Ислоҳотлар самаралари ва эзгу мақсадларимиз ижобати
30.9.2015 3687

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 29 сентябрь куни Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлди.

Мамлакатимизнинг изчил тараққиёти, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари Наманган вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Вилоят аҳли саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, Ватанимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалиб бораётир. Наманган шаҳридаги Истиқлол кўчасида 8, Бобур кўчасида 16 кўп қаватли турар жой бинолари, кўплаб савдо ва маиший хизмат шохобчалари барпо этилди. Наманган халқаро аэропорти, “Яшил” деҳқон бозори реконструкция қилинди. Янги йўллар, сўлим хиёбонлар шаҳар чиройига чирой қўшди.

Вилоятда 2015 йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,7 фоиз ўсди. Замонавий саноат тармоқларини ташкил этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш изчил давом этмоқда. 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 922 лойиҳа амалга оширилди.

Президентимиз Наманган вилоятига сафарини Мингбулоқ туманидаги “Барака” фермер хўжалиги билан танишишдан бошлади.

Жорий йилда вилоятда 79 минг гектар майдонда ғалла экилиб, 500 минг тоннага яқин ҳосил кўтарилди. Бугунги кунда 82 минг 600 гектар майдонда етиштирилган пахта йиғиб-териб олинмоқда.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ерларнинг унумдорлигини ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасини “Барака” фермер хўжалиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Фермер хўжалигида бу йил ғалланинг ҳар гектаридан ўртача 65 центнердан ҳосил олинди. Пахта далаларида ҳам юқори ҳосил етиштирилди.

Ислом Каримов мазкур фермер хўжалиги даласида фермерлар билан суҳбатлашди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун муҳим мавсум бўлган шу кунларда сизлар билан дийдор кўришиш, ҳорманг деб, барчангизга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағишлайди, деди Президентимиз. Илгари деҳқон етиштирган пахтасини тезроқ заводга топширишни, қандай қилиб бўлмасин режани бажаришни ўйларди. Пахтанинг нави, сифати, пахтакорнинг даромади ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Бугун сифатли пахта етиштиришдан, уни вақтида йиғиб-териб юқори навларга топширишдан аввало фермерларнинг ўзи манфаатдор. Чунки қанча сифатли пахта тайёрласа, шунча кўп даромад топмоқда.

Мулоқот чоғида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ривожи учун кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам ушбу соҳа жадал равнақ топаётир. Кичик бизнес субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 68,5 фоизни ташкил этмоқда. Улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани натижасида ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажми муттасил ошиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 56,3 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди. 17 минг 260 янги иш ўрни яратилди.

Биз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини барпо этишда шошма-шошарликка йўл қўймадик, маррани ким тезроқ эгаллайди, қабилидаги мусобақаларга қўшилмадик, ўзгалардан нусха олмадик. Чуқур ва пухта ўйланган, машҳур беш тамойилга асосланган, жаҳон миқёсида тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган дастурни босқичма-босқич амалга оширдик. Бунинг самарасини мамлакатимиз эришаётган улкан ютуқ ва марраларда кўриш мумкин, деди Президентимиз.

Мамлакатимиз иқтисодиёти истиқлол йилларида 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани, глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, сўнгги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш ҳажми 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани алоҳида қайд этилди.

Фақат ғалла ва пахта етиштириш билан юксак фаровонликка эришиб бўлмайди, деди Ислом Каримов. Доим изланиш, ўрганиш, дунё билан ҳамқадам бўлиш, янги марралар сари интилиш зарур. Қишлоқларда одамларга юқори даромад келтирадиган замонавий саноат корхоналарини кўпайтириш, иқтисодиёт тармоқларини таркибий ўзгартиришни изчил давом эттириш керак.

Илгари ҳавас қилган мақсадларимизга бугун эришмоқдамиз. “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган эзгу ғоя одамларимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Бу барчамизга қанот, ўз кучимизга ишонч, айни чоғда қувонч бағишламоқда, деди Юртбошимиз.

Президентимиз Уйчи туманидаги “Обод замин” фермер хўжалиги далаларига ҳам ташриф буюрди.

Мазкур хўжалик ишчилари бу йил ғалладан 75 центнердан хирмон кўтарган. Шу кунларда етиштирилган мўл пахта ҳосили йиғиб-териб олинмоқда.

Барча ҳудудларда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, халқимиз фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Вилоятда ўтган йили 260, бу йил 140 намунавий уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги массивларда табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари тортилиб, ички йўллар қурилди. Маҳалла гузарлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт мажмуалари бунёд этилди.

