Зулмат ичидаги зиё (МАҲДУМ ВОСИЛИЙ)
29.10.2015 7502

    Маҳдум Восилий (Мулла Ҳасанхон Маҳдум ибн Мулла Муҳаммад Иброҳим) 1898 йили Мингтепа (Ҳозирги Марҳамат)нинг Қорабоғиш қишлоғида таваллуд топган. Отаси Мулла Муҳаммад Иброҳим араб ва форс тиллари билимдони, ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ)ни чуқур билган олим эди. Шунинг учун у Мингтепада бир неча вақт қозилик мансабида ишлаган. Муҳаммад Иброҳимнинг отаси Мулла Соҳибназар эса Қўқон хонининг муфтийси сифатида фаолият кўрсатган. Унинг отаси эса Худойдод Сўфи номи билан танилган тақводор киши бўлган.
   Маҳдум Восилий дастлабки таълимни отаси Муҳаммад Иброҳим ва тоғаси Зиёвуддин Махдумдан олади. Сўнгра акаси Муҳиддин Махдум (лақаби Бургут Махдум) бош мударрис бўлган, Андижондаги мадрасада, айни пайтда Марғилон мадрасасида таҳсилни давом эттиради. 1919-1920 йилларда Бухорога бориб, то 1925 йилгача Мирараб мадрасасида ўқийди. Махдум Восилий билимга чанқоқлиги ва иқтидорлиги билан мадраса илмларини пухта эгаллайди. Устозлари ва тенгдошлари орасида ҳурматга эга бўлади. Унинг устозлари ўша даврнинг машҳур олимлари Мулла Асвад Махдум, Хожа Умарча домла, Мулла Икромча домла, Бақохожа Эшон домла ва мулла Ўроқ домлалар бўлган.
   Бухорода мадрасада ўқишлар тўхтаб қолгач, Махдум Восилий Марҳаматга қайтади. Уламолар йиғинида ёш Восилий баҳсда барчани лол қолдиради. Аравон ноҳиясида бир мунча муддат қози бўлиб турган ва чуқур илмга эга бўлган Мулла Холмат қози Восилийни ўзига куёв қилади ва Биби Ҳамида исмли аҳли савод ёлғиз қизини Восилийга беради.
   Орадан кўп ўтмай, қизил империя малайлари Восилийнинг кетидан тушадилар. Унинг акаси Муҳйиддин Махдум Қашқарга қочишга мажбур бўлади ва ўша ерда вафот этади. Восилий ўзини яшириш учун Булоқбошида одамларнинг деворларини уриш ва ғишт қуйиш билан машғул бўлади. Бироқ ҳукумат одамлари унинг уйига бостириб кириб, барча нарсаларини талон-тарож қилдилар. Восилий бу ердан ҳам кетишга мажбур бўлади ва Асака шаҳрига келиб, пиллакашлик корхонасида ишлайди. Бу ерда ҳам унинг уламолиги ошкор бўлгач, Марҳаматга кетади ва ўз опаси уйида бир неча муддат яшаб, сўнг Марҳамат қишлоғида қўним топади.
   Восилий Марҳаматда ишлайди ва илмини яширишга мажбур бўлди. Лукин у ерда ҳам унга тинчлик беришмади. Умрининг охиригача тазйиқ остида яшади. Бир гуруҳ кишилар у ҳақда тинимсиз туҳмат хатларини уюштириб, уни ўзгача фикрловчи сифатида кўрсатишга уриндилар. Ҳатто унинг шеърларини газетада босишга ҳам рухсат беришмади. Мустақиллик туфайли Восилийнинг шеърларидан намуналар “Марҳамат илҳомлари” номи билан 2002 йили Тошкентда чоп этилди.


    Восилий нотинч ҳаёт кечирганига қарамай, умрининг охиригача ижод қилди ва қуйидаги асарларни ёзди:

1. Качкўли Восилий ал-Марҳаматий (Восилий ал-Марҳаматийнинг “Качкўл” китоби).

2. Мажмаъуттаворих (Тарихий воқеалар мажмуаси).

3. Мажмаъуладвия (Даволар мажмуаси).

4. Мажмаъулмасоил (Масалалар мажмуаси).

5. Бунёнулбаён фи унвонулбаён (“Унвон ул-баён” китоби ҳақида бармоқлар тиклаган бинолар).

6. Муқаддимат ус-салот (Намоз муқаддимаси).

7.Рисолаи қимиз (Қимиз ҳақида рисола).

8. Мажмаъулашъор (Шеърлар мажмуаси).

9. Шарҳ ва таржимаи “Атбоқуззаҳаб” (“Атбоқуззаҳаб”нинг шарҳи ва таржимаси).

10. Таржима ва шарҳи “Чилкоф” (“Чилкоф”нинг таржима ва шарҳи).

11. Шарҳи “Ҳизбул баҳр” (“Ҳизбул баҳр” китобининг шарҳи).

12. Масоилу фиқҳ ( Фиқҳий масалалар).

13. Мунтахабуттибб (Тибий китоблардан сайланма).

14. Мажмаъул оёт вал аҳодис ( Оят ва ҳадислар тўплами).

15. Масоилул амвот минал кутубал мўътабирот (Мўътабар китобларда баён қилинган марҳумлар масаласи).

16. Баёзи Восилий.

