Ислом бузғунчиликдан пок дин
1.4.2016 4086

     Муҳаммад Мустафо саллалоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини – тинчлик динидир. Бу номни Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўзлари танлаган эмас, балки, Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. "Ислом" сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Албатта, ислом тинчлик устига қурилгандир. Лекин, Ислом динини ниқоб қилиб, “мусулмонман” деб даъво қилаётган ёки айрим қўштирноқ ичидаги номлар остида бирлашиб, ер юзида аёвсиз фасод қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Юқорида берилган таърифга бу мутлақо зиддир.
     Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка - зулм қилмасликка чақиради: "Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир" (Бақара сураси,208-оят).
     Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хаттиҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир. У адолат ва раҳм-шафқат кўрсатиши, мусулмон ёки номусулмонлигидан қатъий назар, барча одамларга эзгулик улашиши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ҳамда ҳимоя қилиши, бошқаларни “ер юзида бузғунчилик” қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган: "Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди" (Бақара сураси, 205-оят).
     Умумлашган тушунчада террор дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган обектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг "бошқа томонда" бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни шундай огоҳлантиради: "Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди" (Моида сураси, 32-оят).
     "Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган" одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Мутлақо равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир. Парвардигорнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар қаттиқ хато қилган бўлар. Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Зеро, Қуръони каримда шундай дейилган: "Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди" (Юнус сураси, 81-оят ).
      Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло ўз бандаларини бузғунчилик қилмасликка қайта-қайта ўзини каломида буюрди. Лекин, айрим ўзларининг қабиҳ мақсадларини кўзловчилар Аллоҳ таолонинг каломини ўзлари хоҳлаганларича тафсир қилиб, ерда бузғунчилик, фисқу – фасодлар қилишдан тўхтамайдилар. Зеро, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг каломини ўз фикрича айтса, дўзахдан ўрин тайёрлабди”, - деганлар. Ислом дини мамлакатларда содир этилган ва минглаб бегуноҳ одамларнинг ҳалокатига ҳамда азоб-уқубатига сабабчи бўлган ваҳшиёна ва ғайриинсоний террорчилик ҳаракатларини кескин қоралайди.


Яшнарова Мафтуна
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг 2 курс талабаси 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218891
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98166
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47187
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45652
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24752