Ёш болали уй бекалари учун Рамазон ойини самарали ўтказишга оид маслаҳатлар
24.5.2018 3249

Аёллар учун

Рамазон меҳр-мурувват, хайру-саховат ойи. Рамазон қалбимиз, руҳимиз ва танамиз покланадиган ой. Рамазон ойи дуоларимиз ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан баҳраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар кўпайтириб бериладиган, фазилатли, барокатли ой. Мана шундай фазилатли ойда муслима аёлларимиз имкон қадар оила аъзоларига енгиллик яратишга, рўзадор яқинларини ширин-ширин таомлар билан сийлашга интиладилар.

Лекин, ҳали ёш фарзанди бўлган уй бекаларимиз учун бу вақтларда икки ҳисса куч ва тоқат зарур бўлади. Чунки, гўдак учун онанинг эътибори ҳафтада 7 кун, кунда 24 соат лозим бўлади. Оналаримиз учун эса ҳам фарзандларига эътибор қаратиш, оила аъзоларининг кўнглини олиш учун ошхонада куймаланиш, ҳам рўза тутиш ва албатта Рамазон ойининг савобидан баҳраманд бўлиб қолиш учун ибодатларни, Қуръон тиловатларини кўпайтириш вазифаси юкланади. Мана шундай шукуҳли ва фазилатли ойни ҳам фарзанд тарбияси, ҳам тоат-ибодатда самарали ўтказиш учун қуйида сиз азиз опа-сингилларимизга бир неча маслаҳатларни бериб ўтамиз.

  1. Ишларингизни аввалдан режалаштиринг. Рамазон ойида қилиб улгуришингиз керак бўлган ишларингизни аввалдан режалаштиринг. Энг аввало, гўдагингизнинг таомланиш вақтларини режалаштиринг. Тунги ва кундузги уйқу вақтларини режага солиб олишингиз эса, фарзандингиз уйқудалиги чоғида Қуръон тиловати ёки бошқа ибодатлар билан машғул бўлишингизга имкон беради. Рамазон ойида ёш болаларингизга одатдагидан кўра, кечроқ уйқуга ётишга рухсат беришингиз эса, тонгги саҳарликдан сўнг бир оз бўлса-да ибодат учун вақт ажратишингизга имконият туғдиради.

Яқинларингизни сийламоқчи бўлган таомларингиз рўйхатини бир-икки кун аввалдан режалаштириб олишинг. Фарзандингиз билан машғул бўлиб Қуръон ёдлаш ёки зикрлардан чалғиётган бўлсангиз, ёд олмоқчи бўлган оят ва зикрларингизни қоғозчаларга ёзиб энг кўп бўладиган маконингиз ошхона жавонларига ёпиштириб қўйинг ва йўл-йўлакай уларни ёд олинг.

  1. Ишларингиз режалаштирганингиздек бўлмаса, асабийлашманг! Албатта, биз гўдак қачон нимани исташини олдиндан била олмаймиз. Баъзан гўдагингизнинг инжиқликлари ортиб кун бўйи бола билан машғул бўлиб қолсангиз, гўдагингиз сабаб Қуръон ўқишга ва бошқа ибодатларингизни адо этишга вақт ажратолмасангиз диққат бўлманг, фарзандлари вояга етган яқинларинигизни хотиржамликда адо этаётган ибодатлари, Ҳатми Қуръонларини кўриб, ўзингизнинг улгура олмаётган ишларингиздан сиқилманг. Рамазон мусобақалашиш ойи эмас. Рамазонда энг муҳими Аллоҳнинг розилигига эришиш. Ёдингизда бўлсин: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади” (Имом Бухорий).

Шундай экан, ниятни ҳолис Аллоҳнинг розилигини топиш учун қилингки, балки шу ниятингиз сабаб қилаётган рўзғор ишларингиз ҳам улкан ажрлар билан мукофотланар.

  1. Доимо ибодатда бўлинг. Қандай қилиб дейсизми? Фарзандингиз сабаб Қуръон тиловатидан қолиб кетяпсизми, ёки нафл ибодаларини адо этиш учун вақт ажрата олмаяпсизми? Тилингиз доимо зикр ва дуода бўлсин. Зикр ва дуоларни юриб ҳам, рўзғор ишлари билан банд бўла туриб, ошхонада ҳам, ҳовлида ҳам такрорлаш мумкин (ҳожатхонадан ташқари).