Ободлик аввал қалбда туғилади – кўнгилдан бошланади. Инсон шуни мақсад қилиб, астойдил ҳаракат қилса, албатта рўёбга чиқади, деди Юртбошимиз. Бир неча йиллар олдин бошланган намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши бугун яхлит индустрияга айланди. Бу уйларда одамлар яйраб яшамоқда. Энг муҳими, бундай уйларда яшаётганларнинг дунёқараши ҳам ўзгармоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдир.

Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик шарофатидир. Айниқса, ёшларимиз ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, дадил интилаётгани, барча соҳаларда катта ютуқларга эришаётгани халқимиз қалбини ғурурга тўлдираётир.

Халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли қўлга киритилаётган бундай улкан ютуқлардан ҳар биримиз фахрланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз, деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз куннинг иккинчи ярмида Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Фарғона вилояти мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Ислом Каримов Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш борасидаги ишлар билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоят марказида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар бунёд этилаётир.

Қарор ижроси бўйича Фарғона шаҳрининг қиёфасини замонавий шаҳарсозлик талабларига мувофиқ тубдан янгилаш, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини комплекс ривожлантириш ва ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳарда бунёдкорлик, ободонлаштириш, уй-жой коммунал, йўл хўжалиги ва транспорт хизматини, сув, электр энергияси, табиий газ таъминотини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида салмоқли ишлар бажарилди.

Бугун мамлакатимизда замонавий шаҳарсозлик соҳасида эришилаётган улкан ютуқлар кўпчиликнинг ҳавасини тортмоқда. Иншоотлар, турар жой бинолари, ижтимоий инфратузилма объектлари, дам олиш ва зиё масканлари қурилишида миллий меъморлик анъаналари билан замонавий архитектурани уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар атрофи ландшафт дизайни асосида кўкаламзорлаштирилаётгани ҳар бир ҳудуд қиёфасига ўзгача чирой бағишламоқда.

Ислом Каримов Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Юртбошимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида вилоятда мазкур соҳа жадал тараққий этмоқда. Бугунги кунда вилоятда 18 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатиб, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,2 фоизга етди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда хорижий инвестиция иштирокида 12 қўшма корхона ташкил этилди. Бунда қўшма корхоналарни модернизация қилиш борасида яратилаётган имтиёз ва кафолатлар ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Бу жараёнда пахтани қайта ишлаш ва тикувчиликка ихтисослашган қўшма корхоналар эришаётган ютуқлар диққатга сазовордир. Бугунги кунда вилоятда “Наримтекс”, “Индорама Қўқон текстиль”, “Фарғона Турон текстиль”, “Бешариқтекстиль” сингари илғор технологиялар асосида жиҳозланган кўплаб корхоналарда халқаро андозаларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бормоқда.

“Наримтекс” қўшма корхонасида 2012-2015 йиллар мобайнида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар самарасида Германия, Италия, Туркия ва Хитойда ишлаб чиқарилган энг замонавий бичиш-тўқиш, пардозлаш жиҳозлари ва тикув машиналари ўрнатилди. Янги иш ўринлари яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва мазкур фармон асосида шу йил 20 августда қабул қилинган қонун тадбиркорлик фаолиятини ишончли ҳимоя қилиш ва жадал ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Президентимиз ички ва жаҳон бозорида муносиб ўрин топиш учун мунтазам изланиш, янги-янги маҳсулот турларини ўзлаштириш зарурлигини қайд этди. Бозор коньюктурасини ўрганган ҳолда маҳсулот тайёрлаш, дизайн масалаларига эътиборни кучайтириш, энг асосийси, жаҳон бозорида ўз брендини яратиш лозим.

– Бугун халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг замонавий кийинишга эҳтиёжи ва талаби тобора ошиб бормоқда, – деди Ислом Каримов. – Уларнинг ўсиб бораётган талабини юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий ва сифатли маҳсулотлар ҳисобидан қондириш муҳим вазифадир. Бунинг учун замонавий корхоналарни янада кўпайтириш, истеъдодли, замон ва бозор талабларини чуқур ҳис этадиган моҳир тадбиркорларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим.

Ислом Каримов корхона ишчиларининг ҳаёти, корхонада яратилган шароитлар билан қизиқди.

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига сафари давом этмоқда.

 

 

www.uza.uz 

 

 

 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 219192
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98221
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47230
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45782
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24769