Мусибат ва имтиҳонларга сабр қилишнинг шартлари
21.9.2016 7995

Биринчи шарт. Мусибатнинг илк зарбасида сабр қилиш. Бу мусибатга сабр қилишнинг энг биринчи шартидир. Мусибат ҳақида хабар олган илк дақиқадаёқ сабр қилишингиз даркор. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир куни қабристондан ўтиб бораётганларида бир қабр устида йиғлаб фарёд қилаётган аёлни кўриб қолдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлга: “Эй Аллоҳнинг чўриси, Аллоҳга тақво қил, сабр қил”, дедилар. Аёл Расулуллоҳ (с.а.в.)ни танимасдан: “Сен нимани ҳам билардинг, ахир, менинг мусибатимни тотиб кўрмагансан-ку”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) кетдилар. Аёлга саҳобийлар у зотнинг Расулуллоҳ (с.а.в.) эканларини айтишди. Аёл Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйларига борди ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Мен сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир” , деб марҳамат қилдилар. Агар комил савобга эришишни хоҳласангиз, мусибатнинг илк дақиқасидаёқ сабр қилинг! Сизга етган нарсанинг мусибатлигини билишингиз билан сабр қилинг! Мусибатни сабр билан кутиб олинг! Билингки, мусибатлар қалблардаги тоғлардир, уларни осонликча суғириб ташлаш мумкин эмас. Лекин сабр сўзи ҳам шунчаки оғиздан чиқадиган арзимас сўз эмас. Унутманг: "...Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур" (Зумар, 10).
Иккинчи шарт мусбат келганда қуйидаги дуони ўқишдир: "Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз" (Бақара, 156). “Аллоҳим! Мусибатимга ажр бергин ва унинг ўрнини ундан ҳам яхшиси билан тўлдиргин!” . Бу дуоларни ёдлаб олинг! Бу дуолар фақат ўлим мусибати вақтида айтилмайди, балки ҳар бир мусибат вақтида айтса ҳам бўлади. Аллоҳ сизга ндан ҳам яхшисини ато қилади, буни унутманг! Ишонмаяпсизми?! Унда қуйидаги ҳикояга қулоқ солинг.
     Саҳобия Умму Салама (р.а.)нинг эри кимлигини биласизми? У зот Бадр жангида шаҳид бўлган саҳобий Абу Салама (р.а.)дир. Биламизки, Бадр жангида қатнашган саҳобийларнинг ҳурмати Ислом оламида жуда баланд ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) улар ҳақида: “Албатта, Аллоҳ Бадр аҳлини кўрди. Хоҳлаган амалингизни қилинг, чунки Аллоҳ сизларни мағфират қилди” , деганлар. Абу Салама (р.а.) ушбу жангда шаҳид бўлди. У кишининг аёли Умму Салама (р.а.): “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва шубҳасиз, Унга қайтажакмиз... Аллоҳим! Мусибатимга ажр бер, унинг ўрнини ундан ҳам яхшиси билан тўлдир!”, деб дуо қилди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Абу Салама (р.а.)дан ҳам яхшироқ одам бўлиши мумкинми?! Ахир, у зот саҳобий, Бадр жангида иштирок этган ва шу жангда ҳалок бўлган! Бу мартаба жуда озчиликка насиб қилган. Лекин Аллоҳ Умму Саламага ундан ҳам яхшисини берди! Расулуллоҳ (с.а.в.) Умму Салама (р.а.)га уйландилар! Шубҳасиз, Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Салама (р.а.)дан афзалдирлар. Сезиб турибман, бу дуога бўлган қизиқиш ва ишончингиз янада ортди. Бу дуони канда қилманг, тезда самарасини кўрасиз! Лекин бунинг учун иккита шарт бор. Бу шартлар нималигини биласизми? Биласиз! Бири мусибатга сабр қилиш бўлса, иккинчиси дуоингизнинг ижобат бўлишига ишончингиздир.
