Ислом коинотни ўрганишда давом этмоқда
16.7.2015 5766

 

       1961 йил 12 апрел куни биринчи инсон коинотга сафар қилди. Ушбу воқеага ҳам 54 йил бўлди. Ўтган бу даврда 500 дан зиёд одамзод коинотга сафар қилишдек бахтга муяссар бўлди. Коинотни ўзлаштириш, олимларга дунёнинг яратилиши ва унда инсонларнинг тутган ўрни ҳақида кўпроқ маълумот тўплаш имконини берди. Инсонларнинг коинот сирларини ўрганишларида илм - фан ва замонавий технологияларнинг ўрни беқиёс.

Ислом динида илм ўрганишга катта урғу берилган. Илм ҳақида Қуръон карим оятлари ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг кўплаб ҳадислари мавжуд. Инсон коинотда юлдуз ва галактиканинг тартибли ҳаракатини кузата туриб, бу ўз - ўзидан бўлиб қолмаганига амин бўлади. Маълумки, муқаддас динимиз таълимотига кўра мусулмон киши намозни ҳар қандай ҳолатда (баъзи ҳолатлар бундан мустасно), ҳар қандай жойда адо этмоғи лозим. Ҳатто коинот ҳам бундан истисно эмас.

2007 йил мусулмон фазогирлар учун “Халқаро космик кемаларда – мусулмонлар учун диний анъаналарга риоя этиш бўйича қўлланма” ишлаб чиқилди. Мазкур қўлланма Малайзиялик 35 ёшли шифокор Музаффар Шукорнинг ер орбитаси бўйлаб қиладиган сафари олдидан нашр қилинди. У мусулмонлар ичида биринчи бўлиб, Рамазон ойини коинотда ўтказиши керак эди.

Қўлланмада мусулмон кишининг коинотда қандай таҳорат олиши, намоз ўқиш учун Макка томонга қандай юзланиши ва Рамазон рўзасини қайси вақтга амал қилган ҳолда адо этиши кўрсатилган эди. Шу ўринда савол туғилиши табиий: “Маккага қанда тўғри юзланамиз, халқаро космик кема ер куррасини бир ярим соатда айланиб чиқишини инобатга олиб, ер орбитасида қандай қилиб намоз вақтларини аниқ белгилаш мумкин?” Қолаверса мусулмон киши намозни адо этишдан олдин таҳорат олиши лозим, сув эса халқаро космик кемада олтинга тенг, сувдан фойдаланишнинг қатъий қоидалари бор.

Ер орбитасида мусулмонларнинг ўзини тутиши бўйича қўлланма Малайзияда икки кун давом этган анжуманда ишлаб чиқилди. Анжуман Малайзия миллий космик агентлиги ва Исломий тараққиёт департаменти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 150 нафар диний ва астрономия олимлари қатнашдилар. Ислом дини енгиллик дини бўлиб, у инсонларга осонлик берувчи диндир. Қийин вазиятларда ислом дини фарзларини адо этишда бирмунча қулайликлар бор. Масалан, сафардаги мусулмон учун намозни қаср қилиб ўқиш, инсоннинг касал вақтларида намозни ўтириб ёки ётиб ўқиши кабилардир. Хуллас ислом динида ҳар қандай ҳаётий ҳолатлар учун ечим мавжуд.

Мусулмон киши коинотда ҳам ердаги каби ислом таълимотларга риоя этган ҳолда яшаши мумкин. Диний уламоларнинг тавсияларига кўра малайзиялик дастурчилар коинотда намоз вақтларини аниқлаб берувчи дастур ишлаб чиқдилар. Шунингдек, доимий равишда Маккани кўрсатиб турувчи қурилма ҳам ихтиро қилдилар. Ерда намоз вақтлари қуёш чиқиши ва ботишига қараб белгиланади. “Кун ёки тун” каби атамалар бўлмаган коинотда эса намоз вақтлари 24 соатлик вақт ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда куннинг бошланиши коинотга училган жой вақтига қараб белгиланади. Шу билан бирга мусулмон-фазогир худди узоқ сафарга чиққан мусулмондек намозни қаср ёки қўшиб, жамлаб ўқиши ҳам мумкин.

Коинотдаги вазнсизлик сабаб намознинг рукнларини тўлиқ бажариш имкони бўлмаганда, худди беморлардек ўтириб ёки ётган ҳолда адо этишлари мумкин. Космик кемада сувнинг бир киши учун кундалик 4 литрлик чегараси бор. Шу сабаб покланиш (таҳорат) учун таяммумдан фойдаланиш ҳам мумкин. Ҳатто Рамазон рўзасини ҳам осонгина тутиш мумкин. Бунда фазогир коинотга кўтарилган макон вақтидан келиб чиқиб, қуёш чиқиши ва ботишига қараб адо этади.

Малайзиялик фазоргир Музаффар Шукорнинг коинотга сафари сабаб ислом олимлари ердан ташқарида ҳам ислом таълимотларига амал қилиш қоидаларини ишлаб чиқдилар. Коинотда мусулмон кишининг қазоси етиб, вафот этса, ерга олиб тушиб дафн қилинади. Буни иложи бўлмаган тақдирда космик кемада ювиб, фазовий бўшлиққа чиқариб юборилади. Ерда яқинлари жаноза намозини адо этиб қўядилар.

Юқорида айтиб ўтилганидек, шу кунга қадар 500 дан ортиқ инсон коинотга “қадам” қўйди. Улардан 60 нафари аёллардир. Бу фазогирлар ичида камсонли бўлса ҳам мусулмонларнинг борлиги кишини хурсанд қилади. Улар:

- Саудия Арабистони шаҳзодаси Султон инб Салмон

- Суриялик фазогир Муҳаммад Аҳмад

- Доғистонлик фазогир Манаров Мусо

- Афғонистонлик фазогир Моманд Абдулаҳад

- Қозоғистонлик фазогир Аубакиров Токтар

- Россиялик Мусабоев Талгат

- Ўзбек ўғлони Солижон Шарипов

- АҚШлик Ансари Ануше

- Малайзиялик Музаффар Шукор

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло бутун коинот ва ундаги барча нарсани одам боласи учун яратди. Бу неъматлардан оқилона фойдаланиб, У буюрганидек яшаш ҳар бир инсоннинг бурчидир.

                                                                   

Интернет маълумотлари асосида Мақсуд КАРИМОВ тайёрлади

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217580
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24645