Қуръони карим мўъжизалари замонамиз олимлари нигоҳида
15.11.2017 4817

Инсоният яралибдики, ўзини ўраб турган оламни ўрганишга интилади, изланишлари натижасида кўплаб кашфиётлар қилади. Замонамиз олимлари ҳам ўз олдига қўйган кўплаб саволларга жавобларни Қуръони каримдан топмоқдалар. Энг қизиғи, улар ўзлари қилган кашфиётларнинг бундан 14 аср илгари нозил бўлган Қуръони каримда битилганига гувоҳ бўлмоқдалар.

 

Келинг, ана шундай ҳодисалардан бир нечасини кўриб чиқайлик.

 

Қуръони карим нозил бўлган даврда техника, илм-фан тараққиёти жуда содда эди. Лекин унда оламнинг яратилишидан тортиб, инсоният туғилиши, борингки, ҳозирги фанларнинг барчаси шу қадар мукаммал акс этганки – унинг қанчалик мукаммал эканини англашга инсониятнинг даҳоси ожизлик қилади.

 

Қуйида Қуръони каримда баён қилинган 9 та илмий далилга тўхталамиз.

  1. Ҳаётнинг пайдо бўлиши

 

Сув барча жонзотлар учун бирдек зарур. Биламиз, сувсиз ҳаёт йўқ, бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

“...бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (Анбиё сураси,30-оят).

 

Ушбу ояти каримада ер юзидаки жамики нарсалар сувдан пайдо бўлгани таъкидланмоқда. Барча тирик жонзотлар ҳужайралардан ташкил топган. Ҳужайралар эса сувдан иборат. Масалан, биология дарсликларида ҳайвон ҳужайраси цитоплазмасининг (ҳужайрани ташкил қилувчи) 80 фоизи сувдан иборатлиги кўрсатилган.

 

Барча тирик жонзотлар ҳужайрадан ва ҳужайранинг асоси сув экани микроскоп ихтиро қилинганидан сўнггина кашф этилган. Лекин, буни қарангки, бундан анча илгари Арабистон саҳросида “кимдир” буни билган экан.

  1. Темир

 

Темир Ерга хос модда эмас. У Ерда пайдо бўлмаган, фазодан туширилган. Бу албатта, тушунарсиз бўлиши мумкин, лекин олимларнинг изланишлари шуни кўрсатадики, миллиард йиллар аввал Ер сайёраси метеоритлар ёмғири остида қолган. Метеоритлар узоқ-узоқ юлдузларнинг портлаши натижасида пайдо бўлгани сабабли уларнинг таркиби ўша юлдузларда бўлган темир моддасидан иборат бўлган.

 

Қуръони каримда эса темирнинг пайдо бўлиши ҳақида бундай дейилади:

 

“Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик – унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир” (Ҳадид сураси, 25-оят).

 

Темирга нисбатан “туширдик” сўзининг қўлланиши темирнинг ерда эмас коинотда яралиб сўнг ерга туширилганини исботлайди. Темир инсоният манфаати учун Ерга туширилгани 14 аср илгари айтилган.

  1. Осмоннинг ҳимояси

 

Осмон Ерни Қуёшнинг радиактив нурларидан ҳимоя қилишда энг муҳим вазифани ўтайди. Агарда Осмон бўлмаганда эди, Ердаги бор нарсаларнинг ҳаммаси Қуёшнинг кучли радиациясидан йўқ бўлиб кетарди. Шунингдек, Осмон Ерни қалин пар кўрпадек ўраб туради ва уни коинотнинг даҳшатли совуғидан ҳимоя қилади. Коинотдаги совуқлик даражаси -270°С ташкил этиши фанга маълум. Агарда ана шу совуқ тўсилмасдан Ерга тушса, Ер бир лаҳзадаёқ муз парчасига айланиб қолади.

 

Яна Осмон ўзида иссиқликни ушлаб туради ва Ер юзининг меъёрида исишига сабаб бўлади (парник эффекти). Бу билан ерда ҳаёт мавжудлигини таъминлайди. Шу билан бирга, тун ва кун оралиғидаги ҳароратнинг кескин ўзгаришларида мувозанатни ушлаб туради. Булар Осмоннинг беҳисоб ҳимоя вазифаларидан бир нечтаси, холос.

 

Қуръони карим бу борада шундай дейилади:

 

“Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик ва шоядки тўғри йўл топсалар, деб унда даралар, йўллар қилдик.

 

Ва осмонни сақланиб турувчи том қилиб қўйдик. Улар эса, Унинг аломатларидан юз ўгиргувчи бўлмоқдалар” (Анбиё сураси, 31-32-оятлар).

 

Қуръони каримда осмоннинг ҳимоя вазифаси таъкидланмоқда, Фанга эса бу факт йигирманчи юзйилликаср ўрталарида олиб борилган изланишлардан маълум бўлган.

  1. Тоғлар

 

Қуръонда тоғларнинг асосий хусусияти келтирилган:

 

Ерни тўшаб қўймадикми? Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?)” (Наба сураси, 6-7-оятлар);

 

Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик ва шоядки тўғри йўл топсалар...”(Анбиё сураси, 31-оят).

 

Ушбу оятларда тоғларни устун сифатида таърифлаб, уларга нисбатан “қозиқ” сўзи ишлатилмоқда.

 

Аслида ҳам тоғлар жуда чуқур илдизларга эга бўлиб, уларни “қозиқ” деб аташ айни муддаодир. Геофизик Франк Пресснинг “Ер” номли китобида “тоғлар устунларга ўхшайди. Улар ер остига жуда чуқур кириб кетган. Масалан, 9 км. баландликдаги Эверест тоғининг ер остидаги қисми 125 км. дан ортиқни ташкил қилар экан”, дейилади.

 

Тоғларнинг “қозиқ” каби ер остида ҳам илдизига эга экани 20-асрларга келиб, ер ости тектоникаси назариясининг кашф этилиш билан фанга маълум бўлди.

  1. Коинот, оламнинг кенгайиши.

 

Астрономия фани ҳали жуда жўн ва содда шаклда бўлган бир паллада Қуръони каримда астрономияга оид факт қуйидагича тилга олинган:

 

Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилгувчидирмиз” (Зориёт сураси, 47-оят).

 

Оламнинг кенгайиши назарияси фанга ўтган асрда маълум бўлди. Физик олим Стивен Хокинг ўзининг “Вақтнинг қисқача тарихи” китобида бундай ёзади: “Коинотнинг кенгайишиш ҳақидаги кашфиёт 20-аср илм-фани тарихида улкан ютуқдир”.

 

Қуръони каримдаги ушбу оят нозил қилинганида эса, ҳаттоки оддийгина телескоп ҳам кашф этилмаган эди.

  1. Қуёш орбитаси

 

1512 йили астроном Николай Коперник Қуёш сайёралар системасидаги ҳаракатсиз ягона сайёра эканини, Қуёш системасидаги қолган сайёралар Қуёш атрофида айланиши назариясини кашф қилди. Қуёш ҳаракатланмайдиган сайёра экани ҳақидаги назария 20-асргача олимлар томонидан тасдиқланиб келар эди. Лекин 20-асрга келиб, Қуёшнинг ҳаракатланиши, фақат у, Сомон Йўли марказининг орбитаси атрофида айланиши фанга маълум бўлди (Ламберт M.Зурхоне, “Орбитальный период: Oрбита, Солнце, Земля, узел Орбиты, апсида, большая полуось, их совпадение”)

 

Қуръони каримда бу далил ўз ифодасини топган:

 

У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. (Уларнинг) Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар” (Анбиё сураси, 33-оят).

 

Яқиндагина астроном олимлар Қуръони каримнинг ушбу оятини ботилга чиқаришлари мумкин эди. Лекин буни қарангки, Қуръони карим фанда ўз исботига эга бўлиб келмоқда.

  1. Уммонлар

 

Қуръони каримда уммон тубидаги ҳолат ҳақида маъжозий маънода сўз юритилади. Бу ерда кофирларнинг аҳволи уммон тубидаги ҳолатга қиёсланади ва шу билан бирга уммоннинг васфи ҳам келтирилади.

 

Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшайдир. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса, булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас” (Нур сураси,40-оят).

 

Тўлқинлар фақат уммон юзасида ҳосил бўлади деб ҳисоблаймиз. Лекин океаншунос олимларнинг изланишлари шуни кўрсатадики, мавжлар нафақат уммон юзасида, балки энг аввал уммон остида юзага келар экан. Яъни, уммон юзасидаги мавжлар, унинг остидаги тўлқин натижасида юзага чиқар экан. Бу тўлқинларни кўз билан илғаб бўлмайди. Уларни фақат махсус асбоблар ёрдамида сезиш мумкин экан. Шунингдек, Қуръони каримда уммон остининг зулматда экани ва унинг устида тўлқинлар мавж уриши тасвирланган. Бу билан яна бир илмий кашфиётнинг гувоҳ бўламиз.

