Мавлидни нишонлаш жоиз (ми?)
24.12.2015 4806

    Маълумки, аҳли илмлар мавлидни нишонлаш борасида қадимдан турли фикрларни айтишган. Баъзилар бунга қарши чиқишган. Бошқалар хурофотларни аралаштирмаган ҳолда мавлид ўтказишга рухсат берганлар. Мавлидни нишонлашга қарши бўлганлар, аввало бу ишнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган уч асрдан кейин пайдо бўлганини таъкидлашади. Қолаверса, улар баъзи мавлид маросимларида кузатиладиган турли хил бидъатларни рўкач қиладилар. Агар биз мавлиднинг моҳиятини англаб етсак, юқоридаги ҳар иккала шубҳага ўрин қолмайди. Маълумки, мавлидни нишонлашнинг асл сабаби саййидул башар, хотамул анбиё Муҳаммад алайҳис саломни эслаш, гўзал хулқ соҳиби бўлган зотнинг олийжаноб сийратларини ўрганиш, у кишининг раҳмдилликлари, жўмардликлари, юмшоқ табиатлари, камтарликлари, аҳли аёлларига меҳрибонликлари, кексаларни ҳурмат, кичикларни иззат қилишлари каби барча одобларидан ўрнак олиб, ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Ахир, солиҳ салафлар яшаган даврда Пайғамбар алайҳис-салом йилда бор йўғи бир ой эсланмаганлар. Зеро, уларнинг ҳар кунлари Пайғамбар зикри билан ўтган. Набий алайҳис салом уларнинг ҳаётлари яшаганлар. Зотан, Пайғамбар алайҳис саломнинг мақому мартабалари бир йилда бор-йўғи бир мартагина эслашдан юқори туради. Кейинчалик омма мусулмонлар суннатдан юз ўгира бошлаган даврларда Ирбил шаҳрининг шоҳи Малик Музаффар яхши ниятлар билан мавлидни нишонлашни бошлаб берган.
     Ҳофиз Ибн Касир ўзининг “Тарих”ида мазкур ҳукмдорни жасоратли, олийжаноб, оқил, олим ва одил бўлган, деб мақтаган ва унинг ҳаққига "Аллоҳ раҳматига олсин!" дея дуо қилган. Айрим катта уламолар ҳам буни маъқуллаб, бидъати ҳасана қаторига киритишган.
     Бу ерда "бидъат" дейилар экан, мазкур сўзнинг луғавий маъноси назарда тутилган, холос. Ҳолбуки, истилоҳий маънодаги, ҳақиқий бидъатнинг яхшиси бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу таровеҳни жамоат билан ўқишни йўлга қўйгач, "Бу қандай яхши бидъат бўлди!" деган сўзларида ирода қилинган бидъатдир бу. (Ахир, таровеҳни ҳеч ким бидъат демайдику!) Аслида мавлидни моҳият эътибори билан суннати ҳасана дейилса, нур устига нур бўларди. Чунки, унда Пайғамбар ёдга олинади, унинг сийрати ўрганилади. Қачон оламларга раҳмат қилиб юборилган бу зотнинг сийратлари ўрганиб, ибрат олинса, одамлар яхши томонга ўзгаради. У кишининг мулойим табиатлари, ҳатто ўзга дин вакилларига ҳам бағрикенгликлари, мўътадилликлари ўрганилса, билиб-билмай шафқатсиз ва ваҳший хаворижлар ва уларнинг давомчилари бўлмиш ИШИД, ал-Қоида каби террорчи тўдалар домига тушиб қолаётган илмсиз, меҳрсиз, етарлича илмга эга бўлмаган ёшларнинг адашиб қолиш ҳолати ҳам камаяди, иншааллоҳ. Зеро, ўтмишда ва бугунги кунда залолатга кетган ва кетаётган қайси тоифани олмайлик, адашишининг асл сабаби илмсизликка, Пайғамбарнинг гўзал хулқ-одобларини яхши билмасликка бориб тақалади. Биринчи бидъатни бошлаб берган хорижийлар жаҳолат туфайли адашиб кетганлари бунга ёрқин мисолдир.
