ЭНГ ЯХШИ ҚЎШНИ
18.10.2017 4543

Динимизда ҳамжиҳат бўлиб яшаш тарғиб қилинади ва узлат қораланади. Инсон бу дунёда албатта биров билан қўшни бўлиб яшашга мажбур. Шундай экан, ҳар бир мўмин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда мақтаган энг яхши қўшни бўлишга уриниши керак.

 

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобларида ота-она, қавму қариндош ва фарзандлар билан олиб бориладиган муомала маданиятига оид боблардан кейин қўни-қўшнилар билан яхши муомалада бўлиш бобини келтирганлар. Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида, истайдими-йўқми, доимий равишда алоқада бўлиб турадиганлардан бири бу унинг қўшнисидир. Кишининг ҳаёти осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни билан кечадиган алоқаларга ҳам боғлиқ бўлади.

 

Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Нофеъ ибн Абдулҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

 

إِنَّ مِنْ سَعَادَةِ الْمُسْلِمِ الْمَسْكَنَ الْوَاسِعَ ، وَالْجَارَ الصَّالِحَ ، وَالْمَرْكَبَ الْهَنِيءَ

 

Мусулмоннинг уч нарсаси бўлса, унинг саодатидан далолат қилади: Кенг ҳовли, яхши қўшни ва қулай улов

 

Умуман олганда ҳар бир инсонни бу дунёда фароғатда яшашлиги учун турар жойи кенг бўлиши, яъни аҳли оиласининг барчаси сиғиши, шароитлари кенг ва яшаши қулай бўлиши билан белгиланади. Шу билан бирга қўшниси очиқ чеҳрали, аҳил-иноқ ва беозор бўлиши ва минадиган улови бўлса, чиройли, шинам ва камхарж бўлса бу мусулмонинг бахтидандир.

 

Ислом дини таълимотига кўра қўшничиликда миллатнинг, динининг ва насабнинг аҳамияти йўқ. Қўшни ким бўлишидан қатъий назар, уни ҳурмат қилиш, ҳаққига риоя қилиш вожиб, унга озор етказиш ҳаромдир. Демак, ҳар биримиз қўшниларимизга яхши муомалада бўлишимиз ва уларни ҳақларини адо этишда ўз масъулиятимизни ҳис қилишимиз зарур экан.

 

Имом Муслим келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

« لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لاَ يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ ».

 

Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, дедилар.

 

Барчамиз Аллоҳ таолонинг жаннатига кириш учун амал қилиб юрибмиз. Шундай экан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киши ўзининг қўшнисига озор бериб турган бўлса, жаннатга кирмайди деб огоҳлантириб турибдилар. Озор бериш ҳар қандай йўл билан бўлсин фарқи йўқ. Тили биланми, қўли биланми, қурган иморати биланми, уйидаги ҳайвони биланми, ўйинқароқ боласи биланми, хоҳ маънавий, хоҳ иқтисодий, хоҳ жисмоний бўлсин фарқи йўқ, қўшнига озор емаслиги керак.

 

Уламолар қўшнини учга бўлишган. Улар қуйидагилар:

  1. Битта ҳақи бор қўшни у энг ҳаққи оз қўшнидир.
  2. Иккита ҳаққи бор қўшни.
  3. Учта ҳаққи бор қўшни. Бу эса энг кўп ҳаққи бор қўшнидир.

 

Энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мусулмон бўлмаган қўшни.  Унинг қўшничилик ҳаққи бор холос.

 

Иккита ҳаққи бор қўшни эса у мусулмон қўшни. Унда қўшнилик ва мусулмонлик ҳаққи бор.

 

Учта ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қариндош қўшнидир. Унда мусулмонлик, қариндошлик ҳамда қўшничилик ҳаққлари бор.

 

Ҳасан Басрийдан инсонга кимлар қўшни бўла олади, деб сўралганда, «Олдидан қирқ ҳовли. Ортидан қирқта. Ўнгидан қирқта. Чапидан қирқта»,  деган экан.

 

Шариат нуқтаи назаридан, ўнг томондан, чап томондан, олд томондан ва орқа томондан қирқта хонадон қўшни ҳисобланар экан ва уларда қўшнилик ҳаққи бўлар экан.

 

Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

" وَاَللَّه لَا يُؤْمِن , وَاَللَّه لَا يُؤْمِن , وَاَللَّه لَا يُؤْمِن . قِيلَ : يَا رَسُول اللَّه , وَمَنْ هُوَ ؟ قَالَ : الَّذِي لَا يَأْمَن جَاره بَوَائِقه " .

 

 “Аллоҳ таолога қасамки мўмин эмас! Аллоҳ таолога қасамки мўмин эмас! Аллоҳ таолога қасамки мўмин эмас!” деганларида. Саҳобалар томонидан “ Ким мўмин эмас ё Расулуллоҳ? дедилар.” Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир,” дедилар.

 

Масалан: машинангизни қўшнингиз уйининг эшиги олдида қўйиб кетиш, уйингиздан чиққан ахлат идишларни унинг ховлисининг олдига қўйиш, уйингиздан чиқаётган чиқинди сувларни қўшнингизнинг ховлиси томон қаратиб қўйиш, қўшнингизнинг ховлиси кўриниб турадиган даражада уйингиздан дераза очиб қўйишингиз, қўшнингиз ухлаётган ёки дам олаётган пайтда болаларингизни шовқин-сурон кўтариб унга халақит беришлари, бирорта қўшиқ ёки мусиқани баланд овозда қўйиб, қўшнингиз халоватини бузишингиз, болаларингиз қўшнингизнинг болаларини уриб, ҳақорат қилиб, уларга азият беришлари каби кўринишлардаги азият ва зарарлардан сақланиш керак.

 

Аллоҳ барчамизга қўшничилик ҳақларига чиройли амал қилиб, энг яхши қўни деган ном билан қиёмат кунида тирилишимизни насиб айласин!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217571
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24643