Ислом тамаддунида аёлларнинг ўрни
12.11.2015 3892

     Ислом тарихининг илк дамларидан то ҳозирги кунимизгача тамаддуннинг барча жабҳаларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган аёллар талайгина. Албатта, бу сафнинг аввалида нубувват хонадонининг хонимлари – мўмина оналаримиз турадилар. Зеро, уларнинг ҳаётлари ибрат олишга арзигулик.
    Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг завжаи мутоҳҳараларининг аввалгиси Хадича бинти Ҳувайлид (розияллоҳу анҳо)дир. Катта тожира бўлган Хадича (розияллоҳу анҳо) жуда бой, мулоҳазали, мурувватли аёл бўлган. Рисолат келган чоғда Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам маънан, ҳам молиявий кўмак берган, у зотга энг аввал ишонган инсон эди. У зоти кариманинг бу фидойиликларини Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муносиб тақдирлаганлар. Умрларининг охиригача Хадича (розияллоҳу анҳо) ҳақларида фақат мақтов гаплар айтганлар: “Албатта, менга Хадичанинг муҳаббати берилган”, дер ва зикр қилинганларида, ҳаққига истиғфор айтишдан чарчамас эдилар. Хадича (розияллоҳу анҳо) ҳақида: “Одамлар менга ишонмаганида, у менга имон келтирди. Инсонлар мени ёлғончи қилганларида, у мени ростгўйлигимни тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганларида, у молини мен учун сарф қилди. Аллоҳ таоло менга ундан фарзанд берди”, деганлар.
    Оиша (розияллоҳу анҳо)! У зоти шарифа Пайғамбар (алайҳиссалом)дан жуда кўп ҳадислар ривоят қилганлар. Аёлларга оид фиқҳий масалаларнинг аксарияти айнан Оиша (розияллоҳу анҳо) сабабли мукаммал тарзда Ислом умматига етиб келган. Ривоят қилган ҳадислари орқали энг нозик масалаларга ҳам ойдинлик киритилган. Қолаверса, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барча завжаи мутоҳҳаралари бу йўлда жонбозлик кўрсатганлар.
    Шу билан бир қаторда бошқа саҳоба ва тобеин аёллар ҳам Ислом илмларининг ривожига алоҳида ҳисса қўшганларини таъкидлаш лозим. Жумладан, Шифо бинти Абдуллоҳ Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) томонидан бозор назоратчиси ва бош­қарувчиси этиб тайинланган илк муслима эди.
     Амро бинти Абдурраҳмон кўзга кўринган олималардан бўлган. Фиқҳ ва ҳадис илми билимдони саналган бу тобеин аёл халифа Умар ибн Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) томонидан алоҳида эътироф этилган.
     Оиша бинти Саъд ибн Абу Ваққос ҳам фақиҳа ва олима эди. У моликий мазҳаби асосчиси – Имом Моликка дарс берган.
    Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) авлодидан бўлган Саййида Нафиса Ислом ҳуқуқшунослиги илмида тенгсиз эди. Ундан ҳатто Имом Шофеийнинг таҳсил олгани ривоят қилинади.
    Ислом билимларини мукаммал эгаллаган муслималардан яна бири дамашқлик Оиша бинти Муҳаммад ибн Абдулҳодийдир. Ундан илм ўрганган талабалар орасида машҳур муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам бор. Шунингдек, Дамашқ ва Қуддусда дарс берган Оиша бинти Муҳаммаддан халифа Абдуллоҳ ибн Марвон таҳсил олган. IX асрда яшаб ўтган олима Фотима ал Фаҳрия Марокашдаги энг қадимий илм даргоҳи ҳисобланган ал-Қараваиййинга асос солган. Ушбу илмгоҳ ҳозирги кунгача фаолият юритмоқда.
    Халифа Ҳорун ар-Рашиднинг рафиқаси Зубайда ҳам илм-маърифат ривожи йўлида тинимсиз изланган мўминалар сирасига киради. Катта меҳмонхоналар, сув омборлари қурдиришдек савобли амалларга бош-қош бўлган Зубайда ҳар жиҳатдан ўзининг фикрига эга салоҳиятли аёл эди.
    Таъкидлаш жоизки, ислом тамаддунида муносиб из қолдирган аёлларни яна кўплаб санашимиз мукин. Биз эса мақоламиз орқали уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтдик, холос. Айтмоқчи бўлганимиз, Ислом динининг илм-фанга қаратган эътибори, қолаверса, аёлларга кўрсатган алоҳида эҳтироми уммат ичида аёлларнинг ҳам илм билан шарафланиб, уларнинг салоҳиятининг муносиб баҳоланишига замин яратди.

 

Мадина ТУЛЕПОВА,
Тошкент ислом университети талабаси

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217175
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24613