АРАЗ УЧ КУН
16.11.2017 6489

Аллоҳ мўминларнинг қалбини иймон билан поклади, Қуръон ва суннатда баён қилинган одоблар билан юракларидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлади, учрашганда саломлашиб, қўл бериб кўришишни суннат қилди. Уларнинг мўмин биродарига нисбатан ишончда бўлиши учун бир-бирига ўзаро муҳаббат ва дўстликни изҳор қилишга буюрди. Ана шунда улар сирларини баҳам кўради ва ўз биродари сиймосида ҳақиқатга кўмакчи, ҳаётий вазифалар ва дунё ишларида самимий маслаҳатчи ва ёрдамчини кўради.

 

Гина-араз эса диндош биродарлар ўртасида алоқанинг узилишига сабаб бўлади, натижада меҳрсизлик, адоват ва нафрат зоҳир бўлади, шайтонга мўминлар орасига низо солиш учун қулай фурсат туғилади.

 

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон кишига ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир» (Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Демак, мусулмоннинг араз қилиши уч кеча-кундуздан ортиқ бўлса ва шаръий мақсад учун бўлмаса, бу иш гуноҳи кабира саналади.Чунки бунда оранинг узилиб кетишибор.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар уч кишини Табук ғазотидан узрсиз қолгани учун эллик кун гаплашмай, ўз ҳолига ташлаб қўйдилар.Ҳатто кенг ер улар учун тор бўлиб кетди, юраклари сиқилди, сўнгра уларнинг тавбалари қабўл  бўлгани ҳақида оят нозил бўлди. Аллоҳ таоло бу воқеани сифатлаб айтади: «Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабўл  қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавбалари қабўл  бўлмай турган эди). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабўл  қилувчи, меҳрибондир» (Тавба,118).

 

Агар бу ташлаб қўйиш ташлаб қўйилган кишининг қилган гуноҳига яраша бўлса ва уни хаққа қайтара олса, бунда фойда бор. Аммо ташлаб қўйилаётган кишига фойда келтириш у ёкда турсин, аксинча, ёмонлик ва фосиқликни зиёда қиладиган, уни ёмонларга қўшилиб кетадиган ҳолатга олиб келадиган бўлса, бунинг фойдасидан зарари улканроқдир. Оқил мусулмон ҳолатларни муносиб даражада баҳолай олади ва жамиятга фойда келтирадиган ишларга қўл уради.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мусулмоннингўз биродаринигаплашмай ташлаб қўйиши ҳалол бўлмайди» деган сўзлари барча қариндош ва дўст-биродарларни ўз ичига олади («Туҳфатул Аҳвазий»).

 

Мановийнинг айтишича, «гаплашмай ташлаб қўйиш» бошқа бир инсонни ё тил орқали ёки бадан ёхудқалби билан ажратиб қўйишидир («Аттавкиф ала муҳимматит-таъарийф»: 242).

 

Имом Нававий айтади: «Мазкур ҳадисдан мусулмонлар бир-бирларини гаплашмай уч кечадан ортиқ ташлаб қўйишининг ҳаром экани маълум бўляпти, уч кун ичида гаплашмай қўйишлари мумкин эканлиги тушуниляпти, яъни, бу муддатда уни кечириляпти, чунки одамзотда ғазабланиш, бадхулқлик табиати бор.Шунинг учун ўша оризий ғазаб ва бадхулқлик сўнишига имконият бериляпти».

 

Абу Аббос ал-Қуртубий айтади: «Бу ўринда эътиборга олинган нарса уч кечадир, ҳатто агар аразлашиш кундузида бошланган бўлса ўша кундузнинг қолган қисми эътиборга олинмайди, балки ўша кундузнинг кечасидан бошлаб эътиборга олинади, рухсат ҳам ўша уч кечанинг тугаши билан тугайди».

 

ШуайбнингАбу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда «уч кун» дейилганда, ўша уч куннинг кечалари билан бирга рухсат берилганига эътимод қилинади, яъни, кечалари дейиш билан кундузлари ҳам, кундузлари дейиш билан кечалари ҳам мақсад қилинган, мутлак уч кеча-кундузнинг ўтиши эътиборли. Масалан, шанба кунининг пешинидан бошланса унинг охири сешанба кунининг пешинида бўлади» («Фатхул Борий»: 10/507).

