“Сарҳисоб” танлови ғолиблари тақдирланди
Шу йил 12 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида «Сарҳисоб» танловининг ғолиб ва иштирокчилари учун тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Диний-маърифий мавзудаги энг яхши ижодий ишларни аниқлаш, соҳада намунали фаолият кўрсатаётган ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танлови эълон қилинган эди. Ташкилотчилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги ва Тошкент ислом университети ушбу тадбирни юқори савияда ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрдилар.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов табрик сўзи билан чиқишди.
Танлов ғолибларига компьютер, телевизор, микротўлқинли печь ва ташкилотчиларнинг бошқа қимматбаҳо совғалари топширилди.
Йилнинг энг фаол тарғиботчиси номинацияси ғолиблари
Рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирландилар:
1. Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган тарғибот фаолиятидаги намунали иштироки учун – Тошкент ислом университети ўқитувчиси Жамолиддин Каримов.
2. Республика бўйлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлардаги фаол иштироки учун – Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази илмий котиби
Комилжон Шермуҳамедов.
Йилнинг энг фаол тарғиботчиси номинациясининг асосий мукофотлари:
I ўрин – Долзарб мавзулардаги мақола ва китоблари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов.
II ўрин – Хотин-қизлар орасида фаол тарғибот фаолияти учун «Хадичаи Кубро» ўрта махсус ислом билим юрти мудираси вазифасини бажарувчи Нозима Ибрагимова.
III ўрин – Диний таълим муассасаларидаги тарғибот фаолияти учун Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Салоҳиддин Шерхоновга топширилди.
Танловнинг Интернет йўналишида ғолиблари
Рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирландилар:
1. Интернет тармоғида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маънавий-маърифий фаолиятини кенг тарғиб қилгани учун – «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Жалолиддин Холмўминов.
2. Диний-маърифий Интернет манзилларидаги туркум мақолалари учун – Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматулло Усмонов.
Интернет йўналишидаги энг яхши ижодий иш учун асосий мукофотлар:
I ўрин – «ummat.uz» Интернет манзилидаги долзарб диний-маърифий мақолалари учун Тошкент шаҳар «Тўхтабой» масжиди имом-хатиби
Исҳоқжон Бегматов.
II ўрин – «bukhari.uz» Интернет манзилидаги долзарб мавзулардаги мақолалари учун Имом Бухорий халқаро маркази илмий ходими
Олимхон Юсупов.
III ўрин – «qadriyat.uz», «ziyouz.com» Интернет манзилларида эълон қилинган диний-маърифий мавзулардаги туркум мақолалари учун «qadriyat.uz», «ziyouz.com» Интернет манзиллари муҳаррири
Даврон Тожиалиев.
Танловнинг Матбуот йўналишида ғолиблари Рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирландилар:
1. Ҳудудий газеталарда чоп этилган диний-маърифий мақолалари учун – «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мудири Ўткир Ғузаров.
2. Даврий матуотда маънавий-ахлоқий мавзулардаги туркум мақолалари учун – Қорақалпоғистан Республикаси «Истиқлол ва Қонун» газетаси бўлим муҳаррри Миясар Қабулова.
Матбуот йўналишидаги энг яхши ижодий иш учун асосий мукофотлар:
I ўрин - Долзарб мавзулардаги диний-маърифий мақола ва нашрлари учун – Имом Бухорий халқаро маркази илмий котиби Шукрулло Умаров.
II ўрин - Диний-маърифий мавзулардаги туркум мақолалари учун – «Мовароуннаҳр» нашриёти муҳаррири Нўъмон Атабаев.
III ўрин - Ёшлар тарбиясига оид туркум мақолалари учун – Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов.
«Сарҳисоб» танловининг Радио йўналиши ғолиблари Рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди:
1. Радиоканалларда диний-маърифий мавзулардаги чиқишлари учун – Тошкент ислом университети ўқитувчиси Саидафзал Саиджалолов.
Радио йўналишидаги энг яхши ижодий иш учун асосий мукофотлар:
I ўрин – Долзарб мавзуларда тайёрланган радиодастурлар учун – «Ёшлар» телерадиоканали АЖ директори ўринбосари Кумуш Пардаева.
II ўрин - Радиоканалларда диний-маърифий мавзулардаги фаол чиқишлари учун – «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Маъмуржон Эркаев.
III ўрин - «Ўзбекистон» радиосидаги туркум эшиттиришлари учун – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси муҳаррири Акбар Аброров.
Танловнинг Телевидение йўналиши ғолиблари
Рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди:
1. Андижон телерадиокомпаниясидаги диний-маърифий туркум кўрсатувлардаги чиқишлари учун – Андижон вилояти «Олтинкўл» масжиди имом-хатиби Муҳаммадюсуф Тўрақулов.
Телевидение йўналишидаги энг яхши ижодий иш учун асосий мукофотлар:
I ўрин – «Ўзбекистон» телерадиоканалида эфирга узатилган «Рамазон туҳфаси» туркум кўрсатувлари дастури учун – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлари бош муҳарририяти «Ҳидоят сари» кўрсатуви режиссёри Тўлқин Шамсиев.
II ўрин – Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва маҳаллий телерадиокомпанияларда намойиш этилган долзарб мавзулар бўйича давра суҳбатларидаги иштироки учун – Самарқанд вилояти «Имом Бухорий» масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов.
III ўрин – Ҳудудий телеканалда эфирга узатилган диний-маърифий кўрсатувлардаги фаол иштироки учун – «Муҳаммад ал-Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Бахадир Абдирахманов.
Бу йилги танловга «Тинчлик ва осойишталикни қадрлаш мавзусидаги энг яхши ижодий иш» йўналишида алоҳида мукофот жорий этилган. Ана шу номинацияга тақдим этилган ишлардан бири анжуман иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Диний-маърифий соҳадаги ибратли фаолияти, аҳоли орасида соғлом эътиқод асосларини тарғиб этишдаги ўрни, ёшларни ёт таъсирлардан муҳофаза этишдаги намунали фаолиятини инобатга олиб, «Тинчлик ва осойишталикни қадрлаш мавзусидаги энг яхши ижодий иш» учун танловнинг бош мукофоти «Зиё» студияси ижодий гуруҳига топширилади.
Тақдирланганлар номидан Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов ва Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматулло Усмонов сўзга чиқишди. Бу каби танловлар қалам аҳлига қанот бағишлаб, уларни янги руҳ ва ғайрат билан ижод қилишга, юртимиздаги бунёдкорлик ва тараққиёт солномасини зарҳал ҳарфлар билан битишга чорлаб қолади, деб умид қиламиз. «Сарҳисоб» танлови янги 2016 йилда давом этади.
Барчангизга мукофотлар муборак бўлсин деймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати