Тунги уйқу мўъжизаси
3.2.2018 2355

Ҳозирги кунда телевизор томоша қилиб, компьютерда ишлаб уйқуга кеч ётиш ва эрталаб кеч уйғониш одатга айланиб бормоқда. Ҳаётнинг ҳар бир жабҳасини ҳисобга олиб, ҳар бир вазиятдан инсонга фойда етишини кўзлаган динимиз, бу хусусида ҳам кўрсатмалар берган.

 

Шариатимизда тунда уйқуга ўз вақтида ётиб, тонгда барвақт туришга буюрилганмиз. Ояти карималарда кун иш ва ҳаракат учун, тун эса ором олиш учун экани бир неча маротаба такрорланган.

 

“У сиз учун кечани либос, уйқуни истироҳат қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир” (Фурқон сураси, 47)

 

Ҳатто Имом Ал Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг дарҳол уйқуга ётиб барвақт туриш учун қувват олишни буюрганлар.

 

Шунингдек, кўплаб ҳадисларда тонгда барвақт туриш ва бомдод номозидан сўнг ухламаслик ҳақида кўрсатмалар берганлар. “Умматим учун эрта туришда барака бордир” (Термизий ривояти).

 

Яҳудийлар ушбу ҳадиснинг ҳикмати сабаб, унга қатъиян амал қилади. Бугунги кунда физиология ва бошқа табиий фанларнинг илмий тадқиқотлари ва кашфиётлари натижасида, оламлар Яратувчисининг кун ва тунни яратиши ҳикмати, уйқунинг фойдали ҳусусиятлари ҳақида маълумотга эгамиз.

 

Қадимда уйқудан маҳрум қилиш – инсон иродасини синдириш учун қўлланиладиган энг қаттиқ қийноқ тури бўлган. Бу айрим мустабид давлатларда ҳали ҳам қўлланилади.  

 

Ўзи уйқунинг инсонга қандай таъсири бор? Уйқу киши учун фойдалими ё зарарми?

 

Келинг, энди ана шу саволларга жавоб қидириб кўрайлик.

 

Олимлар яқиндагина ўтказган илмий тадқиқотлар натижасидан маълум бўлдики, уйқуга тўйиб уйғонган кишига ёдлашга нарса берилса, дарров ёдлаб олади ва бошқа масалаларни ҳам кечроқ уйғонганларга қараганда тезроқ ҳал қилади.

 

Ухлаганда инсон танаси жисмоний ва руҳий қувват тўплайди. Бу танадаги кун давомида тўпланган босим ва тарангликнинг аста-секин бўшашиши орқали содир бўлади. Шунингдек, қаттиқ уйқу вақтида янги нерв ҳужайралари – нейронлар пайдо бўлиши кузатилган. Айтиш мумкинки, уйқуда ақл тўлишади! Уйқу жараёнида миядаги маълумотларни мантиқан тартибга солувчи кучли механизм ишга тушади. Сомнология маркази олимларининг изланишлари киши ухлашидан аввал олган маълумоти хотирада кўпроқ вақт сақланиб туришини исботлади.

 

Ухлаётганимизда миямиз бутун тана аъзоларини бирма-бир кўрикдан ўтказади. Бир сўз билан айтганда, ўз-ўзини тиклаш механизми ишга тушади. Соғлом уйқу иммунитетни оширади. Статистик маълумотларга кўра, иш ҳафтаси давомида меъёрида ухлаган одам сурункали касалликларга икки баробар камроқ чалинар экан. Шунингдек, уйқу чоғида организмнинг вегетатив функцияси барқарорлашади: қон босими, гормонал алмашинув ва қондаги қанд миқдори нормаллашади. Уйқусизлик  – 90 дан ортиқ касалликнинг чақирувчиси ҳисобланади.

 

Ухлаш учун танланган вақт ҳам уйқунинг фойдали жиҳатларини оширишда катта роль ўйнайди. Сабаби ухлаш чоғида жуда оз миқдордаги ёруғлик худди оркестр орқасида турган созанда мусиқанинг ёқимли бўлишида муҳим бўлганидек аҳамиятлидир. 