 

Шайх Усаймин айтади: «Мусулмон киши ўз биродарини уч кундан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши жоиз эмас, лекин уч кундан кам бўлиши мумкин, аслида бу ҳам мусулмон учун муносиб иш эмас. Чунки кўпинча киши билан биродари орасида кўнгилҳоллик ва иззатталаблик хусусида нимадир бўлиб колади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат уч кунга рухсат бердилар, шундан сўнг саломлашиб кетишлиги керак. Агар гаплашмай қўйишда диний манфаат бўлса, яъни бу гаплашмай қўйилаётган кишини динда саботли бўлишига ёки гунохларни тарк қилишига сабаб бўлса зарари йўқ, балки бу вожибдир. Дарҳақиқат,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Моликни ва унингикки шериги Хилол ибн Умайя, Марора ибн Робиъни гаплашмай ташлаб қўйишга буюрдилар.Негаки, улар Табук ғазотига чикмаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотдан қайтганларидан кейин улар у зот ҳузурига келиб, ғазотдан қолганлари боис узр сўрабқасам ичдилар.

 

Аллоҳ таоло айтди: «Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларини (яъни, мунофикликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир. Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди» (Тавба: 95-96).

 

Ана ўша уч киши Аллоҳ таолонинг марҳамати билан рост сўзлади ва ғазотга узрсиз чиқмаганини очиқ айтди. Улар ичида энг ёши Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу бўлиб, қувватли йигит эди. Иккита улови бор бой киши бўлганидан ғазотга чикишга имкониятли эди.Лекин сусткашлик қилиб «ана чиқаман, мана чиқаман» дейиш билан вақтни бой берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтгач, Каъб ибн Молик У зотнинг олдиларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, мен баҳс-мунозарага моҳир одамман, гап топиб, ўзимни оқлаб кетишим мумкин, агар сиздан бошқа кишининг олдида бўлсам эди, нима дейишни ўзим билардим, лекин бугун сизни рози қиладиган ва эртага Аллоҳ таоло ҳузурида шарманда бўладиган сўзни айтмайман» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аммо бу тўғри айтди, кетавер, Аллоҳ ўзи сен ва икки шеригинг хусусида ҳукм қилажакдир» дедилар ва одамларга улар билан гаплашмасликни буюрдилар. Каъб айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берар, бироқ лаблари алик олиб қимирладими, йўқми, била олмасдим».

 

Демак, гуноҳқилган кимсани фарзни тарк қилгани ёки бирон ҳаром амални қилгани учун унга араз қилишда фойда бор, уни то яхши натижага эришилгунича ташлаб куйилади. Аммо ташлаб қўйиш фойда бермайдиган, балки акс натижани келтириб чиқарадиган бўлса, уни ташлаб қўймаймиз, чунки шариат ислоҳотлар учун келган, бузишлар учун эмас. Мўмин уч кундан ортиқ аразлашмайди, мана шу аразга тааллуқли ҳукмдир.

 

Мусулмонлар бир-бирининг олдидан ўтиб, саломлашмасликлари кишига ниҳоятда ёмон таъсир қилади. Ахир улар биродар. Энг муҳими, улардан қайси бири  олдин салом берса ўн ҳасанотни қўлга киритади, иймони қувватланади, уларнинг ўртасидаги меҳр-муҳаббатнинг янада зиёда бўлишига сабабчи бўлиб жаннатга кириш фойдасига эга бўлади.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, то мўмин бўлмагунча жаннатга кира олмайсиз, то бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунча мўмин бўла олмайсиз. Агар амал қилсангиз ўрталарингизда муҳаббат пайдо қиладиган нарсани айтиб берайми, ораларингизда саломлашишни ёйинглар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Яъни, саломни кенг ёйиш муҳаббат сабабларидан, муҳаббат иймондан ва иймон эса жаннатга киришга сабаб эканини баён қилиб бердилар.

 

Бугунги кунда мусулмонлар бир-бири билан учрашиб салом бермасликлари бизни жуда афсуслантиради. Улар ҳамдарс ўртоқлар бўлиши мумкин, бу ҳамдарслик мактабда, коллежда, институтда ёки қайсидир илм даргоҳида бўлган. Уларнинг илм олганлари қаёққа кетди, толиб илмлигининг нима фойдаси бор?..

 

Шунинг учун сизларни саломни кенг ёйайлик, албатта унинг улкан фойдалари бор. Чунки бу тилнинг амали, тил агар эрталабдан кечгача тинмаса ҳам чарчамайди.

 

Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга ҳидоят, тавфиқҳамда гуноҳдан поклашини ва тавбаларимизни қабул  қилишини сўраймиз, албатта Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир зотдир». (Шайх Усаймин: «Риёзуз-солихийн шарҳи», 138, 140 с).

 

 

Солиев Комилжон

Шайхонтоҳур тумани “Оқ Тунукали” жоме масжиди

 имом-хатиби

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217552
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24638