Муҳаммад Салоҳ ЕЧЛ финали туфайли рўзасини қолдирмоқчи эмаc
24.5.2018 2856

Рамазон - бу амаллар ойи: рўза, ибодат, чекиш ва ғийбатдан сақланиш, гуноҳлар ва ғазабдан тийилиш. Шунингдек, бу ой тимсолларга ҳам бойдир. Жорий йилда мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ бу ойда юлдуз каби порлаб, унинг ҳақиқий тимсолларидан бирига айланса ажаб эмас.

Салоҳ ўтган йили «Ливерпуль»га келиб қўшилганидан сўнг, инглиз футболида ёрқин из қолдирди. Аввалроқ, «Челси»да ўтказган нурсиз мавсумидан сўнг, камдан-кам одам унинг Англияда муваффақият қозонишига ишонган эди.

Бироқ, у бир мавсумда урилган голлар сони бўйича АПЛ рекордини янгилади. Шунингдек, африкалик футболчилар орасида АПЛ тўпурари бўлиб олди. Бундан ташқари, «Ливерпуль» футболчиси томонидан бир мавсумда урилган голлар сони бўйича 1984 йилдан бери энг яхши натижани қайд этди.

 

 

Муҳаммад Салоҳ меҳнати муносиб тақдирланиб, бир неча шахсий совринларга лойиқ кўрилди. Жумладан, Профессионал футболчилар уюшмаси томонидан йилнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Ундан олдин, африкаликлар орасида бундай эътирофга 2016 йилда Риёз Маҳрез сазовор бўлган эди.

Муҳаммад Салоҳнинг ажойиб мавсумни ўтказиши уни замонамизнинг энг катта футбол юлдузлари Лионель Месси ва Криштиану Роналду билан таққосланишига олиб келди.

 

 

Мисрлик ёшлар пирамидалар олдида тасвирланган Муҳаммад Салоҳ портрети олдидан ўтиб боришмоқда. Араб ёзувлари: «Сиз гиёҳванд моддалардан кучлисиз» - деган маънони англатади.

Футболдаги машҳурликдан ташқари, Салоҳ Ислом қадриятларини ўзида мужассамлаштирган шахс сифатида ҳам намоён бўлди. Ғарбда аксилисломий баҳслар авж олаётган бир пайтда, Салоҳ ўз ҳиссиётларини майдонда очиқчасига намойиш қилмоқда, ҳар бир голидан сўнг қўлларини осмонга кўтариб, дуо ва худди намоздаги каби сажда қилмоқда.

Мисрда Салоҳ аллақачон миллий қаҳрамонга айланган. Айнан унинг ҳал қилувчи голи терма жамоага ЖЧ-2018 йўлланмасини тақдим қилди. Энди мисрликлар сўнгги 28 йилда илк маротаба мундиал ҳавосидан нафас олиш имкониятига эга бўлишди. Яқинда ўтказилган президент сайловида эса 1 миллиондан ортиқ одам бюллетенларга Муҳаммад Салоҳ номини ёзди.

 

 

Мисрлик болакай Қоҳирада Муҳаммад Салоҳ тасвири туширилган анъанавий фонарни ўпмоқда.

Айни пайтда Миср бозорида Салоҳнинг қиёфаси туширилган товарларнинг бозори чаққон бўлиб кетган. Маҳаллий ишбилармонлар унинг машҳурлигидан фойдаланиб, катта даромад олиб қолишга интилмоқда.

 

 

Муҳаммад Салоҳ тасвири туширилган наклейкалар. Арабча ёзув: «Рамазон Салоҳ билан ширин» - деган маънони англатади.

Аммо Рамазон ойида Салоҳни яна бир жиддий синов кутмоқда - «Ливерпуль» Чемпионлар Лигаси финалида «Реал» билан беллашади. Маълумки, футболчи Ислом арконларига қатъий амал қилувчи мусулмон ҳисобланади. Киевда ўтказиладиган финал Рамазон ойининг ўнинчи кунига тўғри келади. Бундан ташқари, Миср терма жамоаси ҳам яқин орада жаҳон чемпионати ўйинларига тайёргарликни бошлаб юбориши керак.

Аввалроқ, Миср олий муфтиси Шавқий Аллам Салоҳ ва унинг жамоадошларига ЖЧ-2018 ўйинларига яхши тайёргарлик кўриш учун рўзани кечиктиришга рухсат берган, аммо бу ҳақда ҳар кимнинг ўзи бир қарорга келиши кераклигини айтган эди.

Натижада, Салоҳ ва унинг «Ливерпуль» клубидаги жамоадошлари Садио Мане билан Эмре Жан олдида мураккаб танлов пайдо бўлди: Чемпионлар Лигаси финалидан олдин рўза тутиш ёки футбол учун Исломнинг 5 арконларидан биридан воз кечиш...

 

 

 

«Ливерпуль»нинг сенегаллик ҳужумчиси Садио Мане ва германиялик яримҳимоячиси Эмре Жан ҳам Ислом арконларига амал қилади.

2014 йилда Салоҳ рўзанинг «Челси» мавсумолди машғулотларига ҳалал берганини тан олган эди. 

«Рамазон мен учун қийин ўтди. Чунки, ҳар куни иккита машғулот ўтказдик, ҳаво эса иссиқ эди. Мен назорат баҳсларида ҳам ўйнадим. Ифторлик вақтигача жуда чанқар эдим. Одатда бунга ўрганиб қолганман, аммо бу сафар жуда қийналдим. Бироқ, ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман» - деган эди Салоҳ.

«Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп Channel 4 News каналига берган интервьюсида Салоҳ, Мане ва Жан профессионал футболчи бўлган ҳолда, ўз динига амал қилаётганини айтди.

«Салоҳ - мусулмон. У мусулмонлар бажарадиган барча амалларни қилмоқда. Ўйиндан олдин таҳорат олади ва шунга ўхшаш ишларни қилади. Биз унинг тайёр бўлиши учун кийиниш хонасида бир ёки икки дақиқа кутиб турамиз. Садио ва Эмре ҳам шу ишларни қилади» - деди Клопп.

Клопп бугунги кунда, можароларга ва аксилисломий фанатизмга тўла дунёда Салоҳ жуда ҳам зўр тимсолга айланганини тан олади.

 

 

«Бу фантастика. Бу айнан ҳозирги кунда бизга керак бўлган нарса. Биз қувонч, муҳаббат, дўстликка тўлиб тошган бу ёш инсонни кўряпмиз, бу билан ер куррасида нималар юз бераётганини англашга ҳаракат қилмоқдамиз. Салоҳ - араб дунёси ва Миср учун ажойиб элчидир» - деди Клопп. 

Мирснинг «Ал-Масрий ал-явм» нашри хабарига кўра, Муҳаммад Салоҳ фаолиятидаги энг муҳим давр яқинлашаётганига қарамай, Рамазон рўзасини танлаган. Ҳатто у Чемпионлар лигаси финали куни ҳам рўзасини бузмайди. 

Маълумки, келиб чиқиши сомалилик бўлган, британиялик енгил атлетикачи Муҳаммад Фароҳ Лондон-2012 Олимпиадасида олтин медалларни қўлга киритиш учун рўза тутмаган эди. Аммо, Салоҳнинг айтишича, у «Реал»га қарши бўладиган ўйин куни ҳам рўзадор бўлади. 26 май куни Киевда ифторлик вақти финал ўйини бошланишига тахминан 1 соат қолганда киради.

 

Манба: kun.uz

 

 

 

 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217187
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24614