 

Тунги уйқунинг энг асосий фойдаларидан бири бу – мелатонин гормонидир. Бугунги кунда ушбу гормон устида кўплаб илмий изланишлар олиб борилмоқда ва мелатониннинг янги фойдали қирралари кашф этилмоқда. Чуқур ва қаттиқ уйқу вақтида инсон танасидаги барча аъзоларнинг фаолияти нормаллашади, кун давомида таранглашган мушаклар бўшашади, асаб тизими дам олади, мия кун давомида қабул қилган маълумотларни қайтадан таҳлил қилиб чиқади.

 

Умуман, бу вақтда организмдаги барча ўзгаришлар танани соғломлаштириш, қайта тиклаш ва ёшариш жараёнларига қаратилади. Шунинг учун инсон уйқудан сўнг ўзини бақувват ва соғлом ҳис қила бошлайди. Мелатонин, эндокрин безлари фаолиятини тартибга солади. Натижада аёллардаги гормонал фон нормаллашади, ҳайз вақти меъёрига келади, эркакларда жинсий гормонлар фаолияти тартибга солиниш орқали инсон организмида ёшариш жараёни юз беради. Мелатониннинг ёшартириш хусусияти ҳозирги замон косметологиясида катта эътиборга сазовор бўлди ва олимлар мелатонин моддасини ўсимликлардан ажратиб олиш ва косметик воситаларга қўшиш устида бош қотирмоқдалар.

 

Лекин сомнологларнинг фикрича кўп уйқу ҳам зарар экан!

 

Агар бир кунда 9-10 соатдан кўп ухласангиз, суткалик биоритм бузилади, организм тонуси пасаяди. Оқибатда, сурункали бош оғриғи, иштаҳа йўқолиши ва тушкунлик юзага келади.

 

Суннат амаллардан “қайлула” уйқуси эса айнан фойдали экани исботланди. Имом Шаъроний, тушликкача бўлган бир соатлик енгил уйқу бошқа вақтдаги 5-6 соатлик уйқудан фойдалироқ эканини таъкидлаган.

 

Америкалик физиолог Сара  Медник кундузги уйқунинг 130 талабанинг кўриш қобилиятига таъсирини текширди. Маълум бўлишича, кўриш реакцияси тезлиги (компьютерда ёзилган матнни илғаш вақти) тонгда 10 миллисекунд, кечки пайт  40 миллисекундни ташкил қилар экан. Лекин агар киши кундузи тушгача ухлаб олган бўлса, унинг кўриш рекцияси тезлиги худди тонгдаги каби бўлар экан. Тушгача уйқу 15 дақиқадан бир соатгача бўлса самарали бўлади.

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, меъёридан ортиқ уйқудан сўнг одам ўта асабий ёки аксинча,  ланж бўлиб қолади. Баъзида иш вақтида ёки айни иш кунининг ўртасида уйқу босади. Ўйлаймизки, ушбу ҳис ҳеч кимга бегона эмас. Англиялик олимларнинг аниқлашича, куннинг ярмидаги қисқа уйқу иш самарадорлигини оширади ва кишиларда диққатни жамлаш қобилиятини кучайтиради. Тушликкача вақтдаги 15 дақиқалик уйқу кун давомида тетик бўлишга хизмат қилар экан. 9 соатдан ортиқ уйқу ёки уйқусизлик мияни толиқтириб қўяди. Шунинг учун орада мияга дам бериш соғликни сақлашнинг энг асосий омилларидандир.

