Соғлом она ва бола – миллат иқболи
26.3.2016 5517

    Ҳар бир мамлакатнинг иқболини унинг эртасига бўлган муносабати белгилайди, деган гап бор. Чиндан ҳам шундай. Ўзбекистонда мустақилликдан сўнг миллат саломатлигига алоҳида эътибор қаратила бошлади. Айниқса, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёш авлод тарбияси борасида туб ислоҳотлар амалга оширила бошлади. 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб аталиши ана шу ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Миллатнинг эртасини белгиловчи она ва бола саломатлигига эътибор, ҳар қандай даврда улуғ масала.
  Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсатлари сабаб, бу борадаги муваффақиятларга кўпларнинг хаваси келмоқда. Энг замонавий стандартларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят ва туманлардаги филиаллари, тез тиббий ёрдам хизматлари кенг жорий этилди-ки, миллатимиз ворислари соғлом ва бақувват бўлиб туғилишлари ҳам улғайишлари учун кенг имконтиятлар яратилди.
    Аслида халқимизнинг ёш авлодга эътибори, узоқ ўтмишга бориб тақалади, яъни бу қонга синган қадрият, десак хато бўлмайди. Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз насл-насаб масаласига алоҳида эътибор қаратиб, давлат ишига тенг кўрганлари тарих китобларида қайд этилган.
    "Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантириш ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насли-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина, эл-юртга тўй-томоша бериб, келин туширдим". Бундан кўриниб турибди-ки, азал-азалдан насл саломатлиги муҳим ва давлат сиёсати даражасидаги масала. Чунки эртанинг тақдири ана шу келажак авлод қўлида бўлади.
     Муқаддас динимизда ҳам инсон саломатлиги масаласи энг аҳамиятлиларидан бири саналади. Айниқса, бола соғлиги, фарзанд саломатлигига алоҳида эътибор билан ёндошилади. Соғлом ҳаёт тарбияси бола туғилмасидан аввалроқ бошланади. Масалан, мусулмонларга маст қилувчи ичкиликлар, ақлга зарар берувчи турли-туман наркотик моддалар истеъмол қилишнинг ҳаром қилингани моҳиятида ҳам саломатлик масаласи ётибди
    Набий (алайҳиссалом): تخيروا لنطفكم яъни: “Туғилажак зурриётларингиз учун муносиб онани танланг”, деганларида тарбиянинг илк босқичига далолат қилган эдилар. Зеро, фарзанд асосий тарбияни онасидан олади. Шундай экан, онанинг маърифатли ва тарбияли, соғлом бўлиши айни муддаодир.
    Халқимизнинг келин ёки куёв танлашда етти пуштини, уруғ-аймоғини сўраб-суриштиришлари ҳам айнан шу диний қадриятлар замирида юзага келган. Бугун эса бу вақт чиғириғидан ўтган қадриятлар қонуний асосга эга бўлди.
     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида юртимизда 2004 йил 1 январдан эътиборан никоҳланувчи шахсларнинг руҳий, наркологик касалликлар, тери-таносил, сил касалликлари ва ОИВ/ОИТС хасталиги бўйича тиббий кўрикдан ўтиши тартиби йўлга қўйилди.
     Оила кодексининг 17-моддасида эса никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган. Шу асосда расмий никоҳдан ўтиш учун ариза бераётган ёшларга Тиббиёт бирлашмаларига йўлланма берилмоқда ва улар тўлиқ текширувдан ўтгач, никоҳи қайд этилмоқда. Бу юқорида таъкидланганидек, мақбул ва тўғри қарор. Чунки миллатнинг эртаси бугун турмуш қураётган ёшларнинг саломатлигига боғлиқ.
     Муқаддас динимиз саломатлик ва поклик жуда юқори даражага қўйгани ҳам бежиз эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “وَلَا تَقْرَبُوا الفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ} [الأنعام: 151].” Яъни: “Фаҳш-бузуқ ишларга яқинлашмангиз, уларнинг ошкорасига ҳам махфийсига ҳам!”.
     Фахш ва бузуқлик ботқоғига ботиш, ҳаё, иффат пардаларининг йиртилиши инсонни тубсиз чохга итаришини барчамиз яхши биламиз. ОИТС/ОИВ ва бошқа кўплаб касалликларнинг инсоният бошига солаётган кулфатини барчамиз кўриб-билиб турибмиз.
      2015 йилнинг 24 ноябрь куни БМТнинг ОИТСга қарши кураш бўйича дастурининг ҳисоботи эълон қилинди. Унда қайд этилишича, 2013 йил охирига бориб дунёда 36,9 миллион киши ОИВга чалинган ва ҳозирда таҳминан 37 миллион одам мазкур дарддан азоб чекмоқда. Айтиш керакки, кўплаб инсонлар айнан бетартиб турмуш ва носоғлом муҳит таъсирида бедаво дардга дучор бўлмоқда. Бундай касалликка чалинганлардан соғлом фарзандлар дунёга келмаслиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Чунки соғлом ота-онадан соғлом фарзандлар туғилади.
     Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларни “жаннат райҳонлари”, деб атаганлар. Уларнинг жаннат райҳонлари бўлиб етишишлари эса ўғил-қизларимизнинг чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб этиб тарбиялашга боғлиқ. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлар тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлайдиган инсонлардан қилсин, уларни Ватанга, халқимизга, динимизга муносиб кишилар қилиб тарбиялашда тавфиқ ва ҳиммат ато этсин, фарзандларимизнинг икки дунё саодатига мушарраф айлаб, солиҳ мўминлардан бўлишларини насиб айласин.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217292
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24623