Шайтоннинг Одам алайҳиссаломга ҳасад қилиши
5.9.2016 7152

    Ҳасад иллати илк бор иблисда намоён бўлади. У Одам алайҳиссаломга ҳасад қилди. Сабаби Аллоҳ таоло Одамни халифалик учун танлаб олди, фаришталарни унга сажда қилишга буюрди. Шунда иблисда ҳасад олови аланга олди, Одамга сажда қилишдан бош тортди. Оқибатда лаънатга учради. Аллоҳ таоло унинг исёнига жазо сифатида иблисни ҳар қандай яхишиликдан умидини узган, лаънатланган шайтонга айлантирди. Иблис ҳасад ва кибр туфайли жаннатдан қувилди. Бу ҳақида Қуръони каримда маълумотлар келган. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг дейишимиз билан улар сажда қилдилар, фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди” (Бақара сураси, 34-оят). 
     “Сажда” сўзи луғатда “бўйин эгиш, ўзини паст олиш”, шаръий истилоҳда эса “ибодат қилишни ниятида пешонани ерга қўйиш” маъноларини англатади . Уламолар Аллоҳ таолонинг фаришталарга буюрган саждаси қандай бўлганлиги тўғрисида бир неча қавлларни келтириб ўтадилар, уларнинг кўпчилиги: “Ояти каримада кўзга тутилган сажда луғатдаги маънога мос келади” деган фикрни билдирадилар. Яъни: Фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга сажда қилишларидан мурод, унинг фазлини иқрор этиш, унга таъзим билдиришдир. Бу саждадан мақсад, ибодат ниятидаги пешонани ерга қўйиш эмас, чунки Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилиш ширк амалдир, фаришталар ширкдан йироқдирлар. Аллоҳнинг фаришталарни Одам алайҳиссаломга сажда қилишга амр қилишидан яна бир мақсад, уларни синаш ва яхшидан ёмонни ажратиш эди. Бу нарсани Аллоҳнинг ҳикмати тақазо қилди. Буни ушбу оятда кўришимиз мумкин: “Улар саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди”. Яъни: Эй, оқил инсон! Ўзингга ваъз-насиҳат ва ибрат олиш учун Раббинг фаришталарга: “Одамга, Унга таъзим ва икром келтириш учун сажда қилинг” деганини эсла. Барча фаришталар Аллоҳнинг амрига бўйсундилар, илло иблис такаббурлик ва ғурур билан бу амрдан бош тортди. Бунинг сабаби Аллох таолонинг неъматларига шукр қилмаслик эди. Натижада осийлардан бўлиб, Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирилди. 
      Аъроф сурасилда иблисни Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан тўсган нарса баён этилади: “Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади. (Аллоҳ) деди: “Мен сенга буюрган пайтимда сени сажда қилишдан нима тўсди?”. “Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”, деди у. (Аллоҳ) деди: “У ҳолда ундан тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!”. “Менга улар тириладиган кунгача муҳлат бер”, деди у. (Аллоҳ) деди: “Сен муҳлат берилганлардансан”. У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздираман) ва уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида тополмайсан”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз билан тўлдирурман” (Аъроф сураси, 11-18-оятлар). Яъни: Биз оталарингиз Одамни бирон суратга эга бўлмаган ҳолида лойдан яратдик, сўнгра унга сурат бердик. 
      Ёки: Биз сизларни оталарингиз Одамнинг белида яратдик ва сизлардан Аллоҳ таолога ибодат қилишларингиз ва Унга бирон нарсани ширк келтирмаслигингиз тўғрисида мийсоқни олаётган пайтимизда сизларга сурат бердик. “Сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади”. Сўнгра Аллоҳ иблисни сажда қилишдан тўсган сабабларни баён қилади: (Аллоҳ) деди: “Мен сенга буюрганимда сени сажда қилишдан нима тўсди?” Яъни: Аллоҳ таоло иблисга танбеҳ ва маломат маъносида: Мен сени фаришталар билан бирга сажда қилишга буюрган бўлсам-да, сени ундан нима тўсди ёки сени сажда қилмасликка нима ундади. Сўнгра иблиснинг жавоби келтирилади: “Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”. Яъни: иблис тавба қилиб, ўз ишига афсусланиш ўрнига, Аллоҳ таолога маъсият қилишда давом этиб, ғурур ва манманлик билан: Мен ундан яхшироқман, чунки мен оловдан яратилганман, у эса оддийгина лой унсуридан яратилган, деди. Сўнгра Аллоҳ таоло деди: “У ҳолда ундан тушгин!” Яъни Менга, Менинг амримга исён қилганинг, тоатимдан бўйин товлаганинг сабабли жаннатдан чиқ… “Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас”, яъни: жаннатда манманлик қилиш дуруст эмас, чунки у ер мутакаббирлар учун тайёрланмаган. Зеро у Менинг тоатимга итоат этувчилар, камтарин зотларнинг маконидир. “Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!” Яъни: эй иблис, жаннатдан чиқ, сен Аллоҳ ва Унинг суюкли бандалари наздида хор бўлгувчилардансан, бунга сабаб сенинг мутакаббирлигинг ва ғурурингдир.  Сўнг иблиснинг Аллоҳ таолодан нима талаб қилгани ва унга қандай жавоб қайтаргани баён этилади: У (иблис): “Менга улар тириладиган кунгача муҳлат бер”, деди. Яъни: иблис айтди: Эй Раббим, менинг ажалимни кечиктир, мени Одам ва унинг зурриёти қабрларидан тириладиган кун (қиёмат куни)гача ўлдирмай тур. 