 

Инсон сув тубига махсус килородли нафас олиш мосламасисиз 70 метргача туша олади. Бу масофада ёруғлик мавжуд. Лекин, биз 1000 метрлик масофагача тушсак у ер мутлоқ зулматда эканини кўрамиз.

 

Энди фикр қилиб кўринг, 1400 йил аввал ҳеч қандай сув ости кемалари-ю, сув остини ўрганиш мосламаларисиз океан тубидаги тўлқинлар ва зулмат ҳақидаги фактнинг Қуръонда келиши мўъжиза эмасми.

  1. Ёлғон ва бош мия фаолияти

 

Барчамизга маълумки, севикли Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баджаҳл ва мунофиқ қариндоши Абу Жаҳл ҳақида Қуръонда бир неча жойда келтирилган.

 

Йўқ! Агар у (Абу Жаҳл) қайтмаса, пешонаси (сочи)дан шиддатла тутамиз. Ёлғончи, хатокор пешонасидан” (Алақ сураси, 15-16-оятлар).

 

Ушбу ояти карима икки жиҳатига кўра аҳамиятга молик. Биринчидан, “Ёлғончи, хатокор пешонасидан” оятида, айнан бошнинг пешона қисмига урғу берилмоқда. Бу ерда бош миянинг олди қисми жойлашган бўлиб, миянинг бу қисми инсоннинг ҳаракатланишига жавоб беради. Бошнинг ушбу соҳаси бўйича тадқиқот ишлари  ёритилган “Физиология ва анатомия асослари” китобида бундай дейилган:

 

“Инсоннинг ҳаракатларини йўналтириш, режалаштириш ва ҳаракатни амалга ошириш функцияси бош миянинг олд (префронтал) қисмида амалга оширилади.

 

Иккинчидан, кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатадики, миянинг айнан ана шу олд қисми ёлғон сўзлаш функциясига жавобгар экан. Яъни, Пенсильвания штати университетида бир гуруҳ талабалар билан тажриба ўтказилди. Бунда ҳар бир талабага саволлар берилди ва жавоб бериш жараёнида мия фаолияти махсус асбобда кузатиб турилди. Талаба саволга ёлғон жавоб берганида миянинг айнан олд (префронтал) қисмида активлашиш аниқланди.

 

Демак, миянинг олд (пешона тараф) қисми ёлғон сўзлаш ва ҳаракатланишга жавобгар экани 20-асрга келиб исботланди. Қуръони карим эса ўша замондаёқ Абу Жаҳлнинг ёлғончилиги ва адолатсиз ҳаракатларининг пешона қисмига боғлиқ эканини кўрсатган.

  1. Оғриқ сезувчи рецепторлар.

 

Яқин-яқингача танадаги барча оғриқ сезиш хисси бош мияга боғлиқ деб келинар эди. Олимларнинг изланишлари натижасида терида ҳам оғриқ сезувчи рецепторлар мавжуд экани, уларсиз инсон танасидаги оғриқларни сеза олмаслиги маълум бўлди ( Майкл Дармон, Молекулярная биология кожи: кератиноцит).

 

Энди оғриқ борасидаги бир оятни кўрайлик:

 

Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритамиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир” (Нисо сураси, 56-оят).

 

Бу оятда имон келтирмаган бандаларнинг дўзахдаги азоблари тасвирланмоқда ва инсоннинг териси куйиб кетгач яна янги тери берилиб, оғриқ азоби давом этиши айтилмоқда.

 

Демак, очиқ-ойдин кўриниб турибдики, оғриқни сезиш терига боғлиқ. Тери куйиб кетгач оғриқ рецетпорлари ўлади ва инсон оғриқни сезмай қўяди. Агар тери янгиланса ва бошқатдан куйдирилса худди аввалгидек кучли оғриқ ҳис қилинади.

 

Теридаги рецепторлар борасидаги илмий кашфиёт эса яқин кунларда кашф этилганини эслатиб ўтишимиз жоиз.

 

Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, Қуръони карим – бизнинг дунёвий ҳаётимиз, руҳий ҳолатимиз, ҳис-туйғуларимиз, истак-хоҳишларимиз, борингки, бутун борлиғимиз ҳақидаги илмни жамлаган Китоб. У бизни икки дунё саодатига етишимизда йўл кўрсаткичимиздир: Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?!” (Фуссилат сураси, 53-оят).

 

 

Қосимхон Бойханов

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217542
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24638