     Усулул-фиқҳ илмида "усиз фарз битмайдиган нарса ҳам фарздир, усиз вожиб битмайдиган нарса ҳам вожибдир, усиз суннат битмайдиган нарса ҳам суннатдир", деган қоида бор. Мавлиднинг асл мақсади ҳам Суннатни танитиш. Демак, шу эътибордан мавлидни ҳам суннат дейиш жоиз бўлади, валлоҳу аълам.
      Шофеий мазҳабининг забардаст олимларидан Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний, у кишининг шогирди Саховий ва Жалолиддин Суютий каби катта уламолар турли бидъатлардан холи бўлиши шарти билан мавлидни нишонлаш жоизлигига фатво берганлар. Ҳофиз Суютий "Ҳуснул мақсид фий амалил мавлид" номли рисоласида шундай деган: "Менга "Рабиул аввал ойида мавлид ўтказишнинг шариат жиҳатидан ҳукми нима, яхшими, ёмонми, уни қилган одам савоб оладими ёки йўқ?" деган савол тушди. Менинг жавобим эса бундай: "Мавлид ўзи одамларнинг бирор жойга йиғилиб, муяссар бўлганча Қуръони каримдан тиловат қилиш ва Набий алайҳис саломнинг туғилиш вақтлари ва туғилаётганларида содир бўлган мўъжизаларга оид хабарларни ривоят қилиш ва ҳоказолардан иборат. Сўнгра уларга дастурхон ёзилиб, еб-ичиб, бошқа нарсани зиёда қилмасдан тарқаладилар. Бу иш – соҳиби савобга эга бўладиган – бидъати ҳасаналардан ҳисобланади. Зеро, бунда Набий алайҳис саломнинг қадрини улуғлаш, У зотнинг мавлиди шарифлари билан шодликни изҳор қилиш бор".
    Хуллас, мавлид суннатда асли бор. У ҳам бўлса Пайғамбарни таниш, оламларни раҳматга кўмган зотнинг таваллуд айёмлари билан шодланишдир. Бу эса динда матлуб ва мақталган ишлар сирасига киради. Бу амалнинг номи аҳамиятсиз. Баъзилар Пайғамбаримиз алайҳис-салом даврларида ва салафлар замонида мавлид деган нарсанинг ўзи бўлмаган, деб эътироз билдиришади. Модомики, номланмиш асли тўғри ва яхши нарса экан, номнинг нима аҳамияти бор?! Майли, номи сизга ёқмаса, шу номни олиб ташланг-у, амалнинг моҳиятига эътибор беринг!
     Энди, мавлидга тиш-тирноғи билан қаршилик қиладиганларнинг иккинчи важларига келсак. Улар мавлид маросимларида кузатиладиган айрим бидъат ва ножоиз амаллар борасидаги мулоҳазалар билдирадилар. Мазкур сабаблар туфайли, мавлидга кескин қарши чиқадиганларга айтамиз, “Сизнинг динни соф ҳолда сақлашга бўлган бу қадар жонкуярлигингиз таҳсинга сазовор. Бироқ бор эътиборингизни ўша бидъатларга қаратиб, уларни қилманг. Кейин қўшилиб қолган айрим бидъатлар туфайли бутун бошли амални йўққа чиқарманг. Зеро, бу иш бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдириш билан баробар. Ахир, қурган уйингизда айрим деразалар тархи нотўғри бўлиб қолган ёки айрим жиҳозлар ноқулай ўрнатилган бўлса, уйингизни тап-туги билан бузиб ташламайсизку, тўғрими?! Шундай экан, мавлидга аралашиб қолган айрим хурофотлар сабаб мавлидни умуман инкор қилиш тўғри эмас.

 

Алишер Султонхўжаев

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218709
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98126
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47152
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45580
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24740