Янги дуо ва зикрларни фарзандингизнинг хонасига ва ошхона жавонларига ёзиб илиб қўйинг ва тез-тез такрорланг. Зеро, зикр ва дуо билан тайёрланган таом баракали бўлади Иншаллоҳ. Фарзандингиз билан машғул пайтингизда ҳам зикрларингизни баландроқ товушда такрорлашингиз эса, гўдагингизнинг ҳам хотирасига ёзилишига сабаб бўлади. Чунки, гўдакнинг мияси худди сувдаги момиқ каби, эшитган ва кўрган нарсаларни ўзига сингдириб олади.

  1. Сифатга эътибор беринг, сонга эмас. Фарзандларингиз шовқини остида Қуръондан оятларни ёд олмоқчи бўлсангиз, сонга эмас сифатга эътибор беринг. Чунки, фикр бошқа нарса билан банд бўлиб юзаки ёдланган 10 та оятдан кўра, хотиржамликда мукаммал ёдланган 2 та оят самаралироқдир. Чунки, ҳам фарзандингизга, ҳам Қуръон ёд олишга улгуриш учун асабийлашиб, диққат бўлиб ёд олган оятларингиз тезда унутилиши мумкин. Ундан кўра, секин-асталик билан ёд олган оятларингизни кун давомида кўп такрорлаб мукаммал хотирага жойлагачгина, янгисини бошланг ана шунда ёд олган оят ва калималарингиз умрбод ёдингизда муҳрланиб қолажак. Иншааллоҳ!
  2. Таомномангизни соддалаштиринг! Рамазон бу нафсни дунёвий ҳаваслардан тийиш ойидир. Шундай экан, таомномангизни ҳам турли анвойи таомлар билан эмас, енгил ва тез тайёрланадиган таомлар билан бойитинг. Кун бўйи ошхонада куймаланиб улкан ажру мукофотлар ваъда қилинган ибодатлардан чалғиб қолманг. Оила аъзоларингиз ва фарзандларингиздан ҳам сизга ёрдам беришларини илтимос қилинг. Зеро, Рамазондаги ибодатларнинг ажру фазлидан баҳраманд бўлишга сиз ҳам ҳақлисиз. Турли анвойи таомларни эса Ҳайит айёмига сақлаб қўйинг, зеро бу билан турмуш ўртоғингизни ҳамда фарзандларингизни ҳақиқий байрам шукуҳини ҳис этишларига сабаб бўласиз.
  3. Фарзандингизни ўз вақтида таомлантиришни унутманг! “Мен рўзадорман, фарзандим ҳам таомланмайди” дея фикрлаш нотўғри. Чунки, оч қолган гўдак ўта инжиқ бўлиб қолади. Фарзандингизни ўз вақтида таомлантиришингиз ўзингиз учун ҳам енгиллик бўлади. Тўғри, рўзадор ҳолатда баъзан тушликка овқат тайёрлаш ёддан кўтарилиши мумкин, шунинг учун фарзандингиз учун бундай вақтларда тез тайёрланадиган егуликлар, мева ва сабзавотлардан ғамлаб қўйинг.

Зеро, қорни тўқ ва соғлом гўдак инжиқлик қилмайди. Сизнинг ҳам бир оз бўлса-да ором олишингизга ёки ибодат қилишингизга шароит яратилади.

  1. Рамазон шукуҳини фарзандингизга ҳам сездиринг! Фазилатли Рамазон ойини гўзал тарзда ўтказишга интилинг. Бундай муборак кунларда фарзандларингизни жеркиманг, уларга мулойим муомалада бўлинг. Рамазон ойи ҳақида уларга сўзлаб беринг. Рўзадорликнинг фазли ҳақида тушунчалар беринг. Ифторлик дастурхонини тузашда ёрдамлашишларига рухсат беринг. Зеро, тарбия оиладан бошланади. Иншооллоҳ, келажакда фарзандингиз ҳам Рамазон ойиини интиқлик билан кутиб уни гўзал тарзда ўтказишга одатланади.

Мана муслима опа-сингиларимиз, умид қиламизки, юқоридаги маслаҳатларимиз муборак Рамазон ойининг ҳар лаҳзасини баракотли,самарали ва гўзал тарзда ўтказишингизга оз бўлсада кўмак бўлади. Зеро, бутун оламлар Сарвари, Яратгувчи Аллоҳ онажонларимизнинг машаққатли меҳнатларини кўриб тургувчидир ва Иншааллоҳ буни улкан ажрлар билан мукофотлагай!

 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217120
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24608