Тил мақоми – эл мақоми
21.10.2015 4662

    18 асрда Шарқ мамлакатлари, хусусан диёримизга сафар қилган француз сайёҳи Тавернье уч тил бу ерда кенг муомалада эканлигини айтиб, уларни шундай таърифлаган: форс тили – малоҳатли тил, шеърият ва бадиият тили, араб тили – маъно тили, “Қуръон” ва илм тили, туркий тил – сиёсат ва ҳарб тили. Бу фикрнинг ўзиёқ юртимизнинг тилларнинг бешиги бўлганини кўрсатади.
   Инсон 100 минг йиллардан буён барқарор тил воситасида мулоқот қилар экан. Имо-ишора ва товушлар, тўла шаклланмаган сўзлардан иборат тиллар эса 2 миллион йиллар илгари ишлатилган. Тил - инсон кашфиётлари орасида энг улкан натижалардан бири. Боиси, тараққиёт жараёнида инсоннинг энг катта эҳтиёжи мулоқот бўлиб келган.
    Тарихий манбааларда Қадимги Юнонистонда файласуфлар Горгия ва Платон давррларидан бошлаб тил инсонлар ўртасида уларнинг тажрибаларини ўртоқлашиш эҳтиёжи туфайли юзага келганлиги хусусида илк баҳс-мунозаралар бошлангани айтилади. Кейинчалик илм-фан тараққий топа бошлаган 18 асрда яшаган олим-файласуфлар Жан-Жак Руссо ҳамда Иммануил Кант ҳам тилнинг пайдо бўлиши юзасидан баҳслар олиб боришган. Хусусан, Руссо тил инсоннинг туйғуларини ифодалашга бўлган эҳтиёжи меваси деса, Кант тилнинг ақл-идрок ва тафаккур меваси эканлигини айтган. 20 асрнинг алломалари, хусусан тилшунос-олимлар Фердинанд де Соссюр, Ноам Хомский ҳамда Уильям Стоуки томонидан ҳам илмий қарашлар илгари сурилган сурилган.
     Илмий хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, жамики мавжудотлар орасида азиз қилиб яратилган инсон чақалоқлигидаёқ тил ёрдамида мулоқот қила олиши учун барча ақлий имкониятга эга бўлар экан.
    Ер юзида фойдаланилаётгани тахмин қилинган 5000 тадан 7000 мингтагача бўлган тиллар ҳам катта оилаларга бўлинади. Улардан энг йириги Ҳинд-Европа тиллари оиласидир. 16 асрда Ҳиндистонга борган европаликлар Ҳинд, хусусан санскрит тилининг Европанинг грек ва лотин тиллари билан ўхшашлигини аниқлашади. Мазкур оила 445 та тилни ўз ичига олган. Бугун инглиз, испан, португал, рус, хитой, араб ва ҳинд тиллари энг кўп сўзлашувчига эга тиллардир.
    Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади” дейилади. Ўзбек тили ўзининг шиддатини туркий тилдан, гўзаллигини форс тилидан, маърифати ва маънавиятини араб тилидан олган. Тилимизнинг бойлиги, бетакрор ва маъновийлиги қадим-қадимданоқ илм-фан ва адабиёт намояндаларининг ижодларида муҳим ўрин тутган. 14-15 асрларда бошқа тиллар соясида қолгандек туйилган, авом тили дея таҳқирланган қадимий турк тили улуғ мутафаккир Алишер Навоий саъй-ҳаракатлари билан яна ўз мавқеини тиклади. Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида шеърият ва бадиият тилига номуносиб деб қаралган тилимизнинг кенг имкониятлари, жозибаси ўта назокат билан шарҳланган. Алишер Навоий “Лисон-ут-тайр” достонида шундай ёзади:

 

Чунки топтим ул калом ичра камол,
Турк алфози била сурдум мақол...
Турк назмида чу мен тортиб қалам,
Айладим ул мамлакатни якқалам...

 

   Жаҳон адабиётининг энг сермаҳсул деб тан олинган адиби Шекспир, ўз навбатида Ғарб ёзувчи-шоирлари орасида энг кўп сўздан фойдаланган ижодкор ҳам ҳисобланади. www.opensourceshakespeare.org нашрининг маълумот беришича, унинг асарларида бир марта фойдаланилган сўзлар сони 28,829 тани ташкил қилади. Адабиётшунослар Алишер Навоий ўз асарларида бир маротаба фойдаланган сўзлар сони 60 мингдан ошиб кетар экан. Шу далилнинг ўзиёқ тилимизнинг бой имкониятларини исбот қилади. Алишер Навоий моҳир тилшунос ҳам бўлган. У ўзбек адабий тилида ёзган назмий ва насрий асарларида ўзбекча, арабча, форс-тожикча, юнонча-грекча, лотинча, ҳиндча, мўғулча, хитойча сўзлардан фойдаланган.
   Айни кунда ўзбек тилидан фойдаланадиганлар сони жаҳон миқёсида 40 миллионга яқин. 20 асрда истибдод тузумида ҳужжатлар ҳам, турмуш ва давлат тили ҳам рус тилида бўлгани, секин-аста ўзбек тилининг жамиятдаги мавқеига ўзининг таъсири ўтказаётган эди. Президентимиз ташаббуси билан ҳали собиқ тузум ҳукмрон бўлиб турган 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши истиқлолга эришиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлганди. Ватанимиз мустақилликка эришгач, она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.
    Бугун ўзбек тилида сўзлашувчи хорижий мамлакатлар фуқароларини кўриб, Ўзбек тилининг жаҳон миқёсида ўрганилишини эшитиб, тилимизнинг халқаро миқёсда обрўси ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бораётганидан фахрланамиз. 2015 йилнинг муҳим воқеаларидан бири Google қидирув тизимининг таржимонлик хизматида Ўзбек тилининг қўшилиши бўлди.
   Тилшунос олимларнинг илгари сураётган илмий ҳисоб-китобларида 2100 га келиб 21 аср бошида фойдаланилаётган тилларнинг 90 % игача йўқ бўлиб кетиш хавфи мавжудлиги айтилмоқда. Бунинг сабаби дуёнинг ягона тараққиёт занжирига боғланаётгани, географик масофалар тобора аҳамиятини йўқотиб, оммавий алоқаларнинг жуда яқинлашиши билан изоҳланган. Тилни йўқ қиладиган асосий омил эса халқнинг ўз тилига бўлган эътиборсизлиги ва бошқа ёт маданиятларга эргашиб кетишдир.
    Халқимизда “Тил мақоми – эл мақоми” деган нақл бор. Тилимизда яратилган бебаҳо асарлар унинг нуфузини белгилаб беради. Миллатнинг бу тирик хазинасини асраб-авайлаш ҳар бир авлоднинг энг катта саъй-ҳаракати бўлиши мақсадга мувофиқ. Модомики, ҳаётда ҳам, мулоқот воситалари орқали қилинган суҳбатларда ҳам ҳар бир сўзга масъулиятли эканмиз, фарзандларимизга ўзимизнинг тил имкониятларидан келиб чиқиб тарбия берар эканмиз, илм ўргатар эканмиз, Аллоҳ насиб қилса, Ўзбек тилининг умри барҳаёт бўлиб бораверади.


Шуҳрат Сатторов, журналист

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218611
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98106
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47139
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45552
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24734