Нафъинг агар халққа бешакдурур...
9.2.2017 6024

   Одоб-ахлоқ, инсоний фазилатлар, халқ манфаати билан боғлиқ қарашлар Алишер Навоий ижодида ўзига хос фалсафага, таъбир жоиз бўлса, фундаментал асосга эга яхлит концепцияга айланган.
   Улуғ мутафаккир асарларини варақлар эканмиз, ҳар сафар бизни ҳайратга соладиган тушунчалар, ғоялар ва ифодаларга дуч келамиз. Бу ул зотнинг ижоди нечоғли серқатламлилиги ва маъно товланишларига эга эканидан далолатдир. Унинг деярли барча асарларида эзгулик, саховат, ҳиммат, инсофу адолат, сабру қаноат каби ахлоқий хислатлар мадҳ этилади. Ҳасад, ёвузлик, адоват, бахиллик, хасислик, таъмагирлик, ёлғончилик, дунёга ҳирс қўйиш каби иллатлар қораланади. Ул зот инсонни камолот сари интилишга чорлайди, умр абадий эмаслигига бот-бот ишора қилади ва шу боис ҳеч бир инсон ўз ҳаётида пушаймон бўлмаслик учун эзгу ишларни амалга ошириши лозимлигини уқтиради.
   Улуғ мутафаккирнинг жаҳон маданияти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган ўлмас асарларида буюк келажак, порлоқ ҳаёт билан боғлиқ олижаноб фикрлар олға сурилган. Шу боис, Навоий асарлари ҳам макон, ҳам замон билан доимо ҳамоҳанг, ички мутаносибликка эгадир. Шоир комил инсоннинг олий вазифаси ҳақида шундай деб ёзган:

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

   Навоий ижоди ҳаётга муҳаббат, инсоннинг миллатидан, ирқидан ва диний мансублигидан қатъи назар, унинг қадр-қимматини улуғлаш, халқлар ўртасида дўстлик, биродарлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу ғоялар билан суғорилган. Турли минтақаларда жанжалу можаролар рўй бераётган бугунги кунда буюк Навоийнинг безавол ўгитлари ғоят долзарб аҳамиятга эга:

 

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, 


Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

 

    Шоир ўз асарларида халқ манфаатлари учун қайғуриш, бунёдкорлик, юртни обод этиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Алишер Навоий инсонларни ҳалол ҳунар воситасида турмуш кечиришга ундар экан, бировга қарам ва боқиманда бўлишдан кескин қайтаради. Ҳатто ўзганинг ганж – хазина беришидан кўра пешона тери билан бир дирҳам топиш аълороқ деб ҳисоблайди:

Бир дирам олмоқ чекибон дастранж,

Яхшироқ андинки биров берса ганж.

    Шоирнинг “Назм ул-жавоҳир” асаридан ўрин олган рубоийларидан бирида ўз касбига эга бўлган инсон доимо зарга эга бўлади, унинг икки қўли ҳалол ризқ топишда қийналмайди, ҳунарсиз инсон ҳамиша ранж чекади, чунки ҳунар инсоннинг қўлидаги ганж эрур, деган файласуфона фикр берилади:

 

Косиб кунжи кафи зар олғинчи эрур,

Икки қўли мезони дирамсанжи эрур,

Ким бўлса ҳунарсиз иши – ўқ ранжи эрур,

Бу важҳ илаким, ҳунари ганжи эрур.

     Буюк шоир ҳамиша эл-юрт учун қайғурган, буни ўз ижодида акс эттириш билан бирга амалда ҳам намоён этган. Алишер Навоийнинг “Вақфия” асари шоирнинг ижтимоий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ёритишга бағишланган. Унда шоир ўзининг умри давомида амалга оширган турли ободонлаштириш, хайр-эҳсон ишларига тўхталади.
   Алишер Навоий ўз асарларида юксак инсонпарварлик ғояларини тарғиб этган. Бу асарлар ҳамон аҳли дунёни лол қолдирмоқда, чунки шоирнинг ҳаётида унинг ёзганлари яққол акс этиб туради. У кишининг айтган сўзи ва қилган ишида фарқ бўлмаган. Эътиқоди ва ҳаёт тарзи ўртасида тафовут бўлмагани учун ҳам биз ҳамиша у зотдан ҳайратдамиз. Ғарбда “Даҳоларнинг гуноҳларини кечириш мумкин”, деган тушунча бор. Лекин Алишер Навоий учун ҳар қандай буюк шахс, буюк даҳо, аввало, Инсон боласи, у шу номга лойиқ бўлиши керак.
   “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги ўн учинчи мақолат одамларга булутдек фойда келтирувчи инсонлар ҳақидадир. Бунда шоир инсонларга наф келтириш ҳақида сўзлайди. Унга кўра одамларга яхшилик қилиш лозим, уларнинг оғирини енгиллаштириш, халқ манфаатлари ҳақида қайғуриш керак. Агар бирор кимсадан халққа манфаат етар экан, шу инсон бу манфаат аввало унинг ўзи учун кўпроқ фойда эканлигини, яхшилик албатта бирор кун улкан мукофот бўлиб, унинг ўзига қайтиб келишини билиши керак:

 

Нафъинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу нафъ ўзунга кўпракдурур.

 

    Агар манфаат етказишга имкон бўлмаса, яхши сўз айтишни одат қилиш лозимки, бу катта ишдир. Агар бунга ҳам эриша олмасанг, кўнглингни элга пайваста тут:

Сўз била нафъ ўлмаса эл пешаси,

Яхши керак кўнглида андешаси.

Кўнгли киши хушлуғидин хуш керак,

Нохуш агар бўлса, мушавваш керак.

    Яъни, сўз билан элга наф келтирма олмасанг, одамлар кўнглини тушунишга интил. Агар инсонлар хурсанд бўлса, сен ҳам хурсанд бўл, агар элга ранж етса, ғамхўр бўл.
   Юқоридагилардан маълум бўладики, жамият ва шахс ҳаётига қандай масала бўлмасин, унинг ечими ва ҳал этилишига доир қарашлар Алишер Навоий асарларида мавжуд. Бу ҳамиша ул зотнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга эҳтиёжманд эканимизни эслатиб туради.
   Халқимиз эрк булоғидан баҳраманд бўлиб яшаётган бугунги кунда буюк бобомизнинг орзулари амалга ошаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани, инсон манфаатлари ва аҳоли билан мулоқотга жамиятнинг ҳар бир бўғинида алоҳида эътибор қаратилаётгани, ёшлар камолоти учун жон куйдирилаётгани Алишер Навоий асарларидаги эзгу ғоялар безаволлигини, халқимиз ҳаётининг ажралмас бўлаги сифатида яшаб қолаверишини яна бир бор исботлайди.

 

Дилнавоз Юсупова,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217258
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24618