“Ҳақиқат”даъвоси ниқобидаги қора бўҳтонлар (ёхуд Ўзбекистондаги ибодатгоҳлар эшиклари ёпилмас)
9.4.2016 6327

   8 апрель куни Facebook ижтимоий тармоғида “Озодлик радиоси” саҳифаси орқали “Минор масжиди хонақоҳга сиғмаганлар учун ўз эшигини ёпди” сарлавҳали асоссиз, бўҳтон хабар тарқатилди. Ушбу хабарда 8 апрель куни жума намозини адо этиш учун Минор масжидига келган айрим намозхонлар на масжид биноси ва на ҳовлисига киритилмаганлиги, масжид дарвозалари намозхонлар юзига ëпилгач¸ жойнамоз билан келганлар ертўла ëки унинг ëн атрофида ибодат қилишга мажбур бўлганлиги ҳақида айтилди.

(Хабарни ушбу манзил орқали ўтиб ўқиш мумкин:

https://www.facebook.com/ozodlikradiosi/?fref=nf 

    Аслида шу куни мазкур жомеда жума намози қандай адо этилганлигига батафсил тўхталиб ўтсак:

   8-апрель жума куни соат 12:30 лардан бошлаб Тошкентда ёмғир ёға бошлади. Жума намозига тайёргарликни эрталабдан бошлайдиган масжид жамоаси шу куни масжид ҳовлисининг усти очиқ ҳовли саҳнига гилам тўшамай турган эди. Чунки эрталабдан ҳаво қуюқ булутли эди. Ҳовлининг икки четидаги ёпиқ устунли айвон қисмига гиламлар тўшалиб намозхонлар учун қулай шароит яратилди. Жума маърузаси бошланиши арафасида ёмғир ёға бошлади. Ёмғир сабабли ҳовлидаги гиламларга сиғмаган намозхонларни қулайлик учун ер тўладаги ибодат учун мўлжалланган жойга йўналтирилди. Таъкидлаш лозимки, катта хонақоҳ тагида деярли шу хонақоҳ сиғими билан тенг бўлган катта подвал жума ва ҳайит намозларида доимо ибодат қилувчилар учун муҳайё қилиб қўйилади.

   Хабардаги масжид эшигининг намозхонлар юзига, уларни масжидга киришдан тўсиш учун ёпилиши масаласидаги гаплар мутлақо асоссиз ва мантиқсиз. Чунки жума эрта тонгдан жума намози тугагунга қадар дарвоза ёпилмаганлигига минглаб намозхонлар гувоҳ. Буни масжидга ўрнатилган кузатув камералари ҳам тасдиқлайди.

   Шунингдек, хабарда "Минор" масжиди расмийлари билан боғланилгани айтилади. Бу эса очиқ туҳматдан бошқа нарса эмас. Ушбу масала юзасидан масжид имоми ёки ходимларидан бирор кишига мурожаат қилинмаган. Мана шу ҳолнинг ўзи ҳам хабар тарқатувчиларнинг ким эканлигидан далолат бериб турибди.

   Қизиқ, ўша хабарни етказган “намозхонлар” масжидга келган бўлсалар ва намоз ўқиб, иғво қилсалар уларнинг намози намозми? Агар иштирок этмай гапираётган бўлсалар, мунофиқдирлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ҳаж сурасининг 30 оятида:
فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْأَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ

   "Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!" дея таъкидлайди. Нажосат билан тенглаштирилаётган ёлғон албатта улкан гуноҳдир. Ёлғон, бўҳтон, уйдирма сўзларни тарқатгувчи кимсаларни икки дунёда хорлик, азоб кутиб туришини яхши биламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Эй тили билан имон келтириб, дилида имон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Ким уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолатда чиқаради», деганлар. ( Имом Аҳмад, Абу-Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган)

   Тарқатилган хабардаги яна бир жиҳат эътиборга молик. Маълумки, эълон қилинадиган бирор хабар ёки мақола воқеа жойи ва мазмунини ифода этувчи расм билан берилади. Юқорида келтирилган хабарга эса маълум вақтбахтсиз ҳодиса туфайли гумбаз ташқи плиталари кўчиб кетган ҳолатдаги Минор масжиди тасвири танланган. 2015 йилнинг октябр ойида кетма-кет ёғингарчиликлар натижасида гумбаз қисмидаги кичик бир кўчиш бартараф этилиб асл ҳолига қайтарилганига анча вақт ўтдику? Хўш бундай тасодифий кўнгилсиз ҳолатлардан дунёнинг қайси бир иншооти тўлиқ холи? Бўлиб ўтиб кетган ҳодисаларни ҳамон қўзғаб, овоза қилишдан мақсад нима? Демак, англанадики, бу ердаги мақсад фитна уйғотиш, Ватанимиз обрўси, "Минор" масжиди обрўсига интернет воситалари орқали жаҳонда путур етказишга уриниш, ғараз кайфиятни уйғотишдир.

   Албатта, юрт равнақи, мавқеини юртни ўзидан чиққан ватанфуруш белгилаб бермайди. Аллоҳга шукрки, Ўзбекистон дунёдаги ўз эътирофи, ўз нуфузини барча соҳалар қаторида маънавий-маърифий, диний бағрикенглик соҳадаги ибратли одимлари билан ҳам топиб бормоқда. Айнан Минор масжидининг ўзига сайёҳ келмаган, масжиддан илиқ таассуротлар билан қайтмаган кун йўқ. Юртошларимиз тугул, дунёнинг турли ҳудудларидан келган мусулмон сайёҳлари истаган вақтларида бу масканда ибодат қилмоқдалар.

   Албатта, ватанидан йироқларга яшириниб, каламуш мисоли панада писиб ётган кимсалар томонидан тарқатилаётган ёлғон, ўз тасдиғини топмаган хабарларни эшитиб бирор ишни амалга оширишлик пушаймонликка олиб келиши ҳақида Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ (سورة الحجرات/06 

яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб)кўрингиз!”. (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). 

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида юрган, ғийбат ва ёлғонлардан, нафсини ҳаромдан асраган солиҳ бандаларидан қилсин ва икки дунё саодатига мушарраф айласин!


Муҳаммадюсуф ХУШВАҚТОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходими

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217262
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24619