     Иблис бу билан ўлимдан қутулишни ва қиёматгача Одам болаларини йўлдан оздиришни хоҳлаган эди. (Аллоҳ) айтди: “Сен муҳлат берилганлардансан”. Яъни: Аллоҳ таоло иблисга маълум вақт (қиёмат куни)гача унинг ажали кечиктирилганлигини айтмоқда. 
      Кейин, иблиснинг Одам ва унинг зурриётини йўлдан оздириб, макр-ҳийла ишлатишга ва уларга озор бериш учун ваъда берганлиги ҳикоя қилинади: У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни кутиб ўтирурман”. Яъни: мени йўлдан оздирганинг ва Ўз раҳматингдан узоқлаштирганинг сабабли Одам ва унинг зурриётини ҳақ йўлда кузатиб тураман ва уларни ундан тўсаман. Уларни тўғри йўлдан адаштириш учун ҳар бир воситани ишга соламан. “Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздираман)”. Яъни, уларга душман ўз рақибига ҳужум қилиши мумкин бўлган тўрт томондан: олд, орқа, чап ва ўнг томондан яқинлашаман, уларни Сенинг тўғри йўлингдан адаштирмай қўймайман. Оқибатда “уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида тополмайсан”. Яъни, уларнинг аксарият қисмини амрингга бўйсунмаган ва берган неъматларингга шукр қилмаган ҳолларида кўрасан. (Аллоҳ) айтди: “Ундан жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ!” Яъни: Аллоҳ таоло иблисга: “Жаннатдан маломат қилинган, таҳқирланган ва раҳматимдан қувилган ҳолингда чиқ!” – деди. “Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз билан тўлдирурман”. Яъни: жаннатдан ҳайдалган ҳолингда чиқ ва шуни билки, жин ва инс тоифасидаги кимки сенга эргашса, уларнинг ҳам сенинг ҳам борар жойинг жаҳаннам бўлади. У нақадар ёмон жой! 
      Ҳижр сурасининг 28-43-оятларида бу қиссани тўлдириб келувчи оятлар мавжуд. Унда иблис содиқ, ихлосли мўминларни тўғри йўлдан чалғита олмаслигини эътироф этган. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Раббингиз фаришталарга: “Мен (асли) қора балчиқдан (олиб), қуритилган лойдан инсон Яратувчиман. Бас, уни тиклаб, ичига, Ўз (даргоҳимдаги) руҳимдан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!” деди. Барча фаришталар унга сажда қилдилар. Фақат иблис сажда қилувчилар билан бўлишдан бош тортди. (Аллоҳ) деди: “Эй иблис, сенга не бўлдики сажда қилгувчилар билан бирга бўлмадинг?”. (У) айтди: “Мен қора балчиқдан олиниб, (одам сурати берилгач), қуритилган лойдан Сен яратган башарга сажда қилувчи эмасман”. (Аллоҳ) деди: “Бас, ундан (жаннатдан) чиқ! Энди сен қувилган малъунсан”, яъни, Менинг раҳматимдан узоқлаштирилгансан ва “То жазо кунигача сенга лаънат бўлур”. Яъни, жазо ва ҳисоб куни бўлмиш қиёматгача сенга лаънатим давомий бўлади. Шунда иблис: эй Раббим, менга улар тириладиган кунгача муҳлат бер, менинг жонимни олмай тур, деди. Аллоҳ: “Сенга муҳлат берилди”, деб айтди. Бунга “шукр” сифатида иблис шундай деди: Энди мени йўлдан оздирганинг сабаб, мен уларнинг барчасини йўлдан адаштираман, уларга ер юзида гуноҳ-маъсиятларни зийнатлаб кўрсатаман, илло булар ичида содиқ, мухлис бандаларинггагина бас кела олмасман, чунки уларнинг иймонлари, Сенга бўлган ишончлари кучли. Шунда Аллоҳ деди: “Менинг зиммамдаги тўғри йўл шудир”. Яъни: эй иблис, мухлис бандаларимни йўлдан оздира олмаслигинг Менинг ҳикматим, адолатим ва раҳматимдир. “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай ҳукмронлик йўқдир”, яъни: Менинг ихлосли бандаларимни тўғри йўлда чалғитишга қудратинг етмайди. “Илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)”. Яъни: лекин, фақатгина адашиб, сенга эргашган одамлар орасидаги имони заиф бўлган кимсаларнигина тўғри йўлдан оздира олурсан. “Уларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой жаҳаннамдир”. Яъни, иблис ва унга эргашган, тўғри йўлдан чалғиганларнинг борар жойи жаҳаннамдир. 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 219038
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98193
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47204
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45705
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24759