 

Қуйида сомнолог олимларнинг тунги уйқу самарасини ошириш борасидаги тадқиқотлари натижасида маълум бўлган қоидаларни санаб ўтамиз:

  1. Тунда уйқу вақтида тунчироқ, телевизор, компьютер, умуман ёруғлик тарқатувчи ҳар қандай техника воситасини ўчириб қўйинг.
  2. Агар ярим тунгача ишламоқчи бўлсангиз, ўтирган хонангиз ёруғлиги хирароқ бўлсин, биргина стол лампасининг ёруғлиги бутун хонага етади.
  3. Имкон қадар 22.00га қадар ухлашга ётинг. Чунки мелатонин гормони соат 00.00 дан 04.00 гача ишлаб чиқарилади. (Эслатиб ўтамиз: мелатонин чуқур уйқу вақтида ишлаб чиқарилади. Инсон ухлашга ётгач камида бир соатдан сўнггина чуқур уйқуга кетади).

 

Мана Қуръони карим ва суннат шарифда марҳамат қилинган тунги уйқу ҳикматини англадик. Энди келинг, Қуръони каримда уйқу борасида келган яна бир оятга эътибор қаратайлик.

 

“Уларни уйғоқ деб ўйлайсан, ҳолбуки, ухлаб ётурлар. Уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турурмиз. Итлари эса, остонада олд оёқларини чўзиб ётур. Гар уларни кўрсайдинг, ортга ўгирилиб қочар ва улардан қўрқинчга тўлар эдинг” (Каҳф сураси, 18).

 

Ушбу оят мажусий рим императоридан қочиб ғорга беркинган етти йигит “ғор эгалари” ҳақида. Улар ғорга беркинадилар ва Аллоҳ таолонинг марҳамати ила жуда узоқ муддатга ухлатиб қўйилади. Оятда “Уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турурмиз” иборасига аҳамият беринг. Ушбу лафзларнинг Илоҳий ҳикмати бугунги кунга келиб аён бўлди.

 

Маълум бўлишича, агар инсон ухлаганда узоқ вақт бир ҳолатда қимирламай ётса, у соғлиқ борасида ўта жиддий муаммоларга дуч келган бўлар эди. Негаки, қимирламай ётиш оқибатида, қон айланиши бузилади, мушаклар таранглашиб, увишиш бошланади, узоқроқ муддатда эса тананинг ҳаво етмаган қисмларида яралар пайдо бўлади. Халқимизда улар “ётоқ яра” дейилади.

 

Лекин Яратган Эгамиз барча нарсани ҳисоб-китоб қилиб, ҳаттоки бизнинг уйқумиз сокин ва оромбахш бўлиши ҳақида ҳам қайғуриб қўйган. У биз уйқудалигимизда, ҳушимиз ўзимизда эмас пайтда, танамиз бир ҳолатда қолиб шикастланмаслиги учун ёнбошимизга ўгириб туради. Ахир бир ҳолатда узоқ вақт қолиш танамизнинг босилиб қолган аъзоларидаги қон томирларнинг қисилишига ва оқибатда, томирдаги қон билан аъзоларимизга етиб борадиган кислороднинг танада айланмай қолишига сабаб бўлади. Оқибатда, энг аввало, терининг устки қавати ўлади. Ўша жойда яралар пайдо бўла бошлайди. Агар бу яраларга ўз вақтида қаралмаса, улар чуқурлашиб йиринглайди ва бутун танага ёйилади. Мабодо, ярага бирор бактерия ёки микроб тушса бу ҳатто, ўлимгача олиб бориши мумкин. Мана шундай яраларнинг пайдо бўлиши ва аъзоларнинг босим остида увишиб қолишининг олдини олиш учун ҳар 15 дақиқада тана ҳолатини ўзгартириш  мақсадга мувофиқ экан. Шунинг учун мустақил ҳаракатлана олмайдиган беморлар ҳар соатда у ёнбошдан бунисига ўгириб қўйилади.

 

Инсон уйқусининг ҳикмати фанга яқиндагина маълум бўлди. Лекин Аллоҳ таоло буни 14 аср муқаддам Ўз марҳамати ила баён қилиб қўйган эди.

 

Қосимхон Бойханов тайёрлади

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218705
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98126
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47151
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45578
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24740