Исломни қабул қилган америкаликлар ҳикояси (1-қисм)
30.4.2017 5135

Оила, омадли карьера, севимли иш, яқинлар билан ҳордиқ ва энг муҳими, атрофингни бахт ва қувонч ўраб тургани. Буларнинг барча Аллоҳнинг бизга берган марҳамати. Ана шундай марҳаматга эришган, исломни қабул қилган икки муслима Николь Куин ва Лиза Воглдир. АҚШнинг турли штатларида истиқомат қилувчи икки муслима аёл қандай мусулмон бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

Техаслик фотограф Николь Куин

«Менинг исмим Николь Куин, мен Луизиана штатида улғайганман. 8 ёшга тўлганимда оиламиз билан Техаснинг кичкина шаҳарчасига кўчиб келганмиз.

Оилам баптистлар черковига қатнарди ва дин борасидаги илк пойдевор айнан шу ерда қуйилган, десам хато бўлмайди. Ота-онам ўзларини ҳур фикрлилар деб билишар, Худога ишонишар, кўпчилик америкаликларга ўхшаб Худо розилиги учун яшашарди. Менинг бувим ва бувам жуда тақводор одамлар эди ва айнан улар қалбимдаги эътиқодни шакллантиришган.

Кейинроқ, мен улғайиб, Далласда профессионал фотограф бўлдим ва ишим асосан тунги клубларда кечарди. Оқшом зиёфатларида машҳур одамлар, спортчилар ҳаётини суратга олардим, папарацци билан шуғулланардим. Кундузи уйқуда, тунда иш.

Тўғриси, атрофимни бўшлиқ қуршаб олганга ўхшарди. Гўёки ундаги одамлар ҳаётимни вайрон қилишни мақсад қилган образларга ўхшарди. Мен доим хотиржамлик излардим, мақсад қидирардим. Бошқалар эса менинг ҳаётимни жуда бахтли деб ҳисоблашарди. Ваҳоланки, ўзим бундай ўйламасдим. Ўзимни топиш учун нозик бир фикр излардим...

Эсимда, ўша йилларда ҳам Худога эҳтиёжим борлигини доим ҳис қилганман. Мен Ислом ҳақида оз-моз билардим, бир неча мусулмон танишларим ҳам бор эди. Кўрдимки, улар бошқача одамлар. Улар спиртли ичимлик ичмасдилар, тунги клубларга бормасдилар ва умуман муносиб ҳаёт тарзига эга эдилар.

Бир кун тунда фотосессиядан сўнг мен бўлажак турмуш ўртоғим Ҳасанни учратиб қолдим. Ўша пайтда у ҳам ўзлигини қидираётган мен каби ҳаловат шайдоси эди. У мусулмон эди ва ўз динига муносиб инсон бўлишни истарди. Биз ҳаётнинг маъноси ҳақида кўп гаплашардик.

Ҳасан бир куни менга ислом ҳақида гапириб, бу дин ҳақида кўпроқ билиш мақсадида дарсга таклиф қилди. Кўрдимки, мен билган мусулмонлар, бошқалардан фарқли равишда, ҳаёт ўз мақсадига эга одамлар эди. Мен Исломни ўрганишга киришдим, кўп ўқидим, Интернетдаги роликлар томоша қилдим.

Қанча кўп ўқиганим сари, айнан мен излаганим шу динда эканини ҳис қила бошладим. Мен ўзимга ўзим “Агар сен ўзинг учун муҳим бўлган нарсага эришмоқчи бўлсанг, бундай яшашни тўхтат”, дедим.

Мен Исломгача узоқ йўл юрдим. Ҳаётим худди америка горкаларидаги каби юқорилаш ва қулашлардан иборат эди. Ортга назар ташлаб, эътиқодимни ўзгартирганим нақадар тўғри бўлганини ҳис қиламан. Сабаби, мен жуда кўп ўргандим, эътиқодларни ўргандим, уларнинг моҳиятига кириб боришга ҳаракат қилдим ва охир-оқибат ўз динимни топдим.

2007 йилнинг апрел ойида Исломни қабул қилдим ва Шаҳодат калимасини келтирдим. Ҳаётим тубдан ўзгарди. Ҳасан билан турмуш қурдим. Агентлик очдим ва ҳозирда Далласда одамларнинг энг бахтиёр кунларини суратларга муҳрлаяпман. Икки нафар ажойиб фарзандим бор ва Аллоҳнинг марҳаматига чексиз шукрлар қиламан. Мен бахтлиман...»

   

    М.Мирзажонов тайёрлади

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217441
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24629