Учинчи шарт – чиройли сабр. Демак, мусибатларга сабр қилишнинг охирги шарти норозилик ва хафа бўлмасдан сабр қилишдир. Инсонларнинг айбини Аллоҳга айтиб шикоят қиласизми?! Аллоҳнинг қадарига рози эмасмисиз?! Тўғри, хаста бўлсангиз, шифокорга учраб, дардингизни айтасиз, каттароқ муаммога йўлиқсангиз, яқин дўстингиздан маслаҳат сўраб мурожаат қиласиз... Булар шикоятга кирмайди, бу ниятингизга боғлиқ. Лекин Аллоҳга шикоят қилиш ва Унинг қадаридан норози бўлишдан сақланинг!
     Ҳозирги кунда энг кўп тарқалган муаммолардан бири оила билан боғлиқ. Қуйида бунинг муолажаси ҳақида сўзлашамиз. Аксариятимиз ҳақиқий оилавий бахт муҳитидан бебаҳрамиз. Расулуллоҳ (с.а.в.) хусусан, эркакларга шундай кўрсатма берганлар: “Мўмин мўминанинг бирор хулқини ёқтирмаса ва бу хулқ бошқаларга ёқса, ундан нафратланишга ҳаққи йўқ” . Дарҳақиқат, жуда ҳам гўзал кўрсатма! Аёлингизнинг ҳамма хислатлари ҳам бирдек эмас, балки унда сиз ёқтирмаган ва ёқтирган сифатлар бор. Сизга ёқмаган хулқларидан ғазабланманг. Лекин кўпчилик бунга амал қилмайди. Бу жамиятда энг кўп тарқалган муаммолардан саналади. Баъзи инсонлар: “Хотиним билан ажрашмоқчиман” ёки “Хотиним билан ортиқ яшай олмайман”, деган шикоятларни қилиб қоладилар. Сабабини сўрасангиз: “Ҳеч қандай сабаб йўқ, ёқтирмай қолдим, бошқасига уйланмоқчиман, хотинимнинг айрим ишлари ғазабимни келтиради”, деб жавоб беради. Уйланмаган ёшлар бу гапларнинг маъносини унчалик жиддий қабул қилишмайди. Лекин бу ҳозирда мавжуд муаммодир. Мен бундай эрларга қуйидаги оятни ўқиб берган бўлардим: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19). Эрларга насиҳатим шуки, аёлингизга сабр қилинг. Аёлингизнинг сизга ёқадиган яхши жиҳатларига қаранг ва уларни ривожлантиринг ҳамда ёмонларини ислоҳ қилишга ҳаракат қилинг. Унутманг, биз башармиз, фаришта эмас. Инсоннинг яхшиликлари ёмонликларини эслатиб туради.
      Амалий тадбиқотлардан яна бири шуки, кўпчилик инсонлар мусибатларга сабр қиладилар-у неъматларга сабр қила олмайдилар. Саҳобалардан бири шундай деган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга қийинчиликлар билан имтиҳон қилиндик ва сабр қилдик, сўнг хурсандчилик билан имтиҳон қилиндик, сабр қила олмадик”. Субҳаналлоҳ!! Айрим ёшлар ҳаётий қиқинчиликларга бардош беришади, лекин Аллоҳ уларга неъматларини ёғдириб қўйса, маъсиятга берилиб кетишади. Юсуф (а.с.)нинг вазирлик ҳолатидаги имтиҳони зиндондагидан кўра қийинроқдир. Огоҳ бўлинг! Яхшилик ва хурсандчилик синови яширин бўлади, кўзга кўринмайди. Сиз бу неъматларни сабрга муҳтож деб ўйламайсиз. Қийинчилик ва мусибатлар эса ошкора ва аниқ-равшан бўлади. Бу сабрнинг биринчи турининг охридир.

 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғлининг “Жаннат калити” китобидан

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 219038
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98193
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47205
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45705
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24759