17. Мажмаъул мутафарриқот (Ҳар хил масалалар мажмуаси).

18. Мажмаъул ҳикоёт (Ҳикоялар мажмуаси).

19. Ҳадиқатул масоил (Масалалар боғи)

20. Таржимаи “Номи Ҳақ” ба забони туркий (“Номи Ҳақ”нинг туркий таржимаси).

21. Мажмаъ ул ахбор (Хабарлар мажмуаси)

22. Мажмаъул адъияти минал ояти вал аҳодис ва мин ақволил машойих минал кутубил муътабарот (Муътабар китоблардан, ҳадис ва оятлардан танлаб олинган дуолар)

23. Зарурияти Маҳмудия.

24.Калимати қудсияи машойих (Машойихларнинг қудсий калималари).

25. Китоб ул-васийяти жаноби Саййид Аҳмад тўра ибн Саримсоқхон тўраи Арабоний ал-Фарғоний (Жаноби Саййид Аҳмад тўра ибн Саримсоқхон тўра Арабоний ал- Фарғонийнинг васият китоби).

26. Китоб ул-мутойиба (Мутойиба китоби).

27. Мажмаъ ул-мутафарриқот мин ар-рақойиқ ваз-заруриёт

28. Мунтахаб аз китоби Иршод ут-толибин (“Иршод ут-толибин” китобидан сайланма).

29. Олтин бешик тарихи.

30.Тарихи ҳазрат Офоқ (Ҳазрат Офоқ тарихи).

31.Тафрижуш шиддат би-шарҳил мунфарижа (Қийинчиликдан халос қилувчи “Мунфарижа” шарҳи).

32. Китобул ҳаж минал Ҳидоя фил Муздалифа (“Ҳидоя”дан олинган Муздалифа ҳақидаги Ҳаж китоби).

33. Дукчи Эшон (шеърлар тўплами).

34. Масъалаи Олимхон тўра (Олимхон тўра масаласи).

35. Арзул аҳвол ила Нуъмон Қори ал-Хатиб (Нуъмон қори ал-Хатибга арзнома).

36. Алқавлул болиға фий имраатис солиҳа (Солиҳа аёллар ҳақида улуғ сўзлар).

37. Ҳоза ад-дафтар ли-ахинал акрам Мулла Абдуррасул Махдум (Ҳурматли биродаримиз Мулла Абдуррасул Махдумга).

38. Баёнул ихтилож ваттаъбир (Туш таъбири баёни).

39. Дафтарут тарих (Тарих дафтари).

40. Фил-меърож ваззахрат фий Байтил муқаддас (Байт ул-Муқаддасдаги Меърож тарихи ҳақида).

41. Ҳозиҳид дафтар фи таржимати муштаққоти рисолат ил-Муъиззий ли-Файзираҳмон (Файзираҳмон учун ёзилган ал-Муъиззий рисоласидани иштиқоқлар таржимаси дафтари).

42. Интибоҳ фи ҳалли иштибоҳ (Иштибоҳларни ҳал қилиш ҳақида огоҳлантириш).

43. Дуҳнул ожир.

44. Танбиҳул ҳазарот фи таҳқиқил ғафалот (Ғафлатларни тарқатиш ҳақида ҳозирларга огоҳлантириш).

45. Шаҳмул ҳанзал ва давоул айн маъхуз мин Уммонут тибб (“Уммонуттибб” китобидан олинган Абужаҳл тарвузининг эти ва кўз дориси).

46. Хонлар тарихи.

47. Дафтар фит-тибб (Табобат дафтари).

 

      Восилий ўз фикрларини араб ва форс тилларида насрда эмас, балки назмда ҳам ифодалаган. Ҳозирда марҳамат туманидани олим яшаган ҳовлида “Махдум Восилий номидаги маънавий мерос маркази” ишлаб турибди. Марказда олим томонидан йиғилган ва тазйиқ сабабли бировларнинг уйида яширин сақланган 700 га яқин араб, форс ва туркий тилларидаги асарлар сақланмоқда.
      Восилий 1979 йилда вафот этган. У яшаган кўча ҳозирда Махдум Восилий номига қўйилган. Восилийнинг ғазаллари 2002 йили “Марҳамат илҳомлари” номи билан Тошкентда нашр этилди. 2015 йилда унинг девони “Файз осор Марҳаматдур” номи билан Тошкентда чоп этилди.
    Восилийнинг ўғли тарих фанлари доктори, шарқшунос-манбашунос олим Маҳмуд Ҳасанийнинг “Обиҳаёт томчилари” китоби олим ва шоир Восилийнинг ҳаётига бағишланган. Унинг “Шоматлик улуғ олим”, “Амир Темур шамширсозлари”, “Дилкушо боғи” каби китобларида эса Восилий ҳақидаги маълумотлар чоп этилган.
     Ҳозирда, Восилий номидаги Маънавий Мерос Марказида фаннинг турли соҳаларига бағишланган қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланмоқда. Жорий йилнинг август ойида Восилий уй музейи очилди. Унда Восилий ҳаёти ва ижоди билан боғлик экспонатлар жамланди. Ҳозирда унинг бошқа асарлари ҳам нашрга тайёрланмоқда.

 


Азизахон Музаффарова,
Хадичаи кубро ўрта-махсус аёл-қизлар ислом билим юрти 4 курс талабаси

 

 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217159
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24610