ва куфрони неъматга тушиб қолишдан қайтарилади ва нонкўрлик мазаммат қилинади.
    Инсон ўзининг Аллоҳга шукрона тарзида амалга ошираётган нафл ибодатлари ва бошқа хилдаги шукри қабул бўлишини истаса, одамларнинг яхшиликларига ҳам шукр қилиши лозим экан. Акс ҳолда унинг Аллоҳга қилаётган шукри қабул қилинмас экан.
    Одамларга шукр қилиш турли кўринишларда амалга оширилиши мумкин. Масалан, яхшилик қилган одамни мақташ, ташаккур айтиш, миннатдорчилик билдириш, унинг яхшилигини уни танийдиган бошқа шахслар ичида тилга олиш, ҳаққига дуо қилиш ва ҳоказо кўринишларда адо этилади. Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “кимга бирон яхшилик қилинса, ўша яхшиликни мукофотласин (яъни ўша инсоннинг яхшилигини қайтарсин), агар бунга қодир бўлмаса, уни зикр қилсин. Зеро, кимки, (бировнинг яхшилигини) зикр қилса, демакки, шукр қилибди” (Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадис мазмунига кўра бировнинг яхшилигини қайтаришга қодир бўлмаган одам лоақал ўша кишининг қилган яхшилигини ўзгалар ичида тилга олиб, унинг ҳаққида яхши сўзларни гапириб, мақтаб қўйиши лозим экан. Ана шунда бояги инсоннинг яхшилигини қайтарган бўлар экан. Зеро, шукр сўзининг луғавий маъноси “ўзганинг яхшилигини билиш, мақташ ва уни тилга олиб, ёйиш” демакдир. Ҳадисдан келиб чиқадиган маъноларга кўра, бировнинг яхшилигини тилга олмай, беркитиш бу айни ношукрлик бўлар экан. Инсонларга ношукрлик эса энг аввало Аллоҳга ношукрлик бўлишини юқорида билиб олдик. Шу боис биров бизга яхшилик қилдими, аввало унга миннатдорчилик билдиришимиз, ҳаққига дуо қилишимиз, яхши сўз айтишимиз, сўнгра унинг яхшилигини таниш-билиш, қариндош-уруғ ичида гапириб, ошкор қилишимиз мақсадга мувофиқ иш бўлади.
     Баъзи-бир ўзича тавҳидга мукаммал амал қилиш даъвосидаги инсонлар учраб қолади, “фалончи сенга яхшилик қилган, нега унга муомалангни тузатмайсан, нега унга миннатдорчилик билдирмайсан, нима учун унинг яхшилигини бир оғиз гапириб, юзага чиқармайсан?”, дейилса, “мен Аллоҳдан бошқага шукр қилмайман, нимаики, яхшилик етган бўлса, бу Аллоҳдан(!), шундай экан, нима учун мен ўзимга ўхшаган бир одамдан миннатдор бўлишим керак?!”, деган баландпарвоз сўзлар билан ўзларининг нонкўрликларини хаспўшламоқчи бўладилар. Бу айни залолатдир. Бу сўз ҳазрат Али разияллоҳу анҳу айтганларидек, “у орқали ботил қасд қилинган ҳақ сўздир”. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи саллам инсонларга шукр қилишни билмаган Аллоҳга ҳам шукр қилолмаслигини айтиб турибдилар, инсонларга шукр қилмайдиган нонкўрнинг Аллоҳга қиладиган шукри ҳам қабул бўлмаслигини таъқидламоқдалар. Ҳа, азизлар, Аллоҳга шукр қилувчи шокир бандалардан бўлишни истасак ҳамда Аллоҳ таолонинг сўнгсиз неъматларига шукрона тарзида амалга ошираётган нафл ибодатларимиз ва бошқа хайрли амалларимиз Ўзининг даргоҳида ҳусни қабул бўлишини хоҳласак, аввало бандаларнинг кичик яхшиликларига шукр қилишни одат қилишимиз даркор экан. Ана шунда жамиятимиз гуллаб-яшнайди, инсонлар ўртасида аҳиллик, иноқлик ва тинчлик ҳукм суради. Зеро, бир-бирига ширин сўз бўлган, каттаю кичик яхшиликларни қадрловчи, сал нарса учун ҳам бир-бирига раҳмат айтиб, ташаккур билдирадиган, ортидан дуо қиладиган халқ ҳечқачон таназзулга юз тутмайди. Бундай жамият узра Аллоҳнинг раҳматлари мудом ёғилиб туради. Чунки, бир-бирига нисбатан шукр қилувчи қавмнинг ибодатлари ҳам қабул бўлади. Улар Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилувчи инсонлар бўладилар. Натижада Аллоҳ уларнинг яхшиликларини зиёда қилаверади, уларга неъматларини бардавом қилади. Ундай халққа осмону ердан ҳечқандай азоб ҳам нозил бўлмайди, самовий ва арозий барча бало-офатлардан омонда бўладилар. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: "Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию куфрони неъмат қилсангизлар, албатта азобим ҳам қаттиқдир!" (Иброҳим сураси, 7-оят).
     Шу ўринда ҳар қанча гапирилса шунча оз бўлган бир нарса ҳақида гапиришни лозим топдик. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин. Бугунги нотинч замонда бундай дориломон юртда яшаётганимизнинг ўзи катта бахт. Сўнги пайтларда дунё уруш ва ғалаёнлар, хунрезликлар гирдобига ғарқ бўлаётганини кўриб, билиб, эшитиб турибмиз. Атрофимизда содир бўлаётган бундай мусибатларни, аянчли ҳолатларни кузатар эканмиз, Аллоҳ таолонинг бошимиз узра соябон қилиб берган эмин-эркинлик, фаровонлик ва тинчлик-хотиржамлик каби буюк неъматларига беихтиёр шукроналар қиламиз, Раббимизга ҳамдлар айтамиз. Бу неъматларни давомий қилишини сўраб Ўзига ёлборамиз. Турли гуноҳ ва ҳаром ишлардан тийилишга ҳаракат қиламиз, маъсиятлардан паноҳ тилаймиз. Тинчлигимизни кўз қорачиғидек сақлашга ҳаракат қиламиз. Зеро, мустақиллик, тинчлик ва тўкин-сочинлик неъматлари шу қадар буюк неъматларки, уларга нафақат тилда шукр қилиш, балки, амалий равишдаги шукр лозим. Бу эса, неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш, кейинги авлодларга бус-бутун ҳолда етказишга интилиш ва Аллоҳ буюрган ишларни бажариб, қайтарган ёмон ишлардан тийилиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло жонажон юртимизни ҳарқандай нохушлик ва ёмонликлардан Ўз паноҳида асрасин, ички ва ташқи душманларга, ғаразгўй кимсаларга Ўзи кифоя қилсин! Омин

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 219029
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98192
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47203
